muslim.uz

muslim.uz

Suspendisse at libero porttitor nisi aliquet vulputate vitae at velit. Aliquam eget arcu magna, vel congue dui. Nunc auctor mauris tempor leo aliquam vel porta ante sodales. Nulla facilisi. In accumsan mattis odio vel luctus.

Понедельник, 08 Апрель 2024 00:00

САДАҚАнинг  50 та  ТУРИ (энг  ноёблари)

«Кимки бир ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида бир гуноҳга яраша жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Қуръони карим. Анъом сураси 6/160).

«Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!» (Ҳадиси шариф).

 

ДОНО  ХАЛҚИМИЗ  МАҚОЛЛАРИДАН:

 

R Ҳиммати йўқнинг

 Ҳурмати йўқ.

 

R Бахилнинг туйнугидан ел кирмас,

Эшигидан – эл.

 

R Яхши топса – элга ёяр,

 Ёмон топса – гўрга ёяр.

 

R Оларда ҳисоби тўққиз,

 Берарда саноғи – ўттиз.

 

R Бахил авлиё бўлмас,

 Авлиё бахил бўлмас.

 

R Ҳасад кўчатини эккан

 Бало мевасини ер.

 

R Сахийнинг хайрига бахилнинг боши оғрир.

 

R Аҳмоқда ақл бўлмас,

 Ақлли бахил бўлмас.

 

R Ҳасад ўтини дарё учиролмас.

 

R Бахил эҳсондан қочар,

 Хасис меҳмондан қочар.

 

R Бермаснинг оши пишмас,

 Пишса ҳам қозондан тушмас.

 

R Сахий топса – ўртада,

 Бахил топса – халтада.

 

R Яхшининг кўнгли – тоғ,

 Бахилнинг кўнгли – доғ.

 

R Хасиснинг пулидан юлдуз яқин.

 

R Қамиш сувга тўймас,

 Хасис – пулга.

 

R Сахий бўлмаса, бахил ҳаром ўлар.

 

R Ҳимматли кўкка кўтарилар,

 Ҳимматсиз – ерга кўмилар.

 

 

1) Таом билан сийлаш – энг хайрли садақадир.
2) Биродарингизнинг юзига табассум қилишингиз – садақа.
3) Қариндошга яхшилик қилиш – садақа.
4) Закот бериш – садақа.
5) Ушр бериш – садақа.
6) Фитр рўза бериш – садақа.
7) Икки киши ўртасида адолатли бўлиш – садақа.
8) Йўлдаги озор берувчи нарсани даф этиш – садақа.
9) Одамларга ширин сўз, яхши гап айтиш – садақа.
10) Ўз фарзандларини тартиб-интизомга ўргатиш – садақа.
11) Оила аъзоларига меҳр-мурувват қилиш – садақа.
12) Овқат тайёрлаш – садақа.
13) Икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш – садақа.
14) Челагингиздаги сувни биродарингизнинг челагига қуйиб бериш –садақа.
15) Ёрдам сўраб келган ҳожатмандга ёрдам бериш – садақа.
16) Кишига улови борасида ёрдам бериш – садақа.
17) Бир кишини уловга минишига кўмаклашиш – садақа.
18) Бир одамни юкини кўтариб олиб бериш – садақа.
19) Шаҳватини ҳалол йўл билан қондириш – садақа.
20) Бир инсонни мушкулини осон қилиш – садақа.
21) Қарзни тўлашга қийналаётганга ҳақ эгаси муҳлатни чўзиб берса, ҳар куни ҳақ эгаси берган қарзи миқдорича садақанинг савоби ёзилади.
22) Киши ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – садақа.
23) Намоз сари босилган ҳар бир қадам – садақа.
24) Яхшилик қилиш – садақа.
25) Яхшиликка буюриш – садақа.
26) Ёмонлик қилмаслик – садақа.
27) Ёмонликдан қайтариш – садақа.
28) Қарз сўраб келган кишига қарз бериб туриш – садақа.
29) Ғазаби келганда сукут сақлаш – садақа.
30) Мусулмонларга ғоибдан туриб дуо қилиш – садақа.
31) Мусулмон кишининг бир инсонга ёрдам бериши – садақа.
32) Бировни оғирини енгил қилиш – садақа.
33) Йўлда адашган кишига тўғри йўлни кўрсатиб, уни йўллаб қўйиш – садақа.
34) Ифторлик қилиб бериш – садақа.
35) Кишини меҳмон қилиш – садақа.
36) Қўшнига яхшилик қилиш – садақа.
37) Мўминнинг кўнглини хурсанд этиш – садақа.
38) Кишининг узоғини яқин қилиш – садақа.
39) Кўзи ожиз кишини тўғри йўналишга тушириб қўйиш – садақа.
40) Одамлар учун фойдали илм ўргатиш – садақа.
41) Ёмонликдан сақланиш – садақа.
42) Одамларга сув улашиш – садақа.
43) Келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилиш – садақа.
44) Мевали кўчат ўтқазиб ёки бирон экин экса, ундан одамлар, ҳайвонлар еса – садақа.
45) Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўйиш – садақа.
46) Халқ учун керакли зиё, илм тарқатиш – садақа.
47) Боғ барпо бўлишига ҳисса қўшиш – садақа.
48) Кўпчилик фойдаланиш учун зарур нарса (газ, свет, сув каби)ларни ўтказишда ҳисса қўшиш – садақа.
49) Мактаб, шифохона, меҳмонхона, кўприк, йўл қурилишида ҳисса қўшиш – садақа.
50) Кўпчилик фойдаланадиган иншоот (завод, фабрика каби)ларни барпо этилишида ҳисса қўшиш – садақа.

