muslim.uz

muslim.uz

“Бу одам ё телба ёки бошига бирор катта мусибат тушган...”. Ярим кечаси қабристон деворига тирмашаётганимни кўрган одам шундай хаёлга бориши аниқ эди. Аслида ҳам шундай, ахир, намозга бепарволикдан ортиқ мусибат борми?..

Бир пайтлар ўқиган эдим. Суфён Саврий ҳазратлари уйида ўзи учун қабр кавлаб, баъзи-баъзида унинг ичида ўлим ҳақида тафаккур қилиб ётаркан. Кейин ҳаяжонланганча: “Раббиржиъни (Раббим, мени қайтар)”, дея ўрнидан турар, устидаги тупроқни қоқиб айтаркан: “Дунёга такрор қайтдинг, кўрайлик, савоб қозонишга қандай киришасан?..”

Яқин кунлардан буён ибодатга бепарвоман. Намозларни бесабаб қолдира бошладим, айниқса, бомдодни... Бу ҳолат қайтарилавергач, Суфён Саврий ҳазратлари каби нафсимга жазо беришим лозим, деган қарорга келдим. Ҳеч ким билмасин дея, ярим кеча қабристон деворига тирмашаётганим шундан. Чунки эшикдан кирсам, қоровул кўриб қолади...

Мана, девор устига чиқдим. Этни жунжиктирадиган даражада қоронғу, сокинлик. Ичимни қўрқув қоплади. Қабрларга тикилганча ўйланиб қолдим: буларнинг баъзисида севинч бор, баъзисида азоб. Агар марҳумлар тилга киришса, Расулуллоҳ айтганларидек: “Намозга диққатли бўлинг!” деб ҳайқиришарди. Шу ўй билан пастга қандай сакраганимни билмай қолдим. Тушдиму деворга орқам билан ёпишиб олдим. Секингина бошимни буриб, ён томонга қарадим. Аввалдан билардимки, бу томонда кавлаб қўйилган қабрлар бор. Ўша томонга қадам ташларканман, оёқларим тош боғлангандек оғирлашганини ҳис қилдим. Нима бўляпти менга, қулоғим остида шивир-шивирлар, кимнингдир нафаси... Орқамга қарасаммикан? Йўқ! Булар ҳаммаси шайтоний васвасалар. Ахир, хуфтонни жамоат билан бирга адо қилдим, иншааллоҳ, Аллоҳ муҳофазасидаман, қароримдан ҳеч нарса чалғитолмайди.

Мана, қабр оғзида ўтирибман. Шу пайтгача бу ердан ҳам қоронғироқ жой кўрмаганман. “Қандай жасорат билан бу ергача келдим? Қабр ичида мени нималар кутаётган экан?” каби саволлардан юрагим оғзимга келди гўё. “Шу ердан қайта қоламан, қасамни бузганим учун уч кун рўза тутаман. Ҳозир эса қабр четида бир оз ўтираману кейин кетаман”, деган хаёлда титраётган тиззаларим билан чўккаладим. Қўрқув ва васвасаларни қувиш мақсадида “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”, дея зулмат қоплаган очиқ қабрга тикилганча ўйга толдим. Ё Аллоҳ! Бу ерга ҳар бир инсоннинг келиши муҳаққақ. Ўлимдан қочиш йўқ. Лекин шуни била туриб нега дунёнинг ортидан бунчалик қувамиз? Парвардигоро, қанчалаб инсонга озор бердик, қанча ғийбатлар қилдик, намозни тарк этган... Била туриб ғафлатга ботамиз, Сенга исён қиламиз. Сўнгги маконимиз эса шу – қоронғу лаҳад...

Шу ўйлар остида Аллоҳга таваккул қилиб, ўнг оёғимни узатдим ва қабрга тушдим. Елкамдаги ёпинчиқни тўшаб, ётиб олдим. Қаттиқ қўрқувда эдим. Ўйладимки, ҳозир устимни тупроқ кўмиб қўйса-я? Дарҳол ётган жойимда кўзларимни юмиб олдим, юрагим қинидан чиқиб кетмасин, вужудимнинг титраши тинсин дея... (Агар мен, яъни тирик, куч-қувватли одам шу ҳолга тушса, ўликнинг ҳоли нима бўлар экан?)

Ичкаридан, зулмат қоплаган лаҳаддан уфураётган совуқданми ёки қўрқувданми жунжикардим. Ортиқ лаҳад томон боқишга жасорат қолмади менда. Бутун вужудим қалт-қалт тит­рар, совуқ тер босган, кўз ўнгимда ўлим билан боғлиқ манзаралар... Ўлим онида ҳолим нима бўлади, ё Раббим! Жасадимни тобутга солишади. Яқинларимдан бири “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дея қабрга қўяди. Кейин устимдан тупроқ тортишади. Жамоа бир оз дуо қилгач, кетади. Сўнгра сўроқ-савол бошланади: “Эй инсон, сени карамли Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилма деб) нима алдаб қўйди?!” (Инфитор, 6). Фарз намозларини нега тарк қилдинг? “Ҳолбуки, Момақалдироқ (ҳам) Унга ҳамд билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан(тасбеҳ айтурлар)...” (Раъд, 13).

