muslim.uz

muslim.uz

Савол: Тиббиёт олий ўқув юртларида махсус фан доирасида мурдалар ёриб кўрилади. Динда бу ҳолатга нисбатан қандай муносабат билдирилади?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фуқаҳоларимиз инсон хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин, унинг қадр-қимматини сақлаш вожиб амал эканини, унга тажовуз қилиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилишган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

"وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ" (الإسراء:70)

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишининг эҳтироми ҳақида шундай деганлар:

"كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا" (رواه الإمام أبو داود)

яъни: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Лекин замон тараққиёти сабабли турли жиноятларни аниқлаш ёки тиббиёт олий ўқув юртларида ўқувчиларга таълим бериш ва уларда малака ҳосил қилиш учун вафот этган кишининг қорнини ёриб кўрилишига эҳтиёж пайдо бўлади. Динимиз нуқтаи назаридан ушбу эҳтиёжни қондиришга, мурдаларни қорнини ёриб кўришга қандай қаралади?

Қадимги фуқаҳоларимизнинг фиқҳий манбаларида айни ушбу мавзуга тўхталиб ўтилмаган. Лекин унга яқин бўлган икки масала ёритиб ўтилади.

Биринчи масала: Ҳомиладор аёл вафот этсаю, ҳомиласи тирик экани аломати сезилса ва табиблар ҳомилани ҳаётини сақлаб қолишга кўзлари етса, онанинг қорнини ёриб болани олишлари жоиз бўлади. Ушбу масалада вафот этган онасининг ҳаққи поймол бўлсада, тирик боласининг ҳаётини сақлаш учун рухсат этилади. Ушбу масала аксинча кўринишда (яъни она тирик, ҳомиласи ўлган) бўлса ва бу ҳолат онанинг ҳаётига хавф туғдирса, дояга ҳомилани бирор асбоб билан бўлиб-бўлиб олишига рухсат этилади (Албатта, бунда ҳомиланинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилинган бўлиши шарт). Ушбу ҳолатда ҳам гарчи ўлган боланинг жасадига тажовуз қилинаётган бўлсада, тирик онанинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бунга рухсат этилган.

Иккинчи масала: Бирор қимматбаҳо буюмни вафот этган киши тириклик пайтида ютиб юборган бўлса, ўша буюм аслида маййитнинг ўзини мулки бўлса, уни қорнини ёриб чиқариб олишга рухсат этилмайди. Чунки инсон гарчи вафот этган бўлсада, мол-мулкдан қадр-қиммати баланд, эҳтироми вожиб саналади. Агар ўша буюм бошқа кишининг мулки бўлиб, маййит бошқа мол-мулк қолдирган бўлса ҳам ҳукм шундай. Яъни маййитнинг қорни ёрилмайди, қолдирган молидан тириклик пайтида ютиб юборган қимматбаҳо буюмнинг қиймати ҳақдорга тўлаб берилади. Агар маййит ўзидан кейингиларга мол-мулк қолдирмаган бўлса, ана шу пайтда унинг қорни ёрилиб, бировнинг мулкини чиқариб беришга рухсат этилади. Чунки шариатда ўзганинг ҳаққи устун туради.

Демак, қадимги фуқаҳоларимиз мана шу икки масалада вафот этган кишининг қорнини ёришга маълум шартлар асосида рухсат этишган. Ҳар иккисида ҳам катта зарарни кичик зарар билан даф қилишдан бошқа чора қолмаганда, ўша кичик зарардан фойдаланишга рухсат берилган.

Замонамиз уламолари ва кўплаб фатво уюшмалари томонидан вафот этган инсоннинг жасадини ёриб кўришга қаттиқ зарурат юзага келганда, уни маълум шартлар асосида амалга ошириш жоиз эканига иттифоқ қилишган. Зеро, фиқҳий қоидага кўра:

الضرورات تبيح المحظورات

“Заруратлар таъқиқланган нарсаларни мубоҳ қилади”.

Яъни вафот этган инсонинг қорнини ёриш аслида бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш бўлгани учун шаръан таъқиқланган амал саналади. Лекин ўлим сабабларини ўрганиш, бирор жиноятни фош этиб, жиноятчиларга тегишли чора кўриш, жамиятда адолатни таъминлаш учун унинг қорнини ёришга зарурат туғилганда, ушбу зарурат сабабли бунга рухсат этилади. Шу билан бирга яна бир бошқа фиқҳий қоидада шундай дейилади:

الضرورة تقدر بقدرها

“Зарурат ўз миқдорича баҳоланади”.

