muslim.uz

muslim.uz

Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбой Жээнбеков ва қирғизистонлик бир гуруҳ маъмурият вакиллари Умра зиёратини бажаришди. Бу ҳақда saudi-arabia.ru нашри хабар берди.

Ал Ҳарам мажсидида қўшни мамлакат зиёратчиларини масжид махсус хавфсизлик кучлари қўмондони генерал Яхё ибн Абдул Раҳман ал-Ақил тантанали кутиб олган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал Сауднинг таклифиша биноан Қирғизистон делегацияси 15–17 декабрь кунлари расмий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлишган.

Ушбу ташриф доирасида Қирғизистон Республикасининг Ар Риёддаги элчихонасининг янги биноси очилиш маросими ташкил этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

muftyat.kz сайтининг хабар беришича, Нурсултон шаҳрида Ҳаж зиёрати нархларини пасайтириш хусусида расмийлар иштирокида учрашув ўтказилган. Учрашувда Қозоғистон мусулмонлари идораси девони бошлиғи Гилимбек Мажиев, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Досимжон Нурбаев, Бош муфтий маслаҳатчиси Болтабой Мекежанов, Идоранинг зиёрат бўлими бошлиғи Жандилда Бекжигитов ҳамда зиёрат компаниялари раҳбарлари иштирок этишган.

Сайёҳлик ва зиёратни ташкил этувчи компаниялар раҳбарлари бу борада ўз фикрларини билдириб ўтганлар ҳамда нархларнинг ошишига асосий сабаб транспорт, овқатланиш, авиаташув хизматлари учун нархларнинг юқорилаши эканини қайд этиб ўтишган. Бу борада муҳокамалар яна давом этиши маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Авай-е Раха" босмахонаси директори Мейсам Хесараки "Iqna" нашри билан суҳбатда ушбу Мусҳаф ҳақида маълумот бериб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бу Қуръони карим ислом дунёсида ўхшаши йўқ бўлиб, унинг ўзига хослиги ўта йирик ҳажмдаги ҳарфлар билан битилган.

Ҳаттот Мустафо Ашрафий Табризий томонидан битилган ҳамда 1232 саҳифада чоп этилган Мусҳафнинг дастлабки ва охирги 16 бети хушбўй ифор таратувчи қоғозда чоп этилган.

Ушбу Қуръони карим устида саккиз йил давомида ишлангани, ҳозирда эса 5000 ададда чоп этилгани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 19 Декабрь 2019 00:00

Соф ислом ақидасини сақлайлик

Ислом — Арабистоннинг саҳро кенгликлари бағрида вужудга келган бўлиб, жаҳоннинг учта буюк динларидан биридир. Тарихий нуқтаи назардан ислом энг ёш дин ҳисобланади.

“Мусулмон” сўзи “ўзини Аллоҳга бағишлаган” деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”. Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ҳанафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий-маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Ақида Исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфий Оллоёр:     

Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деб таъкидлаганлар.

Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир.

Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда кўплаб диний таълим муассасалари, жумладан, юртимизнинг кўплаб вилоятларида Ислом билим юртлари, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти, 2 та аёл-қизлар таълим оладиган Ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли олимларимиздан сўраб, таълиф этган китобларини ўқиб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, динимиз, ватанимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “Аҳли суннат вал-жамоат” да собитқадам қилсин! Омин.

 

Авезов Музаффар

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти АРМ раҳбари

Четверг, 19 Декабрь 2019 00:00

Оят нозил бўлгач...

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 80-оятида шундай деб марҳамат қилган:

اسْتَغْفِرْ لَهُمْ أَوْ لاَ تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ إِن تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ سَبْعِينَ مَرَّةً فَلَن يَغْفِرَ اللّهُ لَهُمْ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَفَرُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

“Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас”.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги мунофиқларнинг каттаси бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг жанозасига боришдан ўзларини тўсган ҳазрати Умарга:

“Менга ихтиёр берилди. Бас, мен истиғфор айтишни танладим. Агар унинг ҳаққига етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтсам-у, Роббим уни кечиришини билганимда, кўпроқ истиғфор айтган бўлардим” дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Убай ибн Сулулнинг жанозасини ўқиб, унинг қабри тепасида истиғфор айтиб турганлар. Кейин у ердан қайтганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга:

وَلاَ تُصَلِّ عَلَى أَحَدٍ مِّنْهُم مَّاتَ أَبَداً وَلاَ تَقُمْ عَلَىَ قَبْرِهِ إِنَّهُمْ كَفَرُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ وَمَاتُواْ وَهُمْ فَاسِقُونَ

“Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар”. (Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак.Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.) (Тавба сураси, 84-оят).

Шу оятдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиригача бирорта мунофиқнинг жанозасига бормадилар, қабри тепасида турмадилар ва улар учун истиғфор айтмадилар.

Аллоҳ таоло бизни мунофиқликдан асраб, ихлосимизни зиёда этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top