muslim.uz

muslim.uz

2018 йил 26 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Ислом тадқиқот маркази (ИСАМ)да 10 Халқаро таҳқиқ курси ва Усмонли туркий танқидий нашир курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди деб хабар бермоқда ИСАМнинг расмий сайти.
Курснинг очилиш тадбирида ИСАМ бошлиғи Проф. Доктор Рашит иштирокчиларга салом йўллаб, ИСАМ лойиҳалари ва фаолияти ҳақида маълумот берди. Бу йил ўтказиладиган семинарлар икки босқичдан иборат бўлиб, улар назарий ва амалийдир. Шунга мувофиқ 10-Халқаро таҳқиқ курсида 46 соат маъруза, 42 соат амалий, жами 88 соат бўлади. Халқаро Усмонли турк танқид нашр курсида эса 36 соат маъруза, 52 соат амалий, жами 88 соатга режалаштирилган. Ўқиш 12 кун давом этиб, 2018 йил 7 июлда ниҳоясига етади.
Бу курсларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари О. Муҳаммадиев, Й. Исаев ва Т. Эвадуллаевлар қатнашмоқда. Курс якунида тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.



Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Яқин йиллар мобайнида олимлар инсон билан бошқа жонзотларни қиёслаб кўришди. Бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб боришди. Қуйида инсоннинг бошқа жонзотлардан устун туришига далолат қиладиган маълумотлар келтирилади:

  • Инсон – либос киядиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар кийимсиз юради.
  • Инсон – қуруқликда юриш учун уловга (машина ясаб, унга) мина оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот уловга минмайди.
  • Инсон – денгиз, уммонда юриш учун кема ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот кема ясай олмайди.
  • Инсон – ҳавода учиш учун самолёт ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот самолёт ясай олмайди.
  • Инсон – космосга чиқиш учун фазо кемаси ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот космик кема ясай олмайди.
  • Инсон – гапира оладиган, тил ўргана оладиган, ўша тил орқали бошқалар билан гаплашиб, фикрини баён эта оладиган ягона жонзотдир.
  • Инсон – ёзишни ўрганиб, фикрини қоғозга тушира оладиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар қалам ушлашни, ёзишни билмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонни икром қилиб қўйганини бир неча оятларда баён қилган. Ўша оятларни бирма-бир келтириб ўтамиз.

  يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاساً يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشاً وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ

“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.) (Аъроф сураси, 26-оят).

 

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.) (Исро сураси, 70-оят).

الرَّحْمَنُ عَلَّمَ الْقُرْآنَ خَلَقَ الْإِنسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ

“Роҳман. Қуръони ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди” (Роҳман сураси, 1-4-оятлар).

 

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

“Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар).

 

إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً

“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.) (Аҳзоб сураси, 72-оят).

Шу ўринда Қуръон ҳақида шак қилувчиларга бир савол: “Юқоридаги оятларда айтилган нарсалар – бу нарсалар у кишининг даъватларига хизмат қилмаса, қавмлари устидан раҳбар бўлишларига ёрдам бермаса ёки уларнинг муҳаббатини қозонишларига ас қотмаса – инсоннинг мукаррамлиги ҳақида гапиришга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима эҳтиёжлари бор эди? Қуръони Каримда мазкур масалаларнинг борлиги Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг эмас, Аллоҳ таолонинг Каломи эканига далилдир!”

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда уламолар, имом-хатиблар ва диний-маърифий йўналишда ижод қилаётган бир гуруҳ ижодкорлар иштирок этди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари барча ижод аҳлини касб байрами билан қутлаб, қуйидаги илиқ сўзларни баён қилдилар.

بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي نَوَّرَ قُلُوبَ العَارِفِينَ باِلمَعْرِفَةِ وَ رَفَعَ شَأْنَهُم بِتَعْلِيمِ الخِطَابِ وَ الكِتَابَةِ كَمَا قَالَ تَعَالَى: ﴿ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ﴾. وأَشْهَدُ أَنَّ سَيِّدَنا وحَبِيبَنا محمَّدًا عَبْدُهُ ورَسُولُهُ الَّذِي قال: " إِنَّ مِنَ الشِّعْرِ لَحِكْمَةٌ". وصَلّى اللهُ عَلى سَيِّدِنا محمَّدٍ وعَلى آلِهِ وأصَحابهِ الطَّيِّبِينَ الطاهِرِين أما بعد:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли меҳмонлар ва жонкуяр ижодкорлар!
Аввало, барча ижодкорларни “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, ўзимнинг чексиз ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳақ таолога шукрки, пок динимиз ва мусаффо эътиқодимизни тарғиб этиш, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни тўғри тушунтириш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, бир сўз билан айтганда, зиё-маърифат улашиш ишида сиз ижод аҳлининг муносиб ўрнингиз бор, албатта.
Сиз каби ижодкорлар диний идорамизнинг асосий таянчи ва энг яқин кўмакчисига айланди. Кейинги пайтларда ҳар бир иш ёки тадбиримиз оммавий ахборот воситалари вакиллари иштироки билан янада чиройли ўтмоқда. Масалан, Рамазони шариф бу йил ҳар қачонгидан ҳам файзли ўтди. Мана шундай ҳузурбахш кунларни ижодкорларимиз кеча-ю кундуз, тиним билмай бутун дунёга намойиш этишда жонбозлик кўрсатишганини алоҳида таъкидлаш керак. Юртимиздаги Рамазон шукуҳини кўрган хорижликлар “Мана шундай диёрни бир бориб кўрсам эди”, деб ўз ҳайратларини яширишмади.
Бундай юксак эътирофларга мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган сиз, ижод аҳлининг таъсирчан сўзи, ибратли фаолияти сабабли эришилди. Буларнинг ҳаммасини биз диний идора раҳбарлари кўриб, билиб турибмиз. Ҳалол меҳнатларингизни вақти-вақти билан тақдирлаймиз, энг олий мукофот эса Парвардигори олам ҳузурида бўлади, иншоаллоҳ.
Маълумки, бугунги тезкор замонда газета, журнал ва интернет сайтларини ҳамма кузатиб бормоқда, хабар ва мақолаларни мутолаа қилиб, улардаги панду насиҳатларга амал қилишмоқда. Қуръони азимуш-шаънда шундай марҳамат қилинади:


ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ


«(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл, 125).
Шунинг учун ҳам сиз ижод аҳли илм-маърифатни тарқатишда янада собитқадам бўлиб, имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келди.
Эртанги кундаги энг муҳим вазифалар ҳақида гапирганда, энди ҳаёт аста-секин эмас, жуда шиддат билан ўзгармоқда. Мана шуни ҳеч қачон эсдан чиқармасдан, ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳозиржавоблик ила тўғри ва ҳаққоний муносабат билдиришни бугун замоннинг ўзи талаб қилмоқда.
Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим деб топдим: – “Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар яратган ибратли асарларни, шеърларни ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ватанпарварлар қанча кўп бўлса, мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади.”

