muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 19-21 февраль кунлари Уммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги ташқи сиёсат идоралари юридик хизматлари ўртасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий масалалари бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Учрашувда икки давлат расмийлари ўртасидаги маслаҳатлашув якунига кўра имзоланган Ўзбекистон ─ Иордания битимларининг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди, уларни амалга оширишнинг ҳолати тўғрисида маълумот алмашилди ҳамда истиқболли ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Ташриф доирасида юртимиз делегацияси вакиллари Иорданиянинг турли вазирлик ва идораларида бўлиб қатор учрашувларда иштирок этди. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорлик шартномалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув доирасида икки мамлакатнинг туризм, қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги, инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибаси ҳамда бошқа масалалар юзасидан маълумотлар алмашилди. 2019 йилдаги икки томонлама ҳамкорлик тадбирлар режалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни вақтда Бухорода давом этаётган форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини оширишга ва хорижий тажрибага асосланиб янги туризм маҳсулотларини шакллантириш мавзусида мулоқотлар бошланди.

Унда ислом динининг тарқалишида ўзбек олимларининг ҳиссаси, мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг ва унинг мамлакат нуфузини оширишдаги ўрни, туризмнинг маданий меросга таъсири каби мавзулар муҳокама қилинди. Хорижий меҳмонларнинг маърузалари тингланди.

Мухлис Ҳанафи, Индонезиядаги “Истиқлол” музей директори: – Индонезия ҳудудида ислом динининг тарқалишида Ўзбекистон олимларининг ўрни беқиёс. Бухоро Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби илм оламида танилган инсонлар юрти.

Милодий 9-15 асрларда юртингизда илм ва маданият энг юксак даражага етгани тарихий ҳақиқат. Бизнинг кўпгина манбаларимизда исломнинг энг машҳур намояндалари дарёнинг ортидан келгани қайд этилган.

Шаҳарлар мисолида айтадиган бўлсак, Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарларингиз Арабистондаги Боғдод ва Халафа билан машҳурлик борасида рақобатлаша олади. Бухоро Қоҳира, Самарқанд Бобил, Рим каби шаҳарлар билан илм- фан борасида тенгсиздир.

Индонезиядаги уламолар учун дарслик сифатида фойдаланиладиган суфийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг асарлари биз мусулмонлар қалбида ўчмас из қолдирган.

Биздаги таниқли Шайх Иброҳим Зайнул юртингизнинг машҳур зотлари – Самарқандийлар авлоди бўлгани ҳақида китобларимизда келтирилган. Аммо, биздаги аҳолининг катта қисми исломни араб давлатларидан кириб келган деб ўйлайди.

Агарда уларга юртингиз ҳақида кўпроқ тарғибот ишлари олиб борилса, зиёрат туризми учун қулайликлар яратилса, бундай тушунчадан чекинган бўларди.

Хорижий меҳмон ўз нутқида 1956 йил Индонезиянинг биринчи Президенти юртимизга келиб, Имом Бухорийни зиёрат қилгани ҳақида ҳам эслаб ўтди. Айни вақтда Нақшбандийнинг энг кўп издошлари яшаётган ушбу мамлакат билан Ўзбекистон давлати алоқалари ривожланишидан ҳар икки давлат манфаатдор бўлишини эса алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кашф этиш, тарғиб қилиш ва ўрганиш анжумани, дея эътироф этилган биринчи халқаро зиёрат туризми доирасида “Ўзбекистонни зиёрат-туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида“ги Бухоро декларацияси имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шунингдек, бир қатор Меморандумлар имзоланди. Туризм қўмитаси қошидаги “Миллий PR-марказ” ҳамда “Global Muslim Traveler Index” доирасида “MATTA” (Малазия), “Crescent Rating” (Сингапур) ассоциациялари, Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ўртасида тузилган Меморандум шулар сирасидандир.

Бу эса келгусида давлатлар ўртасида туризм хусусан, зиёрат туризмини юксалишга хизмат қилади.

