muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 26 Апрель 2020 00:00

Жаннат эшиклари очилмоқда

Юртимиз узра фараҳбахш Рамазон ойи ўзининг файзу футуҳи билан кезмоқда. Мунаввар тонгларда, муазззам шомларда қилинаётган хайрли дуолар диёримизнинг муссаффо осмонидан раҳмат, мағфират ва барака бўлиб ёғилмоқда.

Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда  ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Муқаддас динимиздаги барча ибодатларда бандалар Аллоҳнинг олдида баробар туради. Жумладан, рамазони шариф рўзасини тутишда ҳам одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан ё бой, ё мансабдор истисно қилинмайди.  Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, хос ва омманинг фарқи йўқ. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб” асарида келтирилган бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Менинг умматимга беш хислат берилди, бу аввалгиларга берилмаганди:

  1. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидан мушкдан ҳам яхши ҳид келади.
  2. Ифторгача малаклар рўзадор учун истиғфор қиладилар.
  3. Бу ойда шайтонлар боғланади.
  4. 4.Аллоҳ ҳар куни жаннатни безантиради ва “Солиҳ бандаларим, қалбларидан ёмонлик ва жавобгарликни йўқ қилиш учун шошилинч ҳаракат қилишяпти!” деб буюради.
  5. У, ойнинг сўнгги кечасида уларни афв этади.

Аллоҳ таоло бу ойда қиладиган барча ибодату дуоларимизни ва тутадиган рўзаларимизни қабул айласин. Бандачилик қилиб билиб билмай қилган хатоларимизни мағфират айласин.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

Ойбек Маърупов.  

 

Воскресенье, 26 Апрель 2020 00:00

Рамазон ойи учун беш маслаҳат

Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.

Биринчи

Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.

Иккинчи

Сахийликни  кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ  улуғ  ажрлар  эгасига айланайлик.

Учинчи

Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар  ёғилиб келади. Аммо кундузлари  намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.

Тўртинчи

Рамазон ­ – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик  Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда  Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.

Бешинчи

Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Оятда айтилганидек  рўзадорлик  ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз  нафсини  жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.

 

   

Воскресенье, 26 Апрель 2020 00:00

Рамазондаги энг афзал амаллар

Рамазон ойи

Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг наздида йилнинг энг афзал ойидир. Бу ой мусулмонлар учун ҳасанотларини, савобларини кўпайтириш мавсумидир. Рамазоннинг рўзаси балоғатга етган, ақлли мусулмоннинг зиммасида фарздир. Ушбу рўзани тутмаслик Аллоҳ таоло рухсат берган кишиларгагина мумкиндир. Улар бемор билан мусофирдир. Уларнинг рўза тутмаслигига рухсат бўлиши учун беморнинг касали кучайиши, тузалиши ортга сурилиши ёки ўлим хавфи юзага келиши керак. Мусофирга эса агар рўза тутса, сафар асносида машаққат бўлиб, сафари оғирлашиши керак. Агар мазкур ҳолатлар бўлмаса, бемор ҳам, мусофир ҳам рўза тутади.

Аллоҳ таоло Карим Зотдир. Рўза учун берадиган савоби улкан бўлиб, миқдори қанчалигини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Шундай улуғ ойда қилинадиган буюк амалларни қуйида келтириб ўтамиз:

Рўза

Саҳиҳ рўза мусулмоннинг бу ойда адо этадиган энг афзал амалларидан биридир. Рўза – ният билан таом, ичимлик ва жимоъдан тийилишдир. Бундан ташқари ёлғон гапиришдан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳаромга назар солишдан, ҳаром нарсаларга қулоқ солишдан ва барча ёмон иллатлардан тийилиш ҳам киради. Рўзадор одам кўзини ва қулоғини, тилини, умуман, барча аъзоларини ҳаромдан тийиш шартдир. Ҳадисларда рўзадор одам гуноҳлардан тийилмаса, аъзоларини ҳаромдан тиймаса, унга фақат оч қолиш ва чанқашгина қолиши айтилган.

Қуръони Карим қироати

Мусулмон киши Рамазон ойида Қуръони Карим тиловати билан вақтини ўтказиши энг афзал амаллардандир. Қори ўқиган ҳар бир ҳарф учун ҳасана олади. Бир ҳасана ўнтага кўпайтириб берилади. Рўзадор киши ухлаб, телевизор кўриб, беҳуда гап-сўзлар билан вақтини ўтказиш ўрнига Қуръон қироатига берилиши, уни ёдлаш, маъноларини тадаббур қилиш билан вақтини ўтказиши лозимдир. Зеро, Рамазон Қуръон нозил бўлган ойдир.