Халқимиз қадим-қадимдан қалам аҳлини доимо эъзозлаб келган. Темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро, “Хамса” битган дўсти Алишер Навоийни ўзининг оқ отига миндириб, Ҳирот кўчаларидан ўтиши ана шундай эъзоз намунаси ўлароқ тарихда из қолдиргандир. Бинобарин, ижодкорларга муносиб шарт-шароит берилса, улар эркин ижод қилади, кўзлаган мақсадларга етилади.
Футсатдан фойдаланиб, бир муҳим масалани айтмоқчиман, оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тармоғининг кенг халқ оммасига бўлган таъсир кучи кундан-кунга ошиб бормоқда. Мана шу нуқтаи назардан, сиз азизлардан талабим ҳам, илтимосим ҳам шуки, ислоҳотларни, ижроотларни ва воқеа-ҳодисаларни тўғри, ҳаққоний ва ҳусни зон билан ёритишингизни сўрайман. Турли асоссиз гап-сўзлар ва миш-мишларни тарқатмасликни талаб қиламан. Бунинг ўрнига юртимиздаги мўмин-мусулмонларга берилаётган кенг имкониятлар, туҳфалар ва кенгчиликлар ҳақида ёзиш керак.
Бу ҳақда аллома Ҳусаин Воиз Кошифий ҳазратлари шундай сўзларни келтирганлар: “Тўрт нарса саодат далилидир: тўғри сўз, тавозеъ, ҳалол касбу ҳунардаги меҳнат ва сир сақлаш”. Мана шу ажойиб ҳикмат сизларнинг иш мезонингиз бўлиши керак.
Ижод аҳли меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини чуқур англаган киши сифатида камина, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни энг асосий таянчим ва энг яқин ёрдамчим деб билишимни, сизларни доимо яхши кўриб қолишимни изҳор қиламан.
Диний идора тизимидаги ижодий ходимларга байрам муносабати билан мукофотлар тақдим этилади. Биз билан доимо ҳамкор бўлиб келаётган сайтлар, “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари ходимларига ҳам ҳадяларимиз ҳам бор.
Қаламингиз ўткир, сўзларингиз равон, чиқишларингиз таъсирчан бўлиб, доимо эътибор ва мўмин-мусулмонларимиз ардоғида бўлинг, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, ижодий ютуқлар тилайман.
Яна бир бор касб байрамингиз муборак бўлсин.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Психологлар табассумнинг бошқаларга таъсирини ўрганиб чиқдилар ва “Табассум – ўзи билан кучли маълумотларни олиб юради ва у маълумотлар инсоннинг ички дунёсига ва ақлига таъсир қилади” деган хулосага келдилар. Улар тадқиқотлари давомида ҳар бир инсоннинг ўзига хос табассуми бўлиб, бошқаларникига ўхшамаслигини, ҳар бир инсоннинг табассуми турли таъсир кучига эга эканини аниқладилар. Турли инсонларнинг табассумларини тасвирга тушириб, олинган кадрларни секинлаштириб кўрганларида, ҳар бир табассумга мувофиқ шаклда юзнинг муайян ҳаракатланишини кўрдилар.

Бир инсоннинг ўзида бир неча турдаги табассум мавжуд бўлиб, бу табассумлар ўша инсоннинг руҳий ҳолати, айтадиган сўзи ва олдида турган кишига қараб ўзгарар экан.

Ушбу тадқиқотларнинг муҳим хулосаларидан бири шуки, киши табассум орқали бошқаларга ҳадя берар экан. Шунинг учун ҳам табассум қуйидаги сабабларга кўра моддий ҳадядан устун турар экан:

  1. Сиз табассум орқали бошқаларнинг қалбига хурсандчилик кирита оласиз. Бу эса ҳадянинг бир туридир. Балки ҳадядан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ўрганишлар шуни кўрсатяптики, инсоннинг хурсандчиликка, шодликка бўлган эҳтиёжи гоҳида таом ва ичимликка бўлган эҳтиёжидан ҳам устун туради. Зеро, шодлик кўплаб касалликларга малҳам бўлади. Бу касалликларнинг бошида эса, юрак касалликлари турибди.
  2. Сиз табассум орқали маълумотни бошқаларга осон етказа оласиз. Табассум орқали етказиладиган маълумотлар мияга катта таъсир кўрсатади. Магнит резонанс томография (МРТ)нинг аниқлашича, табассум билан етказиладиган хабар мияга турли кўринишда таъсир кўрсатар экан. Табассумнинг миқдорига, самимий ёки сохталигига қараб, унинг мияга таъсири турлича бўлар экан.
  3. Табассум – нохуш вазият туфайли ҳосил бўлган ўртадаги тангликни юмшатади. Бу ишни пул қила олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам табассум молдан муҳимроқ саналади.
  4. Табассум ва шифо: кўплаб шифокорлар табассумнинг шифо топишга таъсири борлигини мулоҳаза қилиб қолдилар. Шунинг учун ҳам баъзи тадқиқотчилар “Табибнинг табассуми – муолажанинг бир қисми ҳисобланади” деб баралла айтмоқдалар.