 

(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).

 

Иброҳимжон домла Иномов

Четверг, 04 Апрель 2024 00:00

Минг ойдан хайрли кеча

Зиёуддин домла Мирсадиқов

"Абу Сахий" жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 04 Апрель 2024 00:00

САДАҚАнинг  63 та  ФОЙДАСИ

 

Устоз уламои киромларимиз айтадилар: 

“Жуда оз бўлса ҳам,

кунига садақа қилишни одат қилинг!"

Чунки "САДАҚА – РАДДИ БАЛО".

 

1) Садақа – жаннат эшикларидан биридир.
2) Садақа – солиҳ амалларнинг энг афзали.
3) Садақа Қиёмат куни ўз соҳибига соябон бўлади.
4) Садақа қабр иссиғини пасайтиради.
5) Садақа – маййитга қилинадиган энг яхши ва энг фойдали ҳадядир. Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради.
6) Садақа нафсни поклайди.
7) Садақа Қиёмат кунидаги қўрқинчдан омонлик беради.
8) Садақа хато ва гуноҳларга каффорат бўлади.
9) Садақа – ўлим олди хотимани гўзал қилади.
10) Садақа хурсандчиликка сабаб бўлади.
11) Садақа қилувчи – одамларнинг энг яхшисидир.
12) Садақа соҳибига жуда ҳам кўп ва беқиёс буюк яхшиликлар ва жуда ҳам улкан савоблар ваъда қилинган.
13) Садақа қилиш – тақводорларнинг сифатларидандир.
14) Садақа – саховатнинг белгисидир.
15) Садақа – дуо қабул бўлишига сабабдир.
16) Садақа – ташвишнинг аришига сабабдир.
17) Садақа балони қайтаради.
18) Садақа умрни узайтиради.
19) Садақа – дардга даво, касалликка – шифо, энг фойдали муолажадир.
20) Садақа ўт тушишидан, сувда чўкишдан, ўғри уришидан асрайди.
21) Садақанинг савоби – нақд, гарчи у ҳайвон-паррандаларга қилинса ҳам.
22) Садақанинг афзали – очга таом беришдир.
23) Садақа қилувчи киши одамлар меҳрини қозонади.
24) Садақа – садақа қилувчининг мол-давлатини кўпайтиради.
25) Садақа ризқ зиёда бўлишига сабаб бўлади.
26) Садақа – садақа қилган кишини одамлар яхши кўришларига сабаб бўлади.
27) Садақа нусратга сабаб бўлади.
28) Садақа ишида қатнашганлар савобга шерик бўладилар.
29) Садақа – бало ва қазолардан ҳимоя қилади.
30) Садақа ўз эгасини ёмон ўлимдан асрайди.
31) Садақа берган билан мол-дунё камайиб қолмайди.
32) Садақа берадиган одамнинг молига фаришталар барака тилаб дуо қиладилар.
33) Садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради.
34) Садақа – садақа берувчининг шайтонлар устидан ғалабасидир.
35) Садақа Қиёмат кунида бу дунёда бой берилган нарсаларга афсус қилдирмайди.
36) Садақа – ғам-андуҳдан холи этгувчидир.
37) Садақа Қиёмат куни тўсиқ бўлиб, ҳимоя қилиб, садақа қилувчини дўзахдан тўсади.
38) Садақа қалбнинг қаттиқлигини юмшатади.
39) Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзининг жилосидир.
40) Садақа қилинган маййитга ҳам, садақа қилган одамга ҳам Аллоҳ таоло савобларини кўпайтириб беради.
41) Садақа – ёмонликларни даф этиш учун сабабдир.
42) Садақа фаришталарнинг дуосига сабаб бўлади.
43) Садақа савобларни кўпайтиради.
44) Садақа – қайғудан асрагувчидир.
45) Садақа – қабр оловини сўндиргувчидир.
46) Садақа – ҳасанотларни ўн ҳиссага кўпайтиргувчидир.
