Мақолалар

АЛЛОҲНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИДАН БИРИ – КОЛИБРИ

Ушбу расмда кўриб турганингиз колибри қушидир. Бу – қушлар оламидаги энг ноёб ва ғаройиб жонзотдир.

Уни ўрганган олимлар айтишича, ушбу қуш ўз жуфтини жалб қилиш учун қўққисдан юқоридан пастга шўнғишни амалга ошира олади. Бундай ҳаракат ҳавода бажариладиган энг тезкор манёвр бўлиб, у мана шундай тезликда манёвр қилиш бўйича қирувчи реактив самолёт ёки фазодан қайтиб, атмосфера қобиғига кираётган космик кема ҳаракатидан ҳам устун турар экан.  

Колибрилар Ер шарининг ғарбий қисмида, аниқроғи, Шимолий ва Жанубий Америкада, Аляскадан то Оловли Ер оролигача бўлган ҳудудларда яшайди.

Улар турли рангларда товланадиган чиройли қушлардир. Колибри ўзининг кескин пастга шўнғишлари, ерга тегишига оз қолганда тўхтаб, қанотларини ёзган ҳолда юқорига ҳаракатланиши билан машҳур. У бу ҳаракатларни жуфтига ёқиш учун бажаради.

Колибриларнинг 350 дан ортиқ тури бор. Уларнинг орасида узунлиги 22 сантиметрли Анд тоғларида яшовчи тури ҳам, узунлиги 5 сантиметр, вазни 1.8 грамм келадиган асалари катталигидаги колибри ҳам бор. Бундай кичик колибрилар тез-тез қурбақаларнинг озуқасига айланиб туради.

Баъзи колибрилар қанотини бир сонияда тахминан 80 мартагача, баъзилари 25 марта атрофида қоқади. Айрим турлари эса жуфтлашиш мавсумида қанотларини сониясига 200 мартагача қоқиши мумкин. Инсон бир сонияда қўлини бир марта қимирлатади. Агар у ҳам колибрига ўхшаб 80 та ёки 25 марта қимирлатадиган бўлса, қўли синиб, майдаланиб кетиши мумкин.

Колибрилар гуллар нектари, дарахтлар шираси, баъзи ўсимлик ва ҳашаротлар билан озиқланади. Уларнинг душмани бургут ва қарғалардир.

Колибри орқага ҳам уча олиши билан дунёдаги барча қушлардан ажралиб туради.

Колибриларнинг тумшуғи турлича: ингичка узун, бироз ёки кўпроқ пастга эгилган, қисқа ва жуда узун бўлади.

Уларнинг думи ҳам турли кўринишда бўлиб, баъзиларининг думи жуда узун ва шаклдор бўлади.

Ушбу кичик қушлар бир дақиқада 250 мартагача нафас олади.

Юраги эса бир дақиқада 480 мартагача уради. Тезкор ҳаракатлар чоғида юрак уриши тахминан 1260 мартагача етиши мумкин.

У ҳавода муаллақ туриб, қанотларини қоққан ва мувозанатни сақлаган ҳолда гул нектари билан озиқланади.

Инини майин шохлар, ўсимлик қолдиқларидан доира шаклида қуриб, уни ўргимчак уяси ипига қориштириб, мустаҳкамлаб чиқади. Натижада, қўйган тухуми ва полапонлари қаттиқ шохда эмас, юмшоқ инда униб-ўсишига эришилади.

Вертолётлар колибрилардан андоза олиб тайёрланган.

Хўш, колибрига ҳавода муаллақ туриб озиқланиш имконини ким берган?

Инини ўргимчак уяси ипига қориштириб, юмшоқ қилиб қуришни унга ким таълим берган?

Орқага учишни унга ким ўргатган?

Қанотларини бир сонияда бу қадар кўп қоқишни унга ким таълим берган?

Шунчалик кўп қанот қоқиш учун унга бу даражадаги қувватни ким ато этган?

Албатта, буларнинг барчасини унга Буюк Холиқ Аллоҳ таоло ато қилгандир!

У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَلَمْ يَرَوْاْ إِلَى الطَّيْرِ مُسَخَّرَاتٍ فِي جَوِّ السَّمَاء مَا يُمْسِكُهُنَّ إِلاَّ اللّهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

“Осмон бўшлиғидаги беминнат, бўйсундирилган қушларга қарамайдиларми? Уларни фақатгина Аллоҳ ушлаб туради, холос. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Наҳл сураси, 79-оят).

Аллоҳ таоло бизга яратган барча махлуқотлари ҳақида тафаккур қилиб боришимизни, Ўзига бўлган ихлосимиз, муҳаббатимиз янада зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3983 марта ўқилди

Мақолалар

Top