muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 12 Февраль 2022 00:00

Отинойи маърифатли бўлиши шарт

Бугун, 11 февраль куни Яшнобод тумани “Беҳизор” маҳалласи идорасида Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова ва Яшнобод тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Тўтинисо Масаитова иштирокида туман отинойилари билан суҳбат ўтказилди.

Тадбирда отинойилар фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.  Шу билан бирга, отинойиларга иш режада амалга оширилиши зарур бўлган  вазифалар батафсил тушунтирилди.

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан тўғридан-тўғри ҳукм чиқармаслик, турли масалаларда билиб-билмай фатво беришдан эҳтиёт бўлиш, жума тезисларидан фойдаланиш каби масалалар отинойиларга эслатиб ўтилди.

Оилавий маросимларда отинойилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган айрим салбий ҳолатларнинг олдини олиш, маъруза қилишда мўътадилликка риоя этиш зарур.

Режага мувофиқ отинойиларнинг ўз билим ва малакаларини ошириб боришларии таъминлаш мақсадида юртимиз уламолари томонидан чоп этилган  ақида, фиқҳ, ҳадис ва ислом тарихига оид қўлланмалари фойдаланиш тавсия этилди.

 

@VAKILLIKUZ

Азизжон домла Жамолов

"Шайх Дарвеш" масжиди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Shamsuddinxon Boboxonov” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси “Мўминалар” журнали учун мақолалар танловини эълон қилган эди.

Қаламкаш ижодкорлардан 2021 йил 31 декабрь санасигача 150 га яқин турли жанрдаги мақолалар етиб келди. Муаллифлар орасида тажрибали отинойилар, зукко талабалар, малакали устозлар ва бошқа касб эгалари борлигидан мамнун бўлдик.

Танлов ҳайъат аъзоларининг мақолаларни саралаш натижаларига кўра қуйидаги ижодкорлар ғолиб деб топилди:

1-ўрин: Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), ЎзХИА ҳузуридаги Малака ошириш маркази кафедраси мудири Муҳаммаджон Абдуҳамидовнинг “Замонавий ижтимоий муаммолар” мавзудаги;

2-ўрин: Филолог, таржимон Дилбар Ражабованинг “Хатокор пешона” мавзусидаги;

3-ўрин: Олимбой Аллабергановнинг “Буюк танлов” ва Бибиражаб Элбекованинг “Аёллар, сизларга не бўляпти?” мақолалари.

Ғолиблар яқин кунларда ўтказилиши мўлжалланаётган тақдирлов тадбирига таклиф қилинади ҳамда ташаккурнома ва совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, бизга юборилган ижод намуналарининг саралари журнал ва каналимиз саҳифаларида чоп этилади, иншоаллоҳ.

Маълумот учун, "Ҳидоят", "Мўминалар" журналлари ва "Ислом нури" газеталарига қуйидаги линк орқали онлайн обуна бўлишингиз мумкин: obuna.hidoyat.uz;

"Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналларининг телеграм тармоғидаги саҳифасига эса қуйидаги линк билан аъзо бўлиб, сара мақолалардан баҳраманд бўлинг: https://t.me/muminalaruzb; https://t.me/HidoyatUz.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги
“Shamsuddinxon Boboxonov”
нашриёт-матбаа ижодий уйи таҳририяти

Суббота, 12 Февраль 2022 00:00

Қази ҳақидаги “фатво”га муносабат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда хориждан келтириладиган от ҳайвони ичакларининг барчаси “ҳаром” экани ҳақида хабар тарқалди. Мана шундай гап-сўзлар кўпчилик юртдошларимизни қаттиқ ташвишга солди. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йиллардан буён қази маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланадиган, катта тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот давомида ҳар йили юртимизга хориждан бир неча тонна атрофида қази тайёрлаш учун ишлатиладиган ичаклар олиб келиниши ва улар асосан Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Монголия, Испания, Польша каби мамлакатлардан экани аниқланди. Охирги йилларда мазкур юртлардан пандемия сабабли ичаклар деярли импорт қилинмаган экан. Монголия ва Польша давлатларидан олиб келинадиган ичаклар “ҳалол” ёки “ҳаром” экани ҳозирча аниқ тасдиғини топмади. Аммо Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Испания давлатларидан олиб келинадиган ичакларни ҳалол экани таъкидланди.

Шунингдек, юртимизда отлар ҳалол йўл билан сўйилгани учун унинг ичакларидан тайёрланадиган қази маҳсулотлари ёки турли таомлар ёхуд қазининг ичаги қайнатилган сувларнинг барчаси ҳалол-покдир.

Шундай экан, кўпчилик истеъмол қиладиган маҳсулотни чуқур ўрганмасдан, унинг ҳаммасини ҳаромга чиқариш асло тўғри бўлмайди. Бундай фатво беришга фақатгина юртнинг Муфтийсидан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки нотўғри берилган фатво оқибатида жуда кўплаб тушунмовчилик ва одамларнинг тинчини бузиш ҳамда турли кўнгилсиз ишларга сабаб бўлинади.

Таъкидлаш жоизки, ҳадиси шарифларда фатво бериш вазифаси ўта масъулияти ва катта жавобгарлик мавжудлиги ҳақида кўп ваъидлар келган. Яъни, воқеликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан фатво беришдан қайтарилган.

Демак, кўп изланмай ва мулоҳазасиз қилинган чиқишлар жамиятда турли тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Шундай экан, долзарб масалада етарли илмга эга бўлмай, уни чуқур таҳлил этмай, соҳа мутахассисларининг фикрларига қулоқ тутмай ва ҳақиқий ҳолатни инобатга олмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмайди ҳамда шаръий кучга эга бўлмайди.

Мазкур мулоқотда соҳа мутахассисларига диёримизга олиб келинадиган ичаклар динимиз талаби асосида сўйилган от ҳайвонига тегишли эканига эътибор қаратиш ва барча зарур чора-тарбирларини кўриш тушунтирилди.

Ўз навбатида таъкидлаймизки, диний масалаларни баён этишда ваколати ва салоҳияти бўлмаган, турли шахсларнинг фикр билдиришлари шаръан жоиз эмас. Юқорида баён этилганидек, Фатво мақомидаги масалаларда ўлкамизда фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ва у киши раҳбарлигидаги Уламолар Кенгаши ёки Фатво ҳайъати қарор чиқаришга ҳақлидир.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Мақолалар

Top