Жума мавъизалари

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ЁШЛАРНИ ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.

Муқаддас динимиз шунинг учун ҳам фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий таълим-тарбиясига кучли аҳамият беришга ундайди. Хусусан, Қуръони каримда мингдан ортиқ оятлар одоб-аҳлоқ, тарбия ва илмга алоқадорлиги инсонни баркамолликка етаклайдиган мезон бўлса, фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши динимизни нақадар мукаммал эканлигини кўрсатиб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

   (سورة التحريم/6)

яъни:Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг (“Таҳрим” сураси 6-оят).

Инсон ўзи, аҳли аёли ва фарзандларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан мактаб ёшидаги йигитлар, вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва ахлоқига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ҳамда тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан чалғиб, вақтларини улар билан ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзандларининг телевизор ёки телефонлардан қандай фойдаланаётганига аҳамият қаратмайдилар. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак! Бу ишлари эса – аҳлини, оятда айтилганидек, дўзахдан сақлаш эмас, балки дўзахга рўбарў қилишдир!

Ҳурматли жамоат! Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида сай-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ ...

  (سورة الرّعد/11)

яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан янада жиддийроқ шуғулланишга ундайди ва туртки бўлиши керак. Тарихда эса мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.

Ёшларимиз эса ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига “гап”, “сумалак” ва бошқа маросимларни ташкил қилиш, ижтимоий тармоқларда соатлаб ўтиришлар орқали  вақтларини ўтказмоқдалар ва мол-дунёларини беҳуда сарфламоқдалар. Бундай йиғилишлар кўпинча бузуқчиликларга ҳам сабаб бўлаётганини интернет орқали тарқалаётган маълумотлардан ҳаммамизга аён бўлмоқда. Ота-оналар фарзандларининг бу каби ҳолатларидан бехабарликлари ёки кўз юмишлари асло тўғри келмайди!

 Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, имон калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлардан жиддий эҳтиёт бўлиш каби зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: 

﴿لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع ﴾

(رواه الإمام الترمذي عن جابر بن سمرة رضي الله عنه)

яъни:Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ  эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).

Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

تعليم العلم لمن لا يعلمه صدقة

яъни: “Билмаганга илм ўргатиш садақадир”.

Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам – ота-онанинг бурчидир! Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.

Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин! У муҳтожлигингда – ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.

Ёшларни илм-маърифат ва таълим-тарбияни мукаммал олиш ўрнига ҳою ҳавасларга берилиб кетишларидан, афсуски, манфур кучлар жуда яхши фойдаланиб қолмоқдалар. Улар ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “такфир”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” тушунчаларини нотўғри талқин этган ҳолда ўз Ватанларини тарк этишга уринмоқда.

Ислом тарихига назар солсак, дастлаб Пайғамбаримиз алайҳиссалом тазйиққа учраган мусулмонларни икки марта Ҳабашистонга жўнатдилар. Кейинчалик Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошчилигида саҳобалар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълумдир. Мана шу ҳижрат динимиздаги улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган.

Мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган. Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадиси ширифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

لا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ، وَلَكِنْ جِهَادٌ وَنِيَّةٌ 

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ” (Имом Бухорий ривоятлари).

 Мазкур ҳадиси шарифни  ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор (насх) қилувчи эканини уламоларимиз таъкидлаганлар.

Ҳурматли жамоат! Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади:

جاء رجُلٌ إلى رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ فقال: جِئتُ أُبايِعُكَ على الهِجرةِ، وترَكتُ أبَوَيَّ يَبكيانِ. فقال: ارجِعْ عليهما، فأضحِكْهما كما أبكَيْتَهما 

(رواه الإمام النسائي عن عبدِ اللهِ بنِ عَمرٍو رضي الله عنهما)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллманинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У Зот алайҳиссалом эса: “Ота-онангиз олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсангиз, шундай кулдиринг”, – деб жавоб бердилар (Имом Насоий ривоятлари).

Шунингдек, айрим кимсалар томонидан мақсадли равишда ислом моҳиятига зид бўлган турли хил асоссиз ахборотлар, манбаси аниқ бўлмаган диний хабарлар ёки кишиларни ваҳимага солувчи фото ва видеолавҳалар кенг тарғиб этилмоқда. Баъзи ёшларнинг бу каби динимизга зид бўлган хабарлар, аниқ манбаси кўрсатилмаган маълумотларга ишониб қолишаётгани  биз – мусулмонларни ташвишлантирмоқда.

Маълумки, динимизда ҳам нақл қилинган бирор хабарга ишонишдан аввал уни текшириб, аниқлаб олиш талаб этилади. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз! (Ҳужурот сураси 6-оят).

Бу ҳақида Қуръони каримнинг яна бир оятида инсонлар учун муҳим кўрсатма келган бўлиб, унда ҳам турли воситалар орқали олинаётган хабар ва маълумотларга кўр-кўрона эргашишдан қайтарилади:

 وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولاً  

(سورة الإسراء/36)

яъни:  “(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси 36-оят).

Демак, ҳар бир олинган маълумотни текшириб, асосли ёки асоссиз эканини аниқламай туриб, ўша маълумотга қараб иш тутиш, ислом моҳиятига кўра, шайтон йўлига кириш ҳамда ёлғончи бўлиб қолиш билан баробар бўлади.

Диний экстремизм ва терроризм тарафдорлари ҳам муайян “билим”ларга таянади ва уни омма онгига сингдиришга ҳаракат қилади. Демак, фуқароларимизнинг асл ислом ҳақида холис ва етарли билимга эга бўлишлари диний мутаассибликка қарши иммунитетни шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланар экан.

“Илм” деганда фақат диний эмас, балки дунёвий, аниқроғи инсонларга фойдаси тегадиган илм тушунилган. Ёшларнинг дунёвий ва диний билимларнинг уйғунликда холис ўрганиши уларнинг келажакда баркамол инсон бўлишига таянч бўлади.

Аллоҳ таоло юртимиз ёшларини улуғ бобокалонларимиз ишларининг муносиб давомчилари бўлиб вояга етишларида Ўзи мададкор бўлсин ва диёримизни турли-туман ғаразли мақсадларда кириб келаётган фитналардан саломат қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Рамазон ойи фазилатлари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

1621 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top