Рамазон-2020

Муборак Рамазон ойи фазийлатлари ҳақида баён қилинган ҳадислар

Муборак Рамазон ойи фазийлатлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг илк кечасида мусулмонларнинг гуноҳлари кечирилиши ҳақида қилган хутбалари, ва  Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий Доримий ўзининг Сунаний Доримий (сайланма) ҳадислар китобида, Муборак Рамазон ойи фазийлатлари ҳақида баён қилинган ҳадислар.

Анас (розияллоҳу анҳу) дан:

“Рамазон ойи яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозидан кейин қисқа бир хутба қилдилар:

Сиз ва Рамазон ойи бир-бирингизни кутиб олиш арафасидасиз. Шуни ҳам билинг, қиблага қараб намоз ўқиганлардан, рамазоннинг илк кечаси гуноҳлари кечирилмай қолган одам бўлмайди, -дедилар” (“Ал канз”, 4-жилд, 305-бет; Ибн Нажжордан). (Пайғамбаримиз ва Саҳобалар ҳаёти китобидан).

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий Доримий ўзининг Сунаний Доримий (сайланма) ҳадислар китобида, Муборак Рамазон ойи фазийлатлари баён қилинган қуйидаги ҳадиси шарифлар келтирилади;

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳар бир иши (амали) ўзи учундир. Биргина яхшилик ўнтадан то етти юз барорбаргача тенгдир. Фақатгина рўза мен учундир ва унинг ажрини Ўзим берурман, чунки у (одам боласи) овқат ва унга бўлган иштаҳасини ҳам, ичимлик ва унга бўлган иштаҳасини ҳам мени деб тарк этади. Шундай экан у (яъни, рўза) фақат Мен учундир ва унинг ажрини Ўзим бераман”, деди”.

Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни уйларида ифторлик қилсалар: “Агар уйларингизда рўзадорлар ифторлик қилса ва сизларнинг пок таомларингиздан еса, сизларнинг устиларингизга фаришталар туширилади”, дердилар”.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки Рамазон ойи кирса, осмон эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади”, дедилар”.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон ойини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади, кимки қадр кечасини бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.

Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Лайлатул Қадр  ҳақида хабардор қилиш учун олдимизга чиққанларида мусулмонлардан икки киши ўзаро тортишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен сизларни Лайлатул Қадр  ҳақида хабардор қилиш учун чиққандим. Фалончи билан билан фалончи ўртасида тортишув бўлаётганидан (уни) унутдим. Эҳтимол бу хайрлидир. Уни охирги ўн кунликнинг бешинчи, еттинчи ва тўққизинчи кечаларидан изланглар”, дедилар”.

 

Жумамуратов Яқуб,

 Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” масжиди имом-хатиби.

1556 марта ўқилди

Мақолалар

Top