muslim.uz

muslim.uz

Имом Бухорий ҳазратлари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси шарифларида “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир” (“Рамуз ал-аҳодис” 230/10; Бухорий, “Китоби салот”, (88) 1/123; “Адаб” (36).
Қаранг, ҳазрат Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланмоқлари лозим эканлиги уқдирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргалиқда бинони маҳқам тутиб турибди. Инсонлар, ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлишлари керак. Кучлилари доим заифларни суяб турмоғи, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлмоғи лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин.
Ушбу ҳадис мўминларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Зеро, инсон ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдирки, Ислом жамияти кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат бўлмаса, Ҳақ таъоло ундан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда фарёду фиғонлар бошланади. Исёнлар, норозилик чиқишлари, қўзғолонлар ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар бўлган шўрлик гуруҳлардирки, улар аҳли Исломнинг бошига бало бўлурлар.
Мусулмонларнинг таназзулига энг катта сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя қилмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам улар охират саодатларидан маҳрум бўлгайлар. Парвардигор ҳаммамизни ҳақиқий мусулмонлардан қилсин, омин!

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

Среда, 12 Июнь 2019 00:00

Нега?

(Ижтимоий тармоқларда уламолар, аҳли илмларни ҳақорат қиладиган, масхара қиладиган кимсаларга қаратилган) 

Нега олимларни ёмон кўрасизлар?!

Нега илм аҳли бўлган кишиларни турли сўзлар билан ҳақорат қиласизлар?!

Нега ёқтирмаган одамингизга нисбатан турли камситувчи сўзларни ишлатасизлар?!

Нега ҳақорат қилувчилар тўдаси бўлиб йиғилиб олгансизлар?!

Нега тилидан ва қўлидан бошқаларга озор бермайдиган мусулмон эмассизлар?!

Фейсбук, телеграмда урушиб, ҳақорат қилиб, устидан истеҳзо қилиб, кейин телефонни ўчириб, масжидга кириб, намоз ўқиб, намоздан сўнг «Эй Роббим, турли жойларда қийналаётган диндош биродарларимизга нусрат бергин! Мусулмонларни азиз қилгин! Мусулмонларнинг қалбларини улфат қилгин!» деб дуо қиласизлар-да, кейин масжиддан чиқиб, интернетни ёқиб, яна ҳақорат, инсонларни ер билан битта қилиш ишини давом эттирасизлар-а?!

Сизлар чиндан ҳам мусулмонларнинг қалблари улфат бўлишини, азиз бўлишларини истайсизларми?!

Нега одамларнинг хатосидан қувониб, уни омма ўртасига олиб чиқиб, муҳокама қилиб, роҳатланасизлар?!

Сизлар диндош биродарингизнинг ислоҳини, тузалишини, унга чинакам насиҳат қилишни хоҳлайсизларми ёки шарманда бўлиб, юзи қаро бўлишини, ҳеч тузалмаслигини истайсизларми?!

Сизларга жамият, инсонларнинг салоҳиятли бўлиши керакми ёки интернетда кунига битта-иккита муҳим мавзу бўлса, шуни кавлаштириб вақт ўтказсанглар бўлдими?!

Асл мақсадингларни белгилаб олганмисизлар?

Баъзиларингиз имом номи борки, ёқтирмайсизлар. Худди масжидда ишласа, ўша одам сизларнинг наздингизда хоин, сарой мулласи, давлат одами, сотқин, шундайми?!

Сизларга ким ёқади ўзи?!

Алкашми, фоҳишами, мунофиқми, иккиюзламачими, фирибгарми, ким?!

Мусулмонмисизлар?!

Мусулмон бўла туриб, мусулмонларга амру маъруф, наҳйи мункар қиладиган, намозини вақтида ўқийдиган, тунги клубда эмас, масжидда хизмат қиладиган инсонларни нега ёқтирмайсизлар?!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

Ҳамма мусулмонлар бир-бирига чин маънода кўзгу бўлишини истовчи гуноҳкор, ожиз, заиф, банда

Нозимжон Ҳошимжон

Среда, 12 Июнь 2019 00:00

Тиббиётга оид фикрлар

Асмаъий* айтади: “Саҳрода 120 ёшли кишини кўриб қолдим ва ундан шу ёшда бунчалик тетиклигининг сири нимадалигини сўрадим. Шунда у “Ҳасадни тарк этгандим, жасад соғ қолди” деб жавоб берди”.

-----------

*Асмаъий – араб ровийларидан бўлиб, тилшунослик, шеърият ва шаҳаршуносликда донғи кетган олимлардан бири.

------------

Тарк этилди ҳасад,

Омон қолди жасад.

 

*****

 

Америкалик шифокорлар уюшмаси пластик идишнинг зарарлари ҳақида қуйидагича фикр билдирибди:

  1. Чойни пластик идишда ичманг.
  2. Ҳар қандай иссиқ таомни пластик тарелкада ёки пластик идишда еманг. Масалан, қовурилган картошкани.
  3. Таомни микропечда пластик идишда иситманг.

Пластик жисм иссиқ ҳароратда ўзидан турли кимёвий моддалар чиқариб, бу моддалар 52 турдаги саратон хасталикларига сабаб бўлар экан.

 

*****

 

Динингга оид саволларга жавоб берувчи олим ва баданингга оид саволларга жавоб берувчи табиб бўлмаган шаҳарда яшамагин!

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

 

*****

 

Биз тиббиётда касалликни келтириб чиқарувчи сабабларни ва соғликка олиб борувчи омилларни билишимиз керак.

Ибн Сино

 

*****

 

Жарроҳда бургутнинг кўзи, арслоннинг юраги ва аёлнинг қўли бўлиши керак.

Инглиз мақоли

*****

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Среда, 12 Июнь 2019 00:00

Либос

Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.

Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

2018 йилнинг сентябр ойида Ислом Тараққиёт банки томонидан ноёб қўлёзма китобларни электрон базасини яратиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун грант асосида маблағ ажратишга келишилган эди. Кеча, 10 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ушбу ҳамкорлик асосида уч томонлама розилик имзоси билан грант маблағи ажратилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Бу амалга оширилган лойиҳа асосида энди Марказга Германиянинг энг яхши фирмаларидан бири Zeutschel (Зойчел)нинг рақамли китоб сканери билан сотиб олинади ва марказ фондида сақланаётган барча маънавий бойликлар халқимизга ва мутахассисларга электрон тарзда етказиб берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top