Мақолалар

Муҳаммад ибн Ҳанафий

Ҳазрати Алидан (илм) олиб,

 ундан энг кўп фойдаланган олим – Муҳаммад ибн Ҳанафийдир.

Ибн Жунайд

***

Муҳаммад ибн Ҳанафий билан акаси Ҳасан ибн Али орасида негадир гап қочиб, бир-биридан аразлаб юришди. Муҳаммад ибн Ҳанафий ота бир акаси Ҳасанга хат ёзиб, дилидаги гапларини очиқ-ошкора шундай баён этди: “Аллоҳ таоло мендан кўра сизни фазилатли қилди... Сизнинг онангиз Фотима Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизи, менинг онам Бани ҳанифалик оддий аёл, она томондан бобонгиз Расулуллоҳ алайҳиссалом бўлади, менинг она томондан бобом Жаъфар ибн Қайс. Агар сизга бу хатим етиб борса, олдимга келсангиз ва мен билан ярашсангиз, ҳар бир нарсада мендан кўра сизга афзаллик бўлади”.

Бу мактуб Ҳасанга етиб бориши билан укаси олдига шошилди ва гина-кудуратни унутиб, у билан ярашди. Бу моҳир, закий ва хушхулқли адиб Муҳаммад ибн Ҳанафий ким бўлди?

Келинг, унинг ҳаёт қиссасини аввалидан бошлай қолайлик.

***

Бу қисса Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётининг охирги вақтларига тўғри келади. Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом билан бирга ўтирганида: “Ё Расулаллоҳ, агар сиздан кейин ўғил фарзанд кўрсам, унга исмингизни қўйсам ва кунянгиз билан куняласам, нима дейсиз?” деб маслаҳат сўради. У зот бу гапдан қувониб рози бўлдилар.

Шундан кейин бирин-кетин кунлар ўтиб, сувлар оқди. Бу гап шу ҳолича қолиб кетди. Расулуллоҳ алайҳиссалом рафийқул аълога рихлат этдилар. Шундан бир неча ойлар ўтиб-ўтмай, Ҳасан ва Ҳусайннинг онаси Фотима ҳам у муборак зотга эргашиб, бу дунёни тарк этди.

Суюкли аёли вафотидан кейин Ҳазрати Али Бани ҳанифалик Жаъфар ибн Қайснинг қизи Хавлага уйланиб, уларга куёв бўлди.  Бу аёлдан ўғил фарзанд кўрди, Пайғамбаримиз ижозатларига кўра, унинг отини Муҳаммад деб атади ва Абул Қосим деган ном билан кунялади. Шунга қарамай, одамлар Ҳазрати Алининг бу хотиндан дунёга келган ўғлини Фотимаи Заҳродан туғилган икки ўғли Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн Ҳанафий деб аташда давом этди. Шу тариқа мана шу ном тарих саҳифаларига муҳрланди.

***

Муҳаммад ибн Ҳанафий Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларининг охирги пайтларида дунёга келди. У отаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бағрида ўсиб-улғайди, тарбияланди. У отасидан илм олди, ибодати ва зуҳдини ўзлаштирди. Ҳазрати Алидан айнан шу фарзандига бақувватлиги, қўрқмаслиги ва шижоати мерос бўлиб ўтди. Яна у отасидан фасоҳат ва балоғатни ҳам ўзлаштирди. Бу йигит жанг майдонларида ҳарбий маҳорати ва чапдастлиги билан довруқ қозониб, йиғин ва мажлисларда минбар “чавондози” бўлиб танилди. Тун борлиққа зулмат пардаларини ёйиб, кўзлар уйқуга кетган маҳалда кечанинг руҳбон – ибодат қилувчиларидан бирига айланди.   

