muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 19 декабрдаги 6853-сонли хатида диний соҳа ходимлари учун 2018 йил 22 декабрь кунидан 2019 йил 21 февраль кунига қадар малака ошириш ўқувларини ўтказиш белгиланган эди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 22 декабрь кунидан бошлаб Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун малака ошириш ўқувлари бошланди.

Малака ошириш ўқувлари Косонсой туманидаги тиббиёт коллежида ташкил этилди. Унда Косонсой ҳамда Янгиқўрғон туманларида фаолият юритаётган имом-хатиб, имом-ноиби ва отинойилар иштирок этмоқдалар.

Ўқувларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги, Наманган давлат университети, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртидан маърузачилар дарс бериш учун жалб қилинди.

Шунингдек, малака ошириш ўқувлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган махсус режа ва ўқув дастур асосида маъруза, тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида олиб борилмоқда. Бу эса диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини ошириш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ҳамда соф ислом таълимотларини етказишда ўз самарасини беражак.

 



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 25 Декабрь 2018 00:00

“Ва қачонки дудга пуфланса”

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَإِذَا نُقِرَ فِي النَّاقُورِ

“Ва қачонки дудга пуфланса” (Муддассир сураси, 8-оят).

Ушбу оятдаги “дуд” деб таржима қилинган сўз арабчада “наақуур” бўлиб келган. Бу Қиёмат олдидан чалинадиган, пуфланадиган сурдир. Кўплаб муфассирлар, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид, Шаъбий, Зайд ибн Аслам, Ҳасан, Қатода, Заҳҳок, Рабийъ ибн Анас, Суддий ва Ибн Зайд каби улуғлар оятдаги “Наақуур”ни “Сур” деб тафсир қилишган. “Сур” дунё охирлаганда чалинадиган нарса бўлиб, у чалингач, одамлар қайта тирилиб, маҳшар майдонига тўпланади.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “У (ҳайвоннинг шохидек) шохга ўхшаган нарса” деганлар.

“Нақр” деган сўз арабча бўлиб, ўзбекчада “тақиллатмоқ”, “чертмоқ”, “зарба бермоқ”, “чалинадиган нарсани чалмоқ” каби “овоз чиқариш” маъноларида келади.

Қушнинг дарахтга тумшуғини тез-тез уришини ҳам нақр сўзи билан ифода қилинади. Шунинг учун қушларнинг тумшуғини ҳам “минқор” дейилади. Бу сўз ҳам “нақр” сўзидан олинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида “Сур соҳиби сурни олиб, пуфлашга тайёр бўлиб, қачон пуфлашга амр қилинишини кутиб турган бўлсаю, мен қандай қилиб (дунё неъматлари билан) лаззатланиб юраман” деган мазмундаги ҳадисни ривоят қилган эканлар. Ҳадиснинг давомида саҳобалар “Бизга нимани буюрасиз, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакийл. Ъалаллоҳи таваккалнаа” деб айтинглар” деган эканлар.

Уламолар ушбу оятдаги пуфлаш иккинчи сур чалиниши эканини айтишган. “Бу биринчи сур чалиниши” деган олимлар ҳам бор. Сурни Исрофил алайҳиссалом пуфлайдилар.

Абу Жанобдан ушбу оят билан боғлиқ мана бу ривоят келтирилган: “Зурора ибн Авфо бизга имом бўлди. (Муддассир сурасини ўқиб,) “Фаизаа нуқиро фин наақуур” оятига етганда, жони узилиб, ерга йиқилди”.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида бундай деган: 

فَذَلِكَ يَوْمَئِذٍ يَوْمٌ عَسِيرٌ عَلَى الْكَافِرِينَ غَيْرُ يَسِيرٍ 

“Ўшал кун, қийин кундир. У кофирларга осон эмасдир (Муддассир сураси, 9-10-оятлар).

Ҳа, бу кун жуда оғир, шиддатли кундир. Аллоҳга, Пайғамбарларга иймон келтирмаганларга жуда оғир кун бўлиб, асло осон эмас. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло бизга у кунни осон қилсин! Барчамизни жаннатига меҳмон айлаб, дўзахидан паноҳ берсин, омин! 

 

Ибн Касир, Табарий, Қуртубий тафсирлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Бағдод.

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги “Уммул Қуроъ” университетидаги мажлислар залида  2019 йил 16 февраль куни “Қуръони каримдаги илмий мўъжизакорлиги” мавзусидаги 1-халқаро анжуман ўтказилади.

Ислом олами доирасида аҳамиятли саналган мазкур анжуманда тиббиёт, коинот, ер курраси, денгиз илмлари, шунингдек гуманитар ва табиий фанлардаги Қуръони каримнинг мўъжизакорлигига оид мавзулар муноқаша этилади. Анжуманга мақолалар араб ёки инглиз тилида тақдим этилади.

“Қуръони каримнинг илмий мўъжизакорлиги” мавзусидаги 1-халқаро анжуман Ироқдаги суннийлик жамғармаси раиси доктор Абдуллатиф ал-Ҳамим раҳбарлигида “Маърифат асрида Қуръони каримнинг улуғланиши” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган.

  

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Илёс Аҳмедов тайёрлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тавсиясига асосан жойларда фаолият юритаётган имом-хатиб, отинойи ва диний соҳа ходимларини мамалакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар билан яқиндан таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган имом-хатиблар, отинойи ва диний соҳа ходимлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинар доирасида маданий-маърифий табдирлар дастурига асосан жорий йилнинг 24 декабрь куни Элликқалъа туманида фаолият кўрсатаётган беш нафар отинойилар Элликқалъа туманидаги "Абдулло Норижоний" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Улар зиёратгоҳ фаолияти билан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top