muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

Исрофгарчиликдан сақланайлик!

Шариатимизда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрида адо этилади. Меъёрдан ошириб юбориш исроф, деб қаралади.

Қуръони каримда бу ҳақда ҳам баёнот келгандир. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا

(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/29)

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмасдан, исроф ҳам қилмасдан молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига бандаси кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этиб, баракасини беради.

Исрофчининг бу дунёдаги оқибати ҳасрат ва надоматдан иборат бўлиб, охиратдаги оқибати аламли жазо ва шиддатли азоб бўлади. Аллоҳ таоло Воқеа сурасида марҳамат қилади:

وَأَصْحَابُ الشِّمَالِ مَا أَصْحَابُ الشِّمَال. فِي سَمُومٍ وَحَمِيمٍ. وَظِلٍّ مِنْ يَحْمُومٍ. لَا بَارِدٍ وَلَا كَرِيمٍ. إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُتْرَفِينَ

( سورة ﺍلواقعة/45-41)

яъни: Чап томон эгалари – чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Улар) Самум (қаттиқ иссиқ шамол, гармсел) ва қайноқ сув ичида, қора тутун сояси остидадирларки, на совуқдир (у жой) ва на ёқимли. Улар бундан илгари (дунёда) маишатпараст эдилар (Дунёда яйраб олайлик дер эдилар) (Воқеа сураси, 41-45 оятлар).

Ояти каримадаги самум – кишининг баданини ташқаридан тешиб ўтувчи шамолдир. ҳамим – қайноқ сув, дўзахийларнинг баданини ичидан тешади. Чап тараф эгалари мана шулар ичида доимий азобда бўладилар. Яъни улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутган, маишатпараст, исроф қилувчи тоифада бўлган эдилар.

Молни зое қилиш, исроф қилиб, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳисобланади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَن الْمُغيرَة بن شُعْبَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قَالَ: قَالَ رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: " إِن الله عَزَّ وَجَلَّ كره لكم قيل وَقَالَ، وإضاعة المَال، وَكَثْرَة السُّؤَال

(رواه الْإِمَامُ مُسلم والْإِمَامُ أحمد)

яъни: “Албатта Аллоҳ сизлар учун қийлу-қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Исрофгарчиликга йўл қўймаслик кишининг дунё ва охиратдаги ҳасрат-надоматларидан сақловчи омиллардан биридир.

عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ "لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ فِيمَ فَعَلَ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَ أَبْلاَهُ"

(رواه الْإِمَامُ الترمذي)

яъни: Абу Барза асламийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат куни ҳар бир инсон (тўрт нарса ҳақида) сўралмагунигача жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топгани ва қаерларга сарфлагани, жисмини нима билан қаритгани" (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда ҳар бир мўмин банда алоҳида аҳамият бериши, ҳеч қандай исрофга йўл қўймаслиги лозим бўлган тўрт буюк неъмат ҳақида сўз юритилмоқда.

Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан ўртача бўлишни талаб этади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: أنَّ رسول الله صلى الله عليه وسلم، قَالَ: "إنَّ الشَّيْطَانَ يَحْضُرُ أحَدَكُمْ عِنْدَ كُلِّ شَيْءٍ مِنْ شَأنِهِ، حَتَّى يَحْضُرَهُ عِنْدَ طَعَامِهِ، فإذَا سَقَطَتْ لُقْمَةُ أحَدِكُمْ فَلْيَأخُذْهَا فَليُمِطْ مَا كَانَ بِهَا مِنْ أذىً، ثُمَّ لِيَأْكُلْهَا وَلاَ يَدَعْهَا للشَّيْطَانِ، فإذا فَرَغَ فَلْيَلْعَقْ أصابِعَهُ، فإنَّهُ لا يَدْري في أيِّ طعامِهِ البَرَكَةُ"

(رواه الْإِمَامُ مسلم)

. وَفِي رِوَايَةٍ: وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ القَصْعَةَ، وقال: "إنَّكُمْ لا تَدْرُونَ في أيِّ طَعَامِكُمُ البَرَكَةُ"

яъни: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади: таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлганида эса, бармоқларини яласин. Чунки у таомнинг қаерида барака бўлишини билмайди”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ривоятда: “У зот лаганни бармоқларимиз билан сидириб ялашга амр қилдилар ва: “Албатта сизлар қаерда барака бўлишини билмайсиз”, дедилар”, дейилган (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифда динимиз таомга нисбатан қай даражада эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз.

