Мақолалар

Боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш

Мусулмон хонадонида туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятларнинг бирида: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умма Сибён зарар етказа олмас”, дейилган. Умму Сибён болаларга зарар етказадиган жин тоифасидир.

Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимнинг фарзанди туғилса, ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтса, Умму Сибён зарар қилмайди”.

Аллоҳ таоло барчамизга салоҳиятли фарзандлар ато қилсин, Амин! 

 

Ойбек Маърупов

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси

305 марта ўқилди

Мақолалар

Top