Ўйларим шу ерга етганда чидолмадим, энг сўнгги бардошим ҳам тугаб битди, бақирганча ўрнимдан туриб кетдим:

– Роббиржиъни!..

Кўзёшларим юзимни юварди. Йиғи ичида Аллоҳга тинмай ҳамд айтардим: “Ўзингга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ҳали тирикман, тавба умидим бор. Астағфируллоҳил азийм ва атубу илайҳ”. Парвардигор ҳузурида нақадар кучсиз ва чорасиз эканимни янада чуқур англаган ҳолда ёшли кўз, эгик бўйин ила қабрдан чиқдим. Уйим томон борарканман, яккаш: “Эй Қодир Эгам, Сен нақадар буюк зотсан”, дея такрорлардим...

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

тайёрлади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонга ташрифи давомида Бухородаги Мир Араб мадрасасини зиёрат қилди ва у ерда Қуръони каримдаги Инфитар сурасини ўқиди. Мазкур видео Туркиянинг yenisafak.com сайтига жойланди

Шунингдек президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ислом ўрта махсус билим юрти билан танишишди. Мамлакатдаги энг қадимий ва йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонни ҳам зиёрат қилишди.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари Арк қўрғонига ташриф буюрди. Бухоро шаҳридаги ушбу қадимий қалъа халқимизнинг бой тарихи, маданияти, этнографияси, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради. 

Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбль ҳосил қилган. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Манба: https://kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ражаб Таййип Эрдоған Арк қўрғонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Бухоро шаҳридаги ушбу қадимий қалъа халқимизнинг бой тарихи, маданияти, этнографияси, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради.

Икки давлат раҳбарлари Арк-вилоят ўлкашунослик музейи билан танишди, бу ердаги ноёб осори-атиқаларни кўздан кечирди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳиндистон ҳукумати 95 та тарихий обидани хусусийлаштиришни кўзда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқди. "the Guardian" нашри бу ҳақда хабар бермоқда. Машҳур тарихий обидаларни бир неча миллион долларга хусусийлаштиришни кўзда тутувчи ушбу қарор кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. “Мерос” ҳаракати фаоллари ҳамда мухолиф сиёсатчилар Ҳиндистон ҳукуматини тарихий обидаларни, шу жумладан Тож Маҳални хусусий компаниялар ихтиёрига бераётганликда айблаган.

Шанба куни Ҳиндистон туризм вазири Dalmia Bharat компанияси билан Деҳлидаги 17 асрга тегишли Қизил Қалъа тарихий обидасини ҳамда мамлакат жанубидаги Андхра-Прадеш штатида жойлашган яна бир қалъани ижарага бериш бўйича 5 йил муддатга қиймати 3.7 миллион долларлик шартнома тузилганини эълон қилди.

Ҳозирда икки йирик компания Тож Маҳалга эгалик қилиш учун курашмоқдалар. Хусусийлаштириш лойиҳасига ЮНЕСКО рўйхатидаги 12 асрга оид Қутуб Минор мажмуаси ҳам киритилган.

Ҳиндистонда 3700 яқин тарихий обидалар мавжуд бўлиб, шулардан 31 таси ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатидан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ҳиндистоннинг “Бҳартия Жаната Парти” партияси вакили бўлган Сангиит Сом Тож Маҳал обидасини тарихдан ўчириб ташлаш зарурлигини айтганди.

Нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунё бўйича энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик объектларидан бири, ХVII асрга тегишли мақбара - Тож Маҳал Заҳириддин Бобурнинг эвараси Шоҳ Жаҳон даврида қурилган. Ушбу сеҳрли мажмуа ҳалигача бутун дунёдан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

Тож Маҳалнинг ташқи деворлари ва гумбази оқ мармар билан қопланган бўлиб, у қуёшли кунда оппоқ тусга кирса, уфқ нурлари остида қип-қизил бўлади, тунда эса ойнинг кумуш шуъласини акс эттиради.

Мажмуани асраб-авайлаш мақсадида уни ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишган.

Бир муддат аввал, Travel Ask ҳам Тожмаҳал билан боғлиқ ҳавотирли хабарни берганди. Хабарда қайд этилишича, бино аста-секинлик билан вайрон бўлиб бормоқда, бу эса ушбу ёдгорликнинг келажаги ҳақида жиддий бош қотиришга мажбур қилади. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, обиданинг қизил ёғочдан қилинган пойдевори яқинида жойлашган дарёнинг суви камайгани сабабли қуриб, ёрилиб кетмоқда. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, тез орада емирилиб кетиши мумкин. Ҳинд экологларининг айтишича, дарё сувини маълум сатҳда ушлаб туриш учун дамба қуриш керак. Бу эса 71 минг фунт стерлингга тушади.