Хонадонимизда ортиб қолган таомларни ташлаб юборилиши, зиёфат ва маросимларни дабдабали, сер чиқим қилиш ҳам айни пайтдаги исрофнинг кўринишларидан биридир. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш пулини тўлай олмаётган бир талабага ёрдам бериш, ўғлини уйлантириш учун маблағ топа олмаган бир оилани мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишни қўллаб юбориш мумкин.

Бугунги кунда никоҳ тўйларини ўтказишда ҳам ҳаддан ошиш, исрофгарчиликка ружу қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу борада ҳам шариатимизга амал қилиб, унда келган кўрсатмаларни ҳаётимизга тадбиқ этишимиз лозим. Сарвари коинот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида оддий ва содда тўйлар қилганликлари барчамизга маълум ва машҳур.

عن أَنَسٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : أَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَيْنَ خَيْبَرَ وَالْمَدِينَةِ ثَلاَثَ لَيَالٍ يُبْنَى عَلَيْهِ بِصَفِيَّةَ بِنْتِ حُيَيٍّ ، فَدَعَوْتُ الْمُسْلِمِينَ إِلَى وَلِيمَةِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا كَانَ فِيهَا خُبْزٌ وَلاَ لَحْمٌ وَمَا كَانَ إِلاَّ أَنْ أَمَرَ بِالأَنْطَاعِ فَبُسِطَتْ وَأُلْقِىَ عَلَيْهَا التَّمْرُ وَالأَقِطُ وَالسَّمْنُ فَكَانَتْ وَلِيْمَتَهُ"

(رَوَاهُ البُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)

яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан мадина орасида уч кун турдилар ва Софийя бинт Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларни устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда тўй маросимларимизда ҳаддан ташқари дабдабабозлик, манманлик ва исрофгарчиликлар авж олмоқда. Манашу нарса аксар оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик ваҳоказо салбий оқибитларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳисобланади. Шундай экан, бу борада ўзбошимчалик қилиш, пулни ўзим топдимми, уни хоҳлаганча сарфлайман дейиш жамоатчиликкка нисбатан ҳурматсизлик ёки уларни назар писан қилмаслик саналади.

Исломда никоҳ тўйи зиёфати ва умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир.

Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, қамбағаллар чақирилмаган никоҳ тўйи таомидир” (Имом Бухорий, Имом муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Муҳтарам азизлар! Юқорида айтиб ўтилганлардан маълум бўлмоқдаки, исрофгарчилик якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам ўта зарарли ижтимоий иллат экан. Унинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтар экан.

Шунинг учун исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз ҳамда якка ҳолда оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши туриш бурчимиз эканини англаб етишимиз ҳамда унга амал қилишимиз лозимдир.

Муҳтарам жамоат! Ойларнинг султони ва саййиди, муборак Рамазони шариф яқинлашиб келаётгани муносабати билан мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида рўзага оид баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларга Рамазон ойи рўзасини тутишни фарз қилган. Бу бир йилда ўттиз ёки йигирма тўққиз кунни ташкил қилади. Рамазон рўзасини тутган банда улуғ ва катта савобларга сазовор бўлади. Уни тутмаган киши эса оғир гуноҳкор бўлади. Ривоятларда Рамазон рўзасини узрсиз қолдирган кимса бутун умр рўза тутса ҳам, ўша қолдирган куннинг ажрини топа олмаслиги таъкидланган.
  • Рўза араб тилида – “савм” деб аталиб, “ўзини бир нарсадан тийиш”ни билдиради. Шариат истилоҳида эса: “Рўза тонг отгандан, то қуёш ботгунча ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир”.

Рўзанинг тўғри бўлиши шартлари учта;

Ният.

  • Ниятсиз рўза дуруст бўлмайди. Ниятнинг ўрни қалбдир. Қалбдагини тил билан талаффуз қилиш суннатдир.

Нифос ва ҳайздан холи бўлмоқ.

  • Аёл киши нифос ёки ҳайзли бўла туриб тутган рўзаси рўза бўлмайди. Ушбу ойда ҳайз кўрган ёки нифос кўрган аёллар одатлари тугагунига қадар тутмайдилар. Ўша тутмай қолдирган кунларни рамазондан кейин тутиб берадилар.

Рўзанинг бузадиган нарсалардан холи бўлмоқ.

