muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 16 Декабрь 2019 00:00

Уламоларга тош отмайлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, билимсизларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва халқ орасида бидъатлар тарқалишининг олдини оладиган зотлар уламолардир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам уламо фазли тўғрисида ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу  айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Олимнинг обиддан ортиқлиги менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ва фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари, ҳатто уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берадиганга салавот айтади”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари, асосан, ижтимоий тармоқларда имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш “урф”га айланди. Бир ўринда уларнинг айтган гаплари, бошқа ўринда юриш-туришлари таҳлил қилинмоқда. Айримлар имомларнинг пулини ҳисоблаш билан овора. Бу нарсага жаҳолат ва ҳасад сабаб бўляпти десак, айрим зиёли, халқ орасида обрў-эътибор қозонган инсонлар ҳам имомларимиз, уламоларимизга нисбатан қарши фикрларини оммага тарқатмоқда.
Тўғри, бандаси хатокор. Имомлар ҳам одам эканини ҳисобга олиб, қусур, камчиликларини кечириш вазифамиз. Мободо шаръий масалаларда хато қилса, ёлғиз ҳолда ўзига айтиб ёки аҳли илм инсонларга айттириб, тўғриланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам омма олдида имомни беҳурмат қилиш, обрўсини тўкиш ҳаром амал ҳисобланади.
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади. Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).
Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.
Уламолар – Пайғамбар меросхўрлари, дин хизматчилари, илм хазинаси, ҳаққа чақирувчилардир. Олимларини ҳурматламаган жамият душманлар нишонига айланиши тайин. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда муҳим муаммо. Эътибор қилсак, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига муносабати сабаб бўлди. Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчилар учун ўзимиз қилиб бермоқдамиз.
Уламоларимизни ҳурматлайлик. Ҳақларини адо этайлик. Уларга манфаат етказиш қўлимиздан келмаса, зарар беришдан сақланайлик. Халқ учун зарур бўлган қимматли вақтларини олмайлик. Аллоҳ таоло олимларимиз умрини узоқ қилсин. Хизматларига Ўз фазли ила баракотлар, манфаат ва мукофотлар ато этсин!

Манба: "Ирфон" тақвими, 2019-2020/1441 (VI чорак)

Жорий йил 11 декабрь куни Германиянинг Берлин шаҳрида «Постсекуляр дунё шароитида динлараро мулоқот - ўзаро ҳамкорлик майдонларини кашф этиш» мавзусида 15-халқаро мусулмонлар форуми бўлиб ўтди.

Россия мусулмонлари диний идораси, Берлин ислом федерацияси, Германия мусулмонлари марказий кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан диний идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа олимлари, шунингдек, Германиядаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, миллий-маданий марказлар ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Анжуман кун тартибида бугунги инсоният цивилизацияси ва геосиёсий жараёнларда, глобаллашув шароитида динлараро ва маданиятлар мулоқотни ривожлантириш, умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш ва асраш, турли халқларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараш, миллатлараро ва ирқлараро зиддиятларга йўл қўймаслик ҳамда бу борада ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, дин ниқоби остидаги ҳар қандай тажовузларга муросасиз бўлиш, диний эркинлик ва эътиқодни улуғлаш каби масалалар муҳокама этилди.

Мазкур тадбирда «Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик» мавзусидаги маъруза билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров қатнашди.

Маърузада халқларни Ислом дини ҳақидаги тўғри маълумотлар билан таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом тушунча билан тарбиялашдек масъулият юклатилгани қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мустаҳкам қонуний асосларга эга эканлиги, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилгани таъкидланди.

Кўп миллатли мамлакатимизда диний-маърифий соҳада, айниқса турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасида аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлида Ўзбекистон Президенти ва ҳукумати томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ислоҳотлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари тинчлик ва тотувликда, бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамжиҳатликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром қилиб яшаётганликлари эътироф этилди.

Анжуман сўнггида унинг иштирокчилари томонидан 15-халқаро мусулмонлар форумининг Берлин резолюцияси қабул қилинди.

Ушбу форум доирасида айрим иштирокчилар билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши раиси, муфтий шайх Равил Гайнутдин жаноблари Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида таълим олганини, Ўзбекистон унинг учун жуда қадрли ва барча илиқ хотиралар билан ёдида қолганини таъкидлади. Шу даражага етишишида, ўзбекистонлик устозларнинг ўрни беқиёс эканини қайд этди. Барча Ўзбекистон мусулмонларига тинчлик-осойишталик, сиҳат-саломатлик ва Яратган Парвардигорнинг зийнатини тилади.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош Ўзбекистонга 2017 ва 2018 йиллари икки маротаба ташриф буюргани, биринчи ташрифида Ўзбекистон Президенти билан учашганини, 2018 йилда эса Туркия Президенти делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлганини айтди.

Германия мусулмонлари марказий кенгаши раиси Айман Мазек ушбу форумда турли давлатларнинг мусулмонлари диний идоралари раҳбарлари, ходимлари, олимлар билан бир қаторда бошқа диний конфессия вакилларининг ҳам иштирок этаётганини таъкидлади. Бугунги кунда дунёда тинчлик ва миллатлараро тотувликнини сақлаш, Европада кенг авж олиб бораётган исломофобияга қарши курашиш, Ислом динини дунё ҳамжамиятига танитиш масалалари муҳимлигини қайд этди.