***

Отаси ғайрат-шижоат билан киришган жангларга ана шу суюкли фарзандини ёнида бирга олиб борди, акалари Ҳасан ва Ҳусайн кўтара олмаган жанг оғирликлари ва машаққатлари шу ўғли зиммасига тушди. Керакли ўринда отасига найза ва баъзан қанот бўлди. Бир куни унга: “Отангга нима бўлдики, акаларинг Ҳасан ва Ҳусайнни қолдириб, нега сени ҳалокат сари бошлайди, сени қийинчиликларга мажбурлайди?”, деб қолишди. Бунга Муҳаммад ибн Ҳанафий фаҳм-фаросат билан шундай деб жавоб берди: “Бундай қилишларига сабаб шуки, акаларим отамнинг кўзлари ўрнида, мен отамнинг қўллари ўрнидаман. У киши қўллари билан кўзларини ҳимоя қилади”.

***

Али ибн Абу Толиб билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо ўртасида низо тегирмони айланган Сиффийн жангида Муҳаммад ибн Ҳанафий отасининг байроғини кўтариб майдонга кирди. Ҳарб тегирмони  ҳар икки тарафдан одамларини бешафқат янчиб ташларди. Буни ўз кўзи билан кўриб турган Муҳаммад ибн Ҳанафий шундай айтиб беради: Сиффийн жангида отам билан бирга эдим. Биз Муовия қўшини билан тўқнашдик. Жанг қилдик. Жанг қаттиқ ва аёвсиз кетаётганини кўриб: “Биздан ҳам, улардан ҳам ҳеч ким қолмаса керак”, деб қаттиқ қўрқувга тушдим. Шундан кейин озгина ўтмай, орқамдан бир кишининг: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, эй мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларга ёрдам берадиган ким бор, дин ва обрў-эътиборни ҳимоя этадиган ким бор, Рум ва Дайлам учун ким бор? Эй мусулмонлар жамоаси... Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар,  мусулмонларни қатл этманглар, эй мусулмонлр жамоаси”, деб қичқираётганидан қаттиқ таъсирландим. Шу кундан кейин бирон мусулмонга қиличимни асло кўтармасликка ичимда аҳд қилдим”.

***

Шундан кейин Али ризвонуллоҳи алайҳ золим жиноятчи қўли билан шаҳид қилинди (Абдураҳмон ибн Мулжам қўли). Халифалик бошқаруви Муовия ибн Абу Суфёнга ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафий бирдамликка дарз кетмаслиги, иттифоқни сақлаш, ислом ва мусулмонлар иззати учун байъат берди. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъат чинлиги ва сидқидилдан берилганини билиб, байъат соҳибига қаттиқ ишонч билдирди. Шунинг учун Муҳаммад ибн Ҳанафийни зиёрат қилишини сўраб ҳузурига чақириб турарди. Дамашқда бир неча марта ва аксар сабабсиз уни зиёрат қилди. 

***

Шулардан бири шундай бўлиб ўтди. Рум подшоҳи Муовияга хат жўнатиб унда: “Бизда подшоҳлар бир-бирларига одам жўнатиб, бир-бирларидаги ғаройиб нарсаларни туҳфа қилиб туради. Ўзаро мамлакатларидаги ажойиб нарсалар билан мусобақа уюштиради. Ўртамизда шундай ишларга рухсат берасизми?”, дейди.

Муовия бу иш маъқул эканини ёзиб юбориб, унга рухсат берди. Рум подшоҳи дарҳол ўзининг ажойиб ва забардаст йигитларидан иккисини Муовия ҳузурига  жўнатди: бирининг бўйи ҳаддан ортиқ узун, яна бири тенги йўқ бақувват. Бири ўрмонда тарвақайлаб ўсган дарахтга ёки қурилган баҳайбат иморатга ўхшарди. Иккинчиси қувватда тенги йўқ кучли, ёввойи ҳайвондек чайир ва эпчил эди. Шу иккови орқали бир хатни ҳам жўнатиб, унда шундай деган эди: “Мана шу икки одамимга мамлакатингда узун бўйда ва куч-қувватда тенг келадиган киши борми?”