47) Садақа бу дунёдаги 70 хил ёмонлик эшикларини ёпади.
48) Садақа – соҳибини қабр азоби ва оловдан озод этгувчидир.
49) Садақа – садақа берувчининг қувончига сабабчидир.
50) Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби, инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган хато ва гуноҳларини садақа ўчиради.
51) Садақа вафотингиздан кейин ҳам ажр-савобингизни кўпайтириб туради.
52) Садақа қилувчи Аллоҳ таолога яқин бўлиб, Ўзининг меҳрига сазовор бўлади.
53) Узр сабабли тутолмай қолган фарз қилинган рўзани ҳам садақа билан каффорат этилади.
54) Садақа Рамазон ойида тутилган рўзани мукаммал қилиб беради.
55) Садақа қилаётганингизда маблағларингизни йўқотаётган бўлмайсиз, балки уни бошқа пайт учун ўзингизга жўнатаётган бўласиз.
56) Садақа – сахий ва ҳимматли ишлардан ва эзгу аломатлардан биридир.
57) Садақа – дуонинг ижобат бўлишига сабабчидир.
58) Садақа қилувчиларни Ўзининг гўзал мукофотлари ила сийлайди.
59) Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзини ёруғ қилади.
60) Садақа – садақа берувчидан ва унинг яқинларидан балони даф қилади.
61) Садақа – садақа берувчининг обрў ва ҳурматини сақлайди.
62) Садақа берадиган хонадонга Худои таолонинг раҳмати ёғилади.
63) Садақа берадиган одамга файзу илоҳий, хайр-барака берилади.

(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).

 

Иброҳимжон домла Иномов

Вторник, 02 Апрель 2024 00:00

Кўчат экиш-садақаи жория

Жаннатмакон юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Халқимиз меҳнаткаш, азалдан бир парча ердан миришкорлик билан фойдаланиб, хонадонига Аллоҳнинг инояти ила барака киритаётган, ризқу рўзини бутлаб, омилкорлик билан иш тутаётган юртдошларимиз кўплаб топилади.

Дарахт экиш билан инсон ўзидан кейин садақаи жория қилган бўлади. Садақаи жориядан эса инсонга то қиёматгача савоб етиб боради. Бу ҳақда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Агар бирор банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).

 Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар доимо Аллох Таолога тасбеҳ айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб авайлаши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз хиссасини қўшмоғи лозим.  Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш, табиатни, экин ва дарахтларни асраб авайлаш олдимизда турган мухим вазифалардан бири хисобланади.

 

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом хатиби Нарзуллаев Одилжон.

Понедельник, 18 Март 2024 00:00

Поклик ‒ имон белгиси

 Ислом ‒ поклик дини. Поклик эса ‒  имон белгиси. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа поклик ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган. Чунки поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун, аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши талаб қилинади. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши, ҳатто, ибодат жойи ҳам пок, турли катта-кичик нажосат ва нопокликлардан холи бўлиши керак.

Покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди. Поклик ‒  чин инсонийлик кўзгуси. Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўз каломида шундай деб хабар беради:  “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”. Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада яна шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолат узра ташлаб қўювчи эмас. У ҳали пок киму, нопок ким ажрим этади. Аллоҳ сизларни илми ғайбдан хабардор қилмади, лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! Имон келтириб, тақволи бўлсангиз, сизларга (охиратда) буюк мукофот (бордир)” (Оли Имрон сураси, 179-оят).

Поклик ва озодалик даражаси нақадар улуғлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам яхши билишимиз мумкин: «Албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни севади, покизадир, покизаликни севади, саховатлидир, саховатни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади».

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънат  олиб келадиган амалдан эҳтиёт бўлинглар: Сув ҳавзаларига, йўл ўртасида ва одамлар салқинланаётган жойларда қазойи ҳожат чиқаришдан”, – деб огоҳлантирганлар».

Ушбу ҳадиси шариф бебаҳо илоҳий неъмат сув ҳавзаларини, одамлар фойдаланадиган кўча ва йўллар ҳамда соя салқин жойларни эҳтиётлаб сақлаш муҳим эканлигини яна бир бор таъкидлайди.

Бундан ташқари, жамоат жойларида, ўқув даргоҳларида, кенг жамоатчилик фойдаланадиган метро, автубос, йўналишдаги автоуловларда ҳам тозаликка риоя қилишимиз лозим. Уларга писта пўчоқлари ва маиший чиқиндиларини ташлаб, ифлос қилмаслигимиз даркор. Ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро, поклик имондандир, деб ҳадисда бежизга айтилмаган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Уй ва ҳовли саҳналарингизни тозалаб саранжом саришта қилинглар”, – деб буюрганлар (Термизий ривояти).

Ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман  ҳовли жойларда ахлатни тўпламаслик ҳам лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Уй ичини, идиш-товоқларни, кийим ва жиҳозларни ҳам тоза сақлаш зарур. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар кўз ўнгида жирканч ва ифлос ҳолда юришдан сақланиш талаб этилади.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига: “У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди” (“Бақара” сураси, 22-оят).

Ҳожатхонага киришнинг ҳам ўзига хос амалий ва маънавий тартиблари бор: бу ерга кираётганда Шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки унга орқа ўгириб ўтирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Ҳожатхонага бошяланг, ялангоёқ кирилмайди. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи бўлса чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса пешоб қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак.

Динимизда ғуслнинг ҳам талай тартиб-қодалари бор.

Соф табиат суннатлари ‒ қуйидагилардан иборат: мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисмини қириб, тозалаб юриш;  тиш ва оғизни тозалаб юриш; бурунга сув олиб тозалаш; тирноқларни қисқартириш; баданнинг букиладиган (бўғим, қўлтиқ ости, киндик) жойларини яхшилаб ювиш;  қўлтиқдаги юнгларни юлиш;  қовуқдаги юнгни қириш; сув билан истинжо қилиш; ўғил болаларни хатна қилдириш. 

Тирноқни олиб туриш лозим. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш, айрим аёллар ўйлаганидек, мутлақо зийнат саналмайди. Қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришга тўғри келади. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш зарур.

Динимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган.

Соч қўйган киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим. Зеро пайғамбар (с. а. в.) бир ҳадиси муборакларида:  «Кимни сочи бўлса (уни яхшилаб парвариш) қилсин»,деганлар.

Суюқлик ичаётган киши идиш ичига нафасини туширмаслиги керак. Синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда таом ёки суюқлик истеъмол қилинмайди, чунки у ерда йиғилиб қолган микроблар таомга аралашиши ва натижада касаллик келиб чиқиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни солиҳ ҳаёт кечиришимиз, ибодатларимизни адо этишимиз, Ўзига бандалик қилишимизда ҳамиша пок, тоза бўлишга муяссар айласин, имонимизнинг ярми саналган поклик масалаларига эътиборли бандаларидан қилсин, ибодатларимизнинг комил бўлишини насиб айласин, омин!

Абдулғафур Раззоқ Бухорий,

Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби

 

Страница 2 из 7

Мақолалар

Top