muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 3 ноябрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасининг анжуманлар залида имконияти чекланганлар иштирокида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан «Оламларга раҳмат Пайғамбар» шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди. 
Ушбу маросимга кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлар, аҳли илмлар, хусусан, Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва азиз меҳмонлар ташриф буюришди.
Ҳар бир ишни Аллоҳнинг Каломи билан бошлаш хайрлидир. Бугунги сийрат анжумани ҳам Қуръони Карим тиловати билан бошланди. 
Анжуманда имконияти чекланганлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, у зотга бўлган муҳаббат, бутун оламларга раҳмат ўлароқ биз учун ҳам раҳмат Пайғамбар эканликлари, у зот бева-бечоралар, заифлару фақирларнинг пушти паноҳи эканликлари ҳақида қалбларни эритувчи изҳорларини туҳфа этишди. 
Шу билан бирга буюк саҳобалар ва саҳобия аёлларнинг ҳаётларига оид ибратли маълумотлар, саҳна кўринишлари ва нашидалар ҳам ижро этилди. 
Анжуман якунида тадбирда иштирок этганларга ҳомийлар томонидан совғалар тарқатилиб, уларга байрамона кайфият улашилди ҳамда дуолар қилинди. 
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: 
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Менинг розилигимни заифларга яхшилик килиш билан истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар», деганларини эшитганман».
Имом Термизий, Абу Довуд Насоий ривоятлари.
Ушбу хайрга тўла тадбирнинг ҳар бир сонияси икки дунёда манфаатли бўлсин. 

islom.uz 

Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” номли Халқаро форуми доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги Халқаро конференциянинг I шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар, илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этди.

Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси” номли мазкур шўъба йиғилишида маҳаллий ҳамда Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ олим ва мутахассис маъруза қилди.

Қўлёзма китоб ва тарихий ҳужжатларни сақлашда муаммо ҳамда ечимлар, халқаро илмий-тадқиқот марказларнинг қўлёзмалар фондлари фаолияти, шахсий коллекциялардаги тарихий манбаларнинг онлайн базасини яратиш, нодир ёзма манбаларни рақамлаштириш, уларнинг давлат реестрини юритиш, шунингдек, нодир нашрларни паспортлаштиришда зарарланишларни ўз вақтида аниқлаш каби масалалар мулоҳаза ва мунозаралар мавзуси бўлди.

Иштирокчилар томонидан кўтарилган мавзулар юзасидан ўзбекистонлик олимлар томонидан тўпланган ижобий тажриба эътироф этилиб, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган ишларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш зарурати алоҳида таъкидланди.

      

Анжуман давомида Туркиядаги Коч университети кутубхонаси директори Тубо Акбайтюрк Чанак хоним мазкур университет кутубхонаси қўлёзмаларининг 2 томлик каталогини, Турон фанлар академияси президенти ва академиги, Германиянинг Лейбниц номидаги Европа табиий фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, Тожикистондаги “Нури Хўжанд” номли Марказий Осиё халқ академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор Ҳайдарбек Бобобеков ўз муаллифлигида нашр этилган адабиётлар тўпламини, Тожикистон педагогика институтининг илм ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов Рўдакий девонининг ўзбекча таржимаси, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари ва кўплаб эсдалик совғаларини, Қозоғистон Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази номидан Омир Тўяқбаев Қозоғистондаги қўлёзмалар каталогини, “Махдуми Аъзам Даҳбедий” фонди раҳбари Комилхон Каттаев илмий адабиётлар тўпламини Марказга совға қилди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов шўъба йиғилиши модератори ИРСИКА Бош директори маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминовга Марказ эсдалик совғасини  топширди.

Шўъба йиғилиши Марказнинг You tube видеохостингидаги саҳифаси ҳамда ZOOM видеоконференция платформаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилди.

Халқаро конференциянинг II шўъба йиғилиши эртага, 3 ноябрда ўтказилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Шу йил 1-3 ноябрь кунлари юртимизда ўтказилаётган “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” номли халқаро форумнинг Бухородаги тадбирлари меҳмонлари ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошладилар.

Меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Бухорий ҳамроҳлик қилмоқда.

Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш асносида Қуръони карим тиловот қилиниб хайрли дуолар қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар Мир Араб Олий мадрасаси янги биноси қурилиш жараёнини кўздан кечириб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Халқаро анжуман доирасида Бухородаги “Моно марказ”да “Мир Араб битирувчилари” форумининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Унда Мир Араб мадрасаси битирувчилари ва халқаро мутахассислар иштирок этмоқда.

Маросим Қуръони карим тиловоти ва хайрли дуолар ила бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, мавзу доирасида маъруза қилди. Якунда форум фаолияти муваффақиятлар тилади.

Халқаро форум ва унинг доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу кунларда Бухоро сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бугун янги қурилган Мир Араб Олий мадрасаси қурилиш жараёни ва у ерда олиб борилаётган ишлар билан танишдилар, ҳамда керакли бўлган кўрсатма ва маслаҳатлар бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top