Буни кутмаган Муовия тараддудга тушди ва олдига Амр ибн Осни чақириб маслаҳат ундан сўради:

– Узун одамига бас келадиган ва уни йўлда қолдирадиган одамимиз бор. Бунинг тенги Қайс ибн Саъд ибн Уъбода. Аммо бақуввати ҳақида фикрингга муҳтожман, – деди. 

Амр Муовияга:

– Бизда бу ишга муносиб икки киши бор. Лекин иккиси ҳам сизга рақиб бўлишган. Бири Муҳаммад ибн Ҳанафий ва яна бириси Абдуллоҳ ибн Зубайр, – деди.

Муовия унинг муддаосини тушуниб:

– Муҳаммад ибн Ҳанафий сўзимизни ерда қолдирмайди, – деди. 

Амр деди:

   – Лекин қадри улуғ ва обрў-эътибори юксак бўла туриб одамларнинг кўзи олдида румлик билан куч синашишга рози бўлади, деб ўйлайсизми? – деди. Шунда Муовия ўйланиб қолиб: 

– У бунга ва бундан кўпроғига ҳам рози бўлади. Агар шу ишда исломга азизликни кўрса, – деди тўлиқ ишонч билан.

***

Шундан кейин Муовия Қайс ибн Саъдни ва Муҳаммад ибн Ҳанафийни ҳузурига чақирди. Икки румлик иштирокидаги йиғин тугагач, Қайс ибн Саъд ўрнидан туриб, шалворини ечди-да, уни румликка ирғитиб, уни бир кийиб кўр-чи, дегандек ишора қилди. Румлик шалворни киймоқчи бўлиб, ичига кириб юқорига тортганда кўкрагига қадар ичига кириб кетди. Одамларнинг кулгусига қолиб, изза бўлди. Биринчи бас бойлашиш шу билан тугади. Мусулмонлар ғолиб бўлди.

Муҳаммад ибн Ҳанафий ўрнидан турди-да таржимонга қараб: “Румликка айт, агар ўтиришни хоҳласа, мен тик тураман.  Ё мен тик турай, ё у ўтирсин. Агар хоҳласа, у тик турсин, мен ўтириб куч синашайлик”, деди. Румликка ўтириб куч синашиш маъқул бўлди. Муҳаммад ибн Ҳанафий унинг қўлидан тутиб, кўтарганда румлик уни ўтирғизишга кучи етмади. Румлик норози ҳолда афти бужмайди. У бу курашдан қониқмай бошқадан куч синашишга ундаб, бу гал ўзи тик туриб, Муҳаммаднинг ўтиришини танлади. Муҳаммад қўли билан румликни ўзига қараб бир тортган эди, билаги елкасидан чиқиб кетаёзди ва ерга букчайиб олди. Икки румлик ҳам ўз мамлакатига мағлуб ва бош эгик ҳолда қайтишга мажбур бўлди.

   ***

Кунлар бирин-кетин ўтаверди. Муовия билан ўғли Язид ҳам Аллоҳнинг ҳузурига йўл олишди. Бани Умайянинг бошқаруви Абдумалик ибн Марвонга ўтди. У ўзини мусулмонларга халифа деб эълон қилди.  Шом аҳли Абдумалик ибн Марвонга, Ҳижоз ва Ироқ аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат берди. Бу иккиси ўзига байъат бермаганни байъатга ундаб, одамларга ўзининг халифа бўлишга лойиқ ва муносиб эканини даъво қила бошлади. Шу тариқа мусулмонлар сафига иккинчи марта дарз етди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Муҳаммад ибн Ҳанафийдан Ҳижоз аҳли байъат бергандек байъат беришини талаб қилди. Лекин у байъат берувчи зиммага кўп ҳақлар юклашини, унинг масъулияти ва жавобгарлиги борлигини яшириб ўтирмади. Шулардан бири ўзи байъат берган кишини деб қиличини қинидан чиқариш ва унинг рақиби билан урушишдир. Бунда байъат берувчига ижтиҳод этган мусулмонлардан бошқа душман йўқ. Улар  у байъат берган кишидан бошқасига байъат берганлар. Узоқ йиллар ўзи қатнашган жангдаги ҳазин, улуғвор ва дағал овоз Муҳаммад қулоғидан кетмади: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, эй мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларга ёрдам берадиган ким бор, дин ва обрў-эътиборни ҳимоя этадиган  учун ким бор, Рум ва Дайлам учун ким бор?”. Ҳа, Муҳаммад буни асло унута олмади. У Абдуллоҳ ибн Зубайрга: “Албатта, сен бу ишда менинг бирон мақсадим ва ниятим йўқлгини жуда яхши биласан. Мен мусулмонлардан бириман. Агар мусулмонлар сени ёки Абдумаликни танласа, мусулмонлар танлаган кишига байъат бераман. Аммо ҳозирча сенга ва на унга байъат бера олмайман”, деди. Абдуллоҳ баъзан у билан яхши муомалада бўлиб, юмшоқлик қилар, баъзан қўполлик билан дўқ-пўписага ўтарди. Бироқ бундай муомала Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг фикрини ўзгартира олмади. 