Яъни, зарурат сабабли шариатда таъқиқланган ишни амалга оширишда ўша зарурат миқдорича рухсат этилади. Бунда заруратдан ташқари ҳар қандай хатти-ҳаракатлар шаръан жоиз бўлмайди.

Вафот этган кишининг танасини ёриб кўриш масаласи Ислом Фиқҳи Академияси томонидан ҳижрий 1408 йил, 24-28 сафар ойи (1987 йил, 17-21 октябр) кунлари Маккаи мукаррамада бўлиб ўтган ўнинчи мажлисда уламолар томонида фиқҳий жиҳатдан ўрганиб чиқилган. Уламоларнинг муноқаша ва фикр алмашувларидан кейин Ислом фиқҳи академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилган:

Қуйидаги мақсадлар бўйича ўликнинг жасадини ёриш мумкин:

  1. Жиноий даъво бўйича текшириш олиб борилаётганда ўлимнинг ёки жиноятнинг сабабини билиш учун. Бунда ўлимнинг сабабини билишда бундан бошқа восита бўлмаслиги лозим.
  2. Маълум касалликларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ва уни билиш учун ўликни ёришдан бошқа имкон бўлмаганда.
  3. Тиббий илимларни ўргатиш ва ўрганишга ҳожат тушганда.

Таълим мақсадида ўликни ёриш бўйича қуйидаги шартларга риоя қилиш лозимдир:

a). Жасад маълум шахсники бўлса, у ўлимидан олдин ўзини таълим мақсадида ёришга рухсат берган бўлиши лозим. Шунингдек, меросхўрларнинг изни ҳам қабул қилинади.

b). Ёриш фақат зарурат миқдорича бўлиши керак. Ўликнинг жасади ўйинга айланмасиги зарур.

c). Аёлларнинг жасадини аёллар ёриши керак. Зарурий ҳолатлар бундан мустасно.

d). Барча ҳолатларда ҳам ёрилган жасаднинг барча бўлаклари дафн қилиниши зарур.

Ислом Фиқҳи Академиясининг мазкур қарорини Иордания Фатво Кенгаши, Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво кенгаши, Фаластиннинг Фатво Исломий кенгаши, Сурия уламолар уюшмаси ҳамда бошқа таниқли ислом уламолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Хулоса қилиб айтганда инсон тана аъзоларининг функцияларини билиш, фан тараққиётига эришиш ёки таълим жараёнида талабаларга малака ҳосил қилиш учун ўлган инсоннинг танасини ёришга зарурат юзага келса, юқорида таъкидланган шартлар асосида рухсат этилади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

Абдулатиф домла Турсунов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” фонди ҳамкорлигида, фонднинг Тошкент вилояти филиали томонидан эшитиш ва сўзлашишда имконияти чекланган фуқаролар орасида миссионерлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида “Сиз бизга керакциз” шиори остида хайрия тадбири ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, Ангрен шаҳар бош имоми ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вилояти филиали ходимлари, 100 нафар имконияти чекланган фуқаролар иштирок этди.
Тадбир давомида имконияти чекланган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачаси, хайрия қилинди ва ош дастурхони ёзилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати

Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек, Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида бундай деганлар:

إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ

“Сиз аҳли китоб бўлган қавмга боряпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон киши энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар.

Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга, асосан, ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.

Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар.

Мазкур нарсаларга қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади.

Баён қилинган ушбу ақида турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган,  юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир.

Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.

Шунга кўра, соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир:

– соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг унга берган омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас, балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади;

  • соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
  • дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ;
  • соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
  • соғлом ақида кишини доимо Аллоҳ таолога ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
  • охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ.

Демак, дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон, албатта, соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

катта ўқитувчиси Абдулқодир домла Пардаев

Понедельник, 08 Май 2023 00:00

Шаввол тугашига оз қолди!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бугун милодий ҳисоб бўйича 2023 йил 8 май, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 18 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 18 кун бўлди. Яна 12 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур" (Зориёт сураси, 55-оят).

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.

Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top