Ўзбекистон вакилининг мазкур форумда мазмунли маъруза билан иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мунтазам фикр алмашинувини йўлга қўйиш улар учун ҳам жуда ҳам фойдали бўлишини билдирди.

Буюк Британия мусулмонлар Кенгаши собиқ раиси, Дунё ислом иқтисодиёти форуми бошқарув кенгаши аъзоси Сир Иқбал Сакрани Ўзбекистон вакиллари билан Москва ва Доғистонда бўлиб ўтган тадбирларда ҳам учрашганини айтиб, бугунги форумда республикамизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги маърузани катта қизиқиш билан тинглаганини билдирди. Ўзбекистон бой тарихга эга бўлиши билан бирга Ислом динининг буюк алломалари етишиб чиққан ўлка эканини қайд этиб, келгусида республикамизда бўладиган халқаро тадбирларда иштирок этиш истагини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.

Президентимизнинг жорий йилнинг 11 январь куни Ҳадис илми мактабида ташрифи давомида мактаб фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида бир қанча топшириқлар барилган этди. Жумладан, мактабда таълим жараёнларида олиб бориш учун нуфузли хорижий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланган эди.

Жорий йилнинг 12 декабр куни Ҳадис илми мактабига дунёнинг нуфузли таълим муассасаси ҳисобланадиган Миср Араб Респубпубликасининг Ал-Азҳар университетидан 2 нафар малакали ўқитувчилар Ҳадис ва унга доир илмлар бўйича Ал-Азҳар университетининг Танто шаҳридаги Магистратура бўлимининг Усулуд дин кафедраси мудири, DcS, проф. Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда Араб тили фанидан Ал-Азҳар университети Араб тили факультети Балоғат ва мунозара илми кафедраси мудири, DcS, проф. Али Саад Али Саад дарс машғулотларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташриф буюрди.

Ташриф аввалида муҳтарам меҳмонлар мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари билан учрашди. Меҳмонларга мактабнинг ташкил этилиши мақсади ва ундан келажакда кутилаётган натижалар, мутахассислик ўқув режасидаги фанларнинг хусусиятлари ва мутахассислик ўқув режасини дунёнинг етакчи таълим муассасалари ва ислом оламидаги нуфузли уламолар томоиндан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Хорижлик ўқитувчилар Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари учун давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилган шароитларни кўздан кечирар эканлар, бу Юрт ўз даврида барча илмларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам марказ бўлганлиги, диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу жойдан келажакда дунёни ларзага келдирадиган уламолар етишиб чиқишини ва унга ўз ҳиссалари қўшидишидан мамнунликларини бирдиришди.

Дарс машғулотларила хориждан жалб қилинган ўқитувчиларга барча қулайликларига эга хизмат йуларини калитлари топширилди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Каттақўғон шаҳар Гўзалкент,  Оқолтин маҳалла аҳолиси билан 14-мактаб йиғилишлар залида Оммовий маданят, ўз жонига қасд қилишни олдини олиш ҳамда Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари тўғрисида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Каттақўрғон шаҳар бош имом-хатиби Хайрулла Дўстмуродов, ҳокимликнинг ҳотин-қизлар бўйича қўмитаси, шаҳар ИИБ ходимлари ҳамда мактаб маъмурияти иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Х.Дўстмуродов бугунги кунда ҳеч бир халқнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли “урф-одатлар” кўпайиб бораётгани, кўпчилик, хусусан айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб, бу нарса эса ёшларимизнинг юриш-туришида, кийинишида, ўзини тутиши-ю бошқалар билан бўладиган суҳбатларида кўзга ташланаётгани, бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмаслиги, бу каби турли найранг ва хатарлардан огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиш лозимлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, имом-хатиб Х.Дўстмуродов ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик каби иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида аниқ далиллар асосида йғилганларга тушунчалар берди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида экологик жиҳатда тоза материаллардан қурилган масжид барпо этилди. Шу кунларда ушбу масжиднинг очилиш маросими ҳам ташкил этилган.

Islam-today нашрининг маълум қилишича, мусулмонлар учун қулайлик яратиш мақсадида қурилган йирик масжидни барпо этиш учун бутун дунё хайрия жамғармалари ва ташкилотларидан маблағлар келиб тушган.

Ушбу масжидда бир вақтнинг ўзида 1 минг нафар намозхон ибодатларини амалга ошириши мумкин. Масжиднинг эътиборли яна бир жиҳати унинг экологик тоза эканидир. Масжид қурилишида экологик жиҳатдан тоза бўлган мармар ва ёғоч материалларидан фойдаланилган.

Бинонинг углерод чиқиндиларини ҳавога чиқариш миқдори бутунлай нол даражага тенг. Ёмғир сувлари эса масжиднинг том қисмидаги махсус конструкция орқали резервуарга тўпланади ва у кўчатларни суғориш ва бошқа эҳтиёжларда қўлланилиши қайд этилган.

Бундан ташқари, масжиднинг том қисмида қуёш панеллари ўрнатилган, бу масжид биносининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини учдан бир қисмини қондиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top