  • Мусофир одам ва рўза сабабли касали зиёда бўладиган бемор Рамазон рўзасини тутмай, кейин тутиб берса, жоиз бўлади. Аммо қийинчилик бўлмаса, мусофирнинг рўза тутгани афзал.
  • Рамазон кунларидан бирида мусофир ўз юртига келса ёки ҳайздаги аёл пок бўлса, Рамазоннинг ҳурматидан рўзани очадиган нарсалардан ўзини тийиб турадилар.
  • Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзига ёҳуд боласига зарари етиши эҳтимоли бўлса, рўза тутмай, кейин қазосини тутиб берса бўлади.
  • Рўза тутишга ярамай, куч-қувватдан қолган кексалар рамазон рўзасини тутмай бир кунлик рўза учун бир мискинни тўйдирадиган фидя – озуқа берсалар жоиз.

Аллоҳ таоло барчамизни исрофгарчиликдан сақлаб, молу дунёларимизни Ўзи рози бўладиган жойларга сарфлашни насиб айласин! Омин.

 

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Омонатга хиёнат қилмайлик!

Муҳтарам жамоат! Мусулмон кишида топилиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири омонатдорлик ва аҳдга вафо қилишдир. Ҳар бир имонли шахс ўзгалар билан бирор ишда аҳдлашган бўлса, аҳдига вафо қилиши ва ваъдасининг устидан чиқиши ҳамда омонатини адо этиши лозим бўлади. Инсонларнинг омонатлари хоҳ мол-мулк, хоҳ бошқа нарса бўлсин, унга риоя қилиш мўъминлик бурчи ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:

فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضًا فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ

яъни: ... Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин...! (Бақара, 283).

Яна бошқа бир оятда эса шундай марҳамат қилган:

 إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا 

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча ишларда ўрнак бўлганларидек, омонат бобида ҳам катта намуна ва ўрнакдирлар. Омонатни яхши сақлаб, ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз ёшликларидан бошлаб барчанинг эътиборини қозонганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. У зот кўплаб ҳадиси шарифларида омонатдорликка даъват этганлар.  

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي الله عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ " أَدِّ الْأَمَانَةَ إِليَ مَنِ آئْتَمَنَكَ وَلاَ تَخُنْ مَنْ خَانَكَ"

(رواه أبو داود والترمذى)

 яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг. Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Аввало, ҳар бир инсон Ҳақ таоло ва Пайғамбари олдидаги омонат, иккинчидан, барча инсонлар олдидаги омонатларга риоя қилиши даркор.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ 

 яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси, 27-оят).

Омонатдорликни фақат вақтинча сақлаб бериш учун бировнинг моддий нарсасини эҳтиёт қилиш, деб тушуниб қолинмаслик керак. Бу омонатдорликнинг энг содда кўриниши холос. Аслида, шариатимиз томонидан буюрилган омонатдорликнинг кўплаб кўринишлари бор. Мазкур ояти каримада икки хил омонатга урғу берилмоқда:

Биринчиси- Аллоҳ таолонинг бандаси зиммасидаги омонати. Бунга Ҳақ таолонинг ўз бандаларига буюрган намоз, рўза, закот, қодир бўлса, ҳаж каби буюк омонатлари киради. Уларни ўз вақтида ва шариатимизда буюрилганидек адо этилиши омонатдорликнинг бир кўринишидир.

Иккинчиси- банданинг банда олдидаги омонатидир. Бунга кишининг ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари ва барча инсонлар олдидаги ҳақлари тушунилади. Киши ўз оиласи шаънини ҳимоя қилиши, олди-сотди муомалаларида харидорни алдамаслик, келишилган ваъдаларни ўз вақтида адо этиш, бировдан эшитилган сирни сақлай олиш, касб-корда эса ҳар бир инсон ўз зиммасидаги вазифасини сидқи дилдан бажариши ҳам омонатдорлик ҳисобланади.

Қуръони каримнинг бир неча ўринларида мўминларнинг гўзал хислатлари айтилганда, омонатдорлик ҳам мақталган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ 

яъни: “Улар (мўминлар) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят).

Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида эгасига бермаслик касаллиги авж олмоқда. Олинган қарзни ўз вақтида беришга имконияти бўла туриб, бермасдан чўзиб юриш омонатга хиёнат ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Шу билан бирга, қарзини узишга етадиган моли бўла туриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.