Демак, сиз дўстингизга ёки аёлингизга ёки бирор инсонга табассум ҳадя этсангиз, гўёки унга (ўзига сездирмасдан) текин муолажа рецептини юбораётган бўласиз. Бу ҳам катта ҳадянинг турларидан биридир.

Шу ва бошқа сабабларга кўра табассум ҳадя ва садақанинг турларидан бири ҳисобланади.

Дўстим! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун “Биродарингнинг юзига табассум ила боқишинг садақадир” деганларини энди тушунгандирсиз?!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди  

Суббота, 23 Июнь 2018 00:00

Исломдаги 7 муқаддас тоғ

Тоғларнинг деярли барчаси Саудия Арабистонида бўлиб, уларнинг қадимий номи муҳим тарихий воқеаларга боғлиқ. Шу боисдан аксари муқаддас саналади ва бутун дунё мусулмонлари ушбу тоғларга зиёратга келади. 

Софа ва Марва Маккадаги икки муқаддас тепалик. Уларга бориш ҳаж ва умрани бажариш амалларидан бири  ҳисобланади. Қуръони каримда:

إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَآئِرِ اللّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ

“Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)” (Бақара сураси, 158 оят).

Софа ва Марва Зам-зам булоғига яқин жойда жойлашган. Исмоли алайҳиссалом чақалоқлигида онаси Ҳожар ана шу ерда туриб Аллоҳдан сув сўраб илтижо қилган ва Аллоҳ таоло Зам-зам сувини ато этган.

Арофат тоғи ҳам зиёратчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ерда ҳам ҳаж амалларидан бири бажарилади. Арофат тоғи Жаннатдан ҳайдалган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ер юзида топишган азиз жой саналади.

Жабал ан-Нур тоғининг номи ўзбекчага таржима қилинса, нурли тоғ деган маънони билдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан шу тоғдаги Ҳиро ғорида кўп йиллар одамлардан холи қолиб ибодат қилганлар. У зот алайҳиссаломга биринчи ваҳий ҳам шу ерда нозил бўлган. Нурли тоғнинг баландлиги 642 метр, Маккадан 3,5 километр узоқликда. Ҳиро ғори тоғнинг шимоли-шарқий тарафида бўлиб худди туянинг  ўркачига ўхшайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклардан яширинган Савр тоғининг баландлиги 728 метр.  Аллоҳ таоло:

إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)” (Тавба сурасининг 40-ояти). 

Ухуд тоғи Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу тоғ атрофида қурайш мушриклари билан катта жанг қилгани сабабли машҳур. Ушбу жангда мусулмонлар кўп талофат кўради, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб қариндошлари, яқинлари ва саҳобалари шаҳид бўлади. Расули акрам: “Ухуд шундай тоғки, биз уни севамиз ва у ҳам бизни севади”, деб марҳамат қилганлар.

  Варган ёки Ҳаммат тоғи Мадинаи мунавваранинг жануби-ғарбий қисмидаги Хебт қишлоғи ҳудудида.

 Тоғнинг мислсиз гўзаллиги араб шеъриятида тараннум этилган ва кўплаб араб шоирлари унга бағишлаб қасидалар ёзган.

Дахул ва Хуммал тоғлари қирол ал-Зилил асарларида тилга олинган энг машҳур тоғлардан саналади.

Ўми матбуот хизмати

 

Страница 6 из 830

Мақолалар

Top