 

***

Лекин Муҳаммад ибн Ҳанафий тутган йўлни маъқул топганлар унинг ортидан эргашди. Унинг фикри маъқул тушиб, фитнадан четланишни афзал кўрган кишилар сони етти мингга етиб борди. Улар ёнажак фитна оловига ўзлари тарафидан ўтин қалашдан бош тортганлар эди. Муҳаммад ибн Ҳанафийга эргашувчилар сони кўпайиб борган сари  Абдуллоҳ ибн Зубайр унга қаҳр-ғазабини оширар ва байъатни талаб қилиб, унга қаттиқ тазйиқ ўтказарди. Аммо уларнинг байъат беришидан умид узгач, Муҳаммад Ҳанафийни, Бани ҳошимлик тарафдорлари ва бошқаларни Маккадаги бир дарага қамаб, улар устидан назорат қилиб турувчи посбонлар қўйди. Абдуллоҳ ибн Зубайр уларни бу ҳолга солиб: “Аллоҳга қасамки, ё менга байъат берасизлар, ё устингиздан ўт қўяман”, деб таҳдид қилди.

Шу тариқа ўзига қўшилмаган бу гуруҳни ҳибс қилиб, уларга ўтин тўплатди ва уйларини деворлари тепасига қадар етгунича ўтин билан ўраб қўйди. Агар ўтинга ўт қўйилса, ҳаммалари ёниб кулга айланарди. Ана шу вақтда Муҳаммад ибн Ҳанафий эргашган бир гуруҳ унинг олдига келиб: “Бизга рухсат берсанг, Ибн Зубайрни қатл этиб, одамларни унинг зулмидан халос этамиз”, деди. Муҳаммад ибн Ҳанафий уларнинг мақсадини тушуниб: “Биз ўзимизни четга олган фитна оловини ўз қўлимиз билан ёқамизми?! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ алайҳиссалом асҳоблари ва саҳобаси ўғилларидан бўлган бир кишини қатл қиламизми?! Асло, йўқ. Аллоҳ ва Расулини ғазаблантирадиган бу ишни қилмаймиз”, деди.

 ***

Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафий ва унинг тарафдорлари бошдан кечираётган бу азоб-уқубат хабари етиб боргач, уларни ўзига оғдириб олиш учун қулай фурсат келганини билиб, ундан фойдаланмоқчи бўлди. Тезда Муҳаммад ибн Ҳанафийга элчи орқали хат ёзиб жўнатди ва унда фикрини шундай баён этди: “Менга етиб келишича, Ибн Зубайр сен билан тарафдорларингни қийнаётган экан, раҳм-шафқатни унутиб, сенинг иззат-обрўйингга яраша иш қилмабди. Мана бу Шом шаҳри қачон келсанг, ҳар доим сенга очиқ. Агар тарфдорларинг билан бирга келмоқчи бўлсанг ҳам, марҳамат, сизларни қучоқ очиб кутиб оламиз. Келинглар, шаҳар аҳли билан бирга яшайверинглар. Бизнинг ҳақингизни таниган, фазлингизни муносиб тақдирлаган ва силаи раҳмни қилувчилардан эканимизгатезда ишонч ҳосил қиласизлар. Иншоаллоҳ”.