Садақа

Оддий кунларда садақа қилиш Аллоҳ таолога маҳбуб амаллардан биридир. Рамазонда эса бу амалнинг савоби янада кўпаяди. Садақанинг турлари кўп. Масалан, фақирларга таом бериш, мол билан садақа қилиш, либос садақа қилиш ёки кимнинг нимага эҳтиёжи бўлса, ўша нарсани садақа қилиш. Айниқса, саҳарлик ва ифторликда егулик топишга қийналадиган камбағалларга таом ва бошқа егуликлар садақа қилиш ёки шунинг пулини бериш айни муддаодир.

Қиёмул лайл

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида таҳажжуд намозини асло қолдирмас эдилар. Чунки бу ойда қилинган нафл ибодатга бошқа ойлардаги фарз ибодатнинг савоби берилади. Масжидларда таровеҳ намозини имом билан бирга жамоат бўлиб адо этган киши ҳам кечани бедор ўтказган ҳисобланади. У зот алайҳиссалом бу ойнинг охирги ўн кунларида масжидда эътикоф ўтирардилар. Чунки, охирги ўн кунликда минг ойдан яхшироқ бўлган қадр кечаси бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бу ойнинг кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилганлар.

Умра

Рамазон ойида умра қилиш ҳаж қилганлик савобига тенг дейилади. Ким бу ойда умра қилишга имкони бўлса, умра қилсин, зеро бунда катта ажр бордир.

Аллоҳнинг зикри

Аллоҳни зикр қилиш улуғ амалдир. Зикр деганда Аллоҳни “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ” каби лафзлар билан ёки намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб зикр қилишга айтилади. Шу амалларни Рамазон ойида қилиш эса савобнинг кўпайишига сабаб бўлади. Оғиз очиш пайтида кўп дуо қилишга уриниш керак. Бу пайтда қилинган дуо ижобат бўлиши хабарларда айтилган.

Силаи раҳм

Силаи раҳм – қариндошлар билан алоқани боғлашдир. Бу амал оддий кунларда ҳам жуда савобли, инсоннинг умри, ризқи баракали бўлиши сабаб бўлади. Аммо шу амални Рамазон ойида бажарилса, савоби ҳам, умрга, ризққа келадиган барака ҳам зиёда бўлади.

  

Манба:  mawdoo3.com

Воскресенье, 26 Апрель 2020 00:00

Эл саломатлиги – ҳамма нарсадан муҳим

Абира Ҳусейнова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси

Бугун дунё аҳолси синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси дунёнинг қарийб барча малакатларига кириб борди. Бизнинг юртимизда ушбу офатнинг салбий таъсирлари олдини олиш учун дастлабки кунлардан бошлаб кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари халқимизга уч марта мурожаат билан чиқдилар. Бир қанча Фармон, Қарорлар ва бошқа зарур ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, халқимизнинг бу синовли кунлардан имкони борича моддий-маънавий жиҳатдан қийинчиликларсиз ўтиши учун чоралар кўрилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодий тармоқлар ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Ушбу Фармонда қатор соҳа вакилларига, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари,  енгилликлар берилди. Ушбу Фармонда аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланганлиги фуқароларимизда давлатимиздан, Президентимиздан розилик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.  Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмаслиги, улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши, ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилиши аҳоли томонидан миннатдорлик билан қабул қилинмоқда. Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларнинг қамраб олиниши (ҳозирда 600 мингта), карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилаётгани мамлакатимизда олиниб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яққол ифодасидир.

Президентимиз ўз мурожаатларида ҳаммани янада жипслашиш, сабр-матонатли бўлишга, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилишга чақирмоқдалар. Зеро амалга оширилаётган барча тадбирлар, чекловлар, уйда қолишга даъватлар – буларнинг бари хавфсизлигимиз, ўз соғлигимизни асраш учун эканлигини ҳар биримиз дилдан ҳис этиб турибмиз. Илм ва тажрибага асосланган бу талабларни бажариш – бурчимиз.

 

Онлайн суҳбатни Муҳтарама УЛУҒОВА ёзиб олди.

Top