Динимизда омонатдорликка тарғиб қилиниши баробарида, унга хиёнат қилишлик мўъминнинг хислатларидан эмаслиги таъкидланади. Омонатга хиёнат ‒ мунофиқларнинг хислати сифатида зикр қилинади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي الله عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : "أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنَ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا إِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ وَإِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ وَإِذَا خَاصَمَ فَجَر"

(رواه البخاري ومسلم)

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимдаки тўртта нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимдаки улардан бир хислат бўлса, ўшани кетказмагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади ‒ омонат қилинса, хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон гапиради; аҳд қилса, бузади; хусуматлашиб қолса, фужур (ноҳақлик, ғирромлик) қилади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Омонатдорлик борасидаги динимиз кўрсатмаларига амал қилинса, жамиятдаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ортади. Эл-юртнинг қут-баракаси ва файзи зиёда бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли ва чин эътиқодли киши масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммамиздаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилишимиз, лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни омонатдор шахслардан бўлишимизни насиб айласин! Омин. 

ИЛОВА

 

ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

Муҳтарам жамоат! Юртимизда анъанавий нишонлаб қарши олинадиган, алоҳида эътибор қаратилган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан, Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга олиб, руҳларига Қуръон тиловат қилиб, дуои хайрлар қиламиз. Тирикларини эса қадрларига етиб, насиҳат ва дуоларини олиб, хизматларини қилишга ҳаракат қиламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда эмас, балки ҳар доим эслаб, ҳақларига дуода бўлишимиз бизларнинг вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

عن ابن عمر رضي اللّه عنهما أن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم قال:  اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ.

(رواه الإمام أبو داود والإمام الترمذي)

 яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дедилар”.(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобланади. Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, уларнинг вафот этган яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَن أَنَس بْن مَالِكٍ رضي اللّه عنه يَقُولُ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنْ الْأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا.

(رواه الإمام أَحْمَدُ)

яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби, уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Демак, биздан ўтиб кетган яқинларимиз Аллоҳнинг ҳузурида хурсанд ва юзлари ёруғ бўлиши учун биз ибодатли, солиҳ амалларда бўлишимиз ўта аҳамият касб этар экан. Зинҳор ва зинҳор уларни Аллоҳнинг ҳузурида хижолатга қўймайлик!

Муҳтарам жамоат! Давлатимиз доим уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга катта диққат-эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш, уларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этди. Яқинда муҳтарам Юртбошимиз томонларидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида пул мукофоти берилиши тўғрисидаги фармон имзоланди. 

عَنْ أَبِى مُوسَى الأَشْعَرِىِّ رضي اللّه عنه قَال قَالَ رَسُولُ اللَّه صلى الله عليه وسلم: "إِنَّ مِنْ إِجْلاَل اللَّهِ إِكْرَامَ ذِى الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ"...

(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Абу Мусо ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни... ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, дедилар”. (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! Омин, ё Роббал оламийн.

Пятница, 27 Апрель 2018 00:00

Қуръон одоби

Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. У киши Бақарани бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра Оли Имронни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин Нисо сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий хитоб бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу хитобдан сўнг: «Лаббайка Раббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.

Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.

 

"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан

Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,

Марҳамат туманидаги “Иброҳим Халилуллоҳ” масжиди имом-хатиби

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида Донг-А университети ҳалол маданияти маркази биринчи халқаро форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда "Azon.uz" хабар берди.

Хабарда айтилишича, форум Жанубий Корея жамиятини Ислом маданияти билан таништириш ва ҳалол туризм истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган.

Форум кун тартибидан Малайзия, Япония ва Жанубий Корея мамлакатларининг мутахассислар томонидан тақдимотлар ўрин олган.

Форумда профессор ва ҳалол маданият марказлари директорлари томонидан турли мавзулар, хусусан, «Ҳалол стандартини англаш ва уни татбиқ этиш», «Ҳалол туризм бўйича Япония амалиёти», «Корея мусулмонлари ҳаёти ва Кореяда ҳалол туризм инфраструктураси» каби йўналишларда тақдимотлар эшитилди.

Форум сўнгида ҳалол туризм ва маданий туризм соҳаси профессорлари, Пусан Марказий масжиди имом-хатиби ҳамда Ислом ривожига қўшган ҳиссаси учун Қирол Фейсал мукофоти соҳиби, Малайзия Ислом халқаро университети профессори, доктор Ирванди Жасвир иштирокида илмий мунозара ташкил қилингани қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 27 Апрель 2018 00:00

Бароат кечаси (Аудио)

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top