   ***

Бу таклиф маъқул тушиб, Муҳаммад ибн Ҳанафий билан тарафдорлари Шом диёри томон йўл олишди. Улар “Убла” деган жойга етиб келиб, у ерда ўрнашишди. Бу жойнинг қавми уларни илиқ кутиб олиб, яхши қўшничилик муомаласини қилишди. Айниқса, Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг ибодати ва зуҳдининг чинлигини кўриб, уни яхши кўришар ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишарди. Муҳаммад ибн Ҳанафий уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарарди. Маросимларини қоим этиб, фирқа ва хусуматларини ислоҳ қиларди. Одамларнинг бир-бирларига зулм қилишига йўл қўйиб қўймасди. Бу нарса Абдулмалик ибн Марвонга етиб боргач, бу иш унга оғир ботди ва хос кишилари билан маслаҳатлашиб олди. Улар: “Ўз мулкингда унга имкон бериб қўйганингни кўриб турибмиз. Унинг ҳоли кўриб турганингдек. Ё у сенга байъат берсин, ё келган жойига қайтиб кетсин”, дейишди.

Абдулмалик унга шундай деб хат ёзиб юборди: “Сен менинг шаҳримга келиб, унинг бир четига тушдинг. Мен билан Абдуллоҳ бин Зубайр ўртамизда не бўлганидан яхши хабаринг бор. Мусулмонлар сени яхши таниб, ҳурмат қилишади. Менга байъат берсанг, бу ерда туришинггга рухсат бераман. Агар таклифимга рози бўлсанг, кечагина “Қалзам” деган жойдан келган юзта кемани ичидаги моллари ва одамлари билан қўшиб олгин. Яна сенга бир миллион дирҳам ҳам бераман, буниси ўзингга. Фарзандларинг, яқинларинг, ёрдам берувчилар ва тарафдорларинг ҳам ўз улушларини олади. Агар таклифимдан бош тортсанг, менинг ҳукмим ўтмайдиган жойга кетавер”.

Бу хатни ўқиб, Муҳаммад ибн Ҳанафий шундай деб хат ёзди: “Муҳаммад ибн Ҳанафийдан Абдулмалик ибн Марвонга. Сенга салом бўлсинки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, деб ҳамд айтаман. Аммо баъд... эҳтимол, сиз мендан бекорга хавфсираётгандирсиз. Бу ишга (байъат)муносабатим қандайлигини яхши биласиз, деб ўйлайман. Аллоҳга қасамки, агар бир қишлоқ аҳлидан ташқари бутун уммат менга қарши тўпланса, албатта, бу байъатни қабул қила олмайман ва шуни деб улар билан жанг қилмайман. Агар Маккага борсам, Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам байъат беришимни талаб қилади. Агар бош тортсам, менга ёмон муомалада бўлиши аниқ. Шундан кейин Шом диёрига келишимга рози бўлиб хат ёздингиз. Султонлик марказидан узоқ, оддий ва тинч яшаш учун бу жойларга келдик. Хатингизда нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Иншоаллоҳ, биз бу ердан қайтиб кетамиз”. 

***

Муҳаммад ибн Ҳанафий одамлари ва оила аҳли билан Шом шаҳридан қайтиб келди. Илгари ўзи мажбуран чиқарилиб, кўчишга ундалган жойга туша бошлади. Шунча сарсон-саргардонликлар унга кифоя қилмагандек, шунча ғам-ташвишлар унга етарли бўлмагандек эди. Аллоҳ таоло уни қаттиқроқ, оғирроқ имтиҳон ва ғам-ташвишлар билан синаётгандек эди. Бунга ўзига эргашган жамоа ичида динида заифлик ва узоқни кўра билмаслик сабаб бўлди. Шунга ўхшаганлар албатта, Расулуллоҳ алайҳиссалом Али билан унинг аҳли қалбида кўп илм сирлари, дин қоидалари ва шариат хазиналари жойланганлик хабарини берди. Албатта, у зот аҳли байтни бошқалар хабардор қилинмаган нарса билан алоҳида ажратди.