Мақбара муҳофаза этиладиган ҳудудлар сирасига киради. Унга автомобилда яқин келиб бўлмайди. Бу зарарли газлар иншоотга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун қилинган. Шунингдек, ёдгорликнинг оппоқ туси бузилмаслиги учун, мамлакат раҳбарияти Аградаги бир қатор саноат корхоналарини ёпиб қўйганди.

Ҳиндистонда 300 йилдан кўпроқ ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи бу юрт ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг бой меросини қолдирган. Деҳлидаги Қизил қалъа ва Жомеъ масжиди, Аградаги Тож Маҳал, Фотиҳпур, Секридаги Панч Маҳал ана шундай буюк мерос намуналаридир.


Манба: http://uza.uz

Карам инсон саломатлиги учун жуда ҳам фойдали маҳсулотдир. Карам таркибида қандлар, органик кислоталар, витаминлар (С, Р, В, В2, РР, К, Е) ва каротин, пантотен ва фолат кислоталар, ёғ, ферментлар, фитонцидлар, калий, кальций, йод, марганец, темир ва бошқа элементларнинг тузлари бор. Бевосита овқатга ишлатилади, тузланади ва консерва ҳолида истеъмол қилинади. Карам халқ табобатида турли касалликларга ишлатилади, организмдан холестериннинг чиқиб кетишини тезлатади. Карамда бириктирувчи модда  кўп. Унда  калий, қанд, олтингугурт,  кальций, фосфор, ёғлар, лактоза мавжуд.

Карамнинг кечкисида эртагисидан кўра С витамини кўпроқ бўлади. Бу витамин узилган карам бошида саккиз ой давомида камаймасдан сақланади.  Оқ бошли карамда инсон организми учун зарур  бўлган барча витаминлар ва фойдали минерал  моддалар бор.  Карам таркибида  глюкоза  апельсин, лимон ва олмага қараганда кўпроқ,   фруктоза миқдори эса, сабзи, пиёз, лимон ва картошкадагига нисбатан кўпроқ миқдорда мавжуддир.  Унинг шифобахш хусусиятлари устида тўхталиб ўтамиз.

Тузланган карам ўз таркибидаги уксус ва сут кислоталари организмдан чиритувчи бактерияларни чиқариб юбориш хусусиятига эга.    Таркибида сахароза и крахмал миқдорининг озлигидан янги карамни  истеъмол қилиш  диабетиклар учун ҳа мжуда фойдали.  Уни озишни мақсад қилганлар овқатланиш рўйхатига киритишлари мумкин.  

Карамдаги  ичаклар фаолиятини яхшиловчи бириктирувчи моддалар  организмни турли хилтлардан ва холестериндан тозалайди ва ичакларда фойдали микрофлорани шакллантиради.и турли хилтлар чи ш рўйхатига киритишлари мумкин.  

Терининг куйган, йирингли яра, совуқ урган ва зарбадан кўкарган жойларига майдаланган карам баргини компрес қилиб қўйилса, бу яра ва жароҳатлар битишини тезлаштиради.

Янги карамдан олинган шарбат ичиш ёрдамида панкреатитдан, ошқозон ярасидан, холециститдан,  гастритдан, меъёридан баланд юрувчи ошқозон ширасидан,  циститдан ва хроник пиелонефритдан фориғ бўлиш мумкин.

Карам шарбати асаб қўзғалиш иллатини камайтиради, томирлар атеросклерозини даволашда ёрдам беради, ортиқча вазндан халос этади ва турли шишларни кетказишда ёрдам беради.

Қондаги қанд моддаси миқдорини камайтириш учун карам шарбатига илиқ сув қўшиб,  овқатланишдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади. 

Карам шарбати ичиш  юзга тошган сепкилдан фориғ бўлишга сабаб бўлади. 

Сариқ касали билан оғриганда, қабзиятда, бавосирда, гастритда, ошқозон шираси меъёридан паст юрганида, бепуштликда, дисбактериозда ва доимий чарчоқ ҳис қилишда карам шарбати ичиш тавсия этилади. 

Карамни истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар
Панкреатитда организмнинг  қорин ва кўкрак қисмида жарроҳлик амалиётларини бошидан кечирган кишилар янги карам истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари лозим. 

Ошқозон ва ичак йўлларида қон оқиши, ошқозон яраси хуружи, қалқонсимон без фаолияти бузилиши ҳолатларида карам истеъмол қилиш мумкин эмас. 

Ўткир  энтероколитда ва  диарея (ичкетиш)да  карамни жуда эҳтиёт бўлиб истеъмол қилиш лозим бўлади.

Янги карам шарбатини ичиш ошқозонида  шира ажратилиши меъёридан юқори бўлган кишиларга мумкин эмас, чунки бу шарбат ошқозон бези фаолиятини кучайтиради.

Гастрит, панкреатит, ошқозон яраси , қон босими, жигар ва буйракларида хасталиги бўлган кишиларга тузланган карам истеъмол қилиш рухсат берилмайди.

  Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.

           1 май 2018 йил.

Мақолалар

Top