Айнан туризм ривожланган масканларда маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш, бунда эса уни асл ҳолича келгуси авлодларга етказишдаги ишлар мунтазамлик касб этади. Келгусида ҳудудлардаги ҳозирга қадар ўрганилмасдан қолган муқаддас қадамжоларни излаб топиш, кўлёзмалар фондидаги муҳим маълумотларни излаш, ўқиш туризм юксалиши йўлидаги энг муҳим мақсадлардан бири бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, Бухорода ўтказилаётган биринчи халқаро зиёрат туризм форуми доирасида Ўзбекистонни зиёрат туризм марказларидан бири сифатида эътироф этиш бўйича Бухоро декларацияси тузилди.

Мазкур декларациядан кўзланган мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Оққулов қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Зиёрат туризми бўйича Бухоро декларациясини Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маъқуллагач, биз қабул қилдик. Форумда иштирок этаётган давлатларнинг ўндан ортиғи мазкур ҳужжатни имзолади.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг, хусусан Бухоро шаҳрининг зиёрат туризми бўйича салоҳиятини яна бир бор эътироф этиш, АЙСЕСКО - Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти томонидан 2020 йилда Бухорони ислом маданияти пойтахти сифатида эълон қилинганини яна бир бор тасдиқлайди.

Форум доирасида Малайзия, Индонезия, Сингапур, Саудия Арабистони, Жанубий Африка, Туркманистон ва Қозоғистон билан меморандум тузилгани Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада намоён этишда қўл келади. Иккинчи томон сифатида пиар марказимиз иштирок этди.

Меморандум имзолаган давлатлар мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ўз мамлакатларида тарғиб қилади. Бу борада биз уларга керакли маълумотлар, фото, видеоларни тақдим этган ҳолда стенд ва роликлар билан яқиндан кўмаклашамиз.

Форум давомида иштирок этган давлатлар сони борган сари кўпайди. Аслида биз расман 23 та давлатдан вакил таклиф этган эдик. Кейин Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ишлаётган ва ишламоқчи бўлган инвесторлар форум ҳақида эшитиб, бевосита ҳокимлик орқали тадбирда иштирокчи сифатида қўшилди. Форум иштирокчиларини икки тоифали дейиш мумкин.

Биринчиси, дунё ислом оламидаги машҳур шахслар ва диншунос олимлар бўлса, иккинчиси жаҳон туризм саноати етакчиларидир.

Шунингдек, форумда 14 та хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг янги форматдаги тадбирини ёритишда иштирок этмоқда. Халқаро миқёсда ўтказилаётган тадбир нафақат миллий ОАВда, балки нуфузли хорижий ОАВ вакиллари томонидан дунё оммасига тақдим этилди.

Форум иштирокчилари айни вақтда Самарқанддаги қадамжоларни зиёрат қилишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Албатта, темирнинг зангидек қалбларнинг ҳам занги бўлади. Уни кетказадиган нарса – истиғфордир!

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Ғами кўп одам қовоғини солиб юриши керак деган нарса йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғамлари, юклари жуда ҳам кўп, оғир эди. Аммо у зот инсонлар орасидаги сертабассум киши эдилар.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Ер юзида ҳамма инсонларнинг эҳтиёжларига етарли нарсалар бор. Лекин тамаъларига етарли нарса йўқ.

Мустафо Маҳмуд

*****

Ўғри ҳар бир дарахт ортида милиция ходими бор деб ўйлайди.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Мактабда аввал таълим оламиз, кейин имтиҳондан ўтамиз. Ҳаётда эса аввал имтиҳондан ўтамиз, кейин таълим оламиз.

 “Қисқа ҳикматлар”

*****

Ўлим сенинг тўғри бўлишингни кутмайди, ўзинг тўғри бўлгин-да, ўлимни кутгин!

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Тирик инсонлар кўп, аммо инсонийлигини йўқотмай яшаётганлар оз.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Озгина билмаганликка олиш ҳар бир шахсни ўзига келтириб қўяди.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Эътиборнинг энг юксак кўринишларидан бири – ҳаётингда бир шахс бўлиб, у сенинг фойдангни кўзлаб, ўзи учун қайғургандек, сен учун ҳам қайғуришидир.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Ўзингни баъзи пайтларда одоби кам инсон деб билишинг, сенинг одобли эканинигга далилдир. Чунки одоби кам инсонлар ҳеч нарсани ҳис қилмайдилар.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Top