Ҳар қандай зийрак, омил ва илмли киши бу сўз ўз зимнида сақлаган оғишни,  ислом ва мусулмонларга қарши хатар ва зарарлар борлигини идрок этади. Бас, шундай вақтда Муҳаммад Ҳанафий одамларни тўплаб, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд ва Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгандан сўнг уларга қарата шундай деди:

– Баъзи одамлар аҳли байтда Расулуллоҳ хослаб берган ва бошқа биронтани хабардор қилмаган алоҳида илм бор деб даъво қилмоқда. Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ алайҳиссаломдан мана бу лавҳ (Мусҳафга ишора қилиб)дан нарсани мерос қилиб олмадик. Албатта, ким бизда Аллоҳнинг китобидагидан бошқа илмни  бор деб даъво қилса, ёлғон айтибди. 

 ***

Муҳаммад ибн Ҳанафийга эргашганлардан баъзи бирлари уни олқишлаб: “Ассалому алайка, эй Маҳдий”, дейишарди. Бундай мақтовни эшитиб Муҳаммад бин Ҳанафий унга тузатиш киритди: “Ҳа, мен яхшиликка йўл кўрсатувчи Маҳдийман. Сизлар унга йўлланувчиларсиз, иншоаллоҳ. Агар сизлардан биронтангиз менга салом берса, мени исмим билан атасин. Ассалому алайка, эй Муҳаммад деб айтсин”. 

***

Муҳаммад ибн Ҳанафий билан қайтиб келганлар жойлашган ердаги оғирчилик ва машаққат узоққа бормади. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Зубайр ишини Ҳажжож ибн Сақафий туфайли ҳал этишни хоҳлади. Ҳамма одамлар Абдулмалик ибн Марвонга байъат беришди. Муҳаммад ибн Ҳанафий Абдулмаликка шундай деб мактуб жўнатди: “Амирал мўминин Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Алидан. Аммо баъд... албатта мен бу иш (халифалик) сизга ўтганини ва одамлар сизга байъат бераётганини кўргач, мен ҳам улардан бири бўлдим ва Ҳижоздаги волийингизга байъат бердим. Байъатим деб сизга мана шу хатни ёзиб юбораяпман. Ассалому алайка”.

Абдулмалик ибн Марвон бу хатни асҳобларига ўқиб бергач, улар: “Агар у бизга қарши чиқишни ва бирон муаммони истаганида албатта бу унинг қўлидан келарди ва сен унга қарши чора тополмас эдинг... унга аҳдни, мийсоқни, омонликни, Аллоҳ ва Унинг Расулини деб у билан асҳобларини безовта қилмасликни ва хотиржам бўлишини ёзиб юборинг”.

Шундай деб битилган мактуб жўнатилиб, Ҳажжожга уни эҳтиром қилишни, ҳурматини жойига қўйиб, норози қиладиган ишдан тийилишни тайинланди. Лекин Муҳаммад бин Ҳанафий ундан кейин узоқ яшамади. Аллоҳ таоло уни рози бўлган ва ундан рози бўлинган ҳолда ўз ҳузурига олди.

***

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг қабрини нурга тўлдирсин ва унинг руҳини жаннатга киритсин. У ер юзида фасод бўлишини ва одамлар орасида шон-шуҳрат қозонишни хоҳламаган кишилардан эди. 

 

Бобомурод Эрали нашрга тайёрлаган

“Тобеъинлар ҳаёти” китобидан олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

3807 марта ўқилди

Мақолалар

Top