muslim.uz

muslim.uz

Субота, 01 октябрь 2022 00:00

Устоз ва ўқитувчилар эъзозда

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент ислом институтидан байрамона тадбир бўлиб ўтди. Унда талабалар айём билан қутлаш мақсадида устозларни байрамона кутиб олиб, уларга эҳтиром кўрсатиб, айём билан муборакбод этди.
Бундай тадбир Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ташкил этилди. Унда таълим муассасасида фаол ва ёшларнинг эътирофларига сазовор бўлаётган устоз ва ўқитувчилар эътироф этилиб, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан сийланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта ва буюк вазифалари – таълим бериш бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни гўзал бир ўхшатиш ила таърифлаганлар: "Мўминлар бир-бирига ёпишган бино кабидир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу уммат гўёки бир иморатга кабидир. Аммо ушбу бинонинг қурувчилари ким? Уни қуриш учун ғишт қўйганлар кимлар биласизми? Албатта – устозлар.

Агар муаллим ғиштни нотўғри қўйса, касбига масъулиятсиз бўлса бино мустаҳкам бўлмаганидек, миллат ҳам пароканда бўлади, инқирозга юз тутади.

Ўқитувчининг муҳим жиҳатларидан бири бу – унинг ташқи кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари гўзал, хушбўй ҳидли, қиёфалари чиройли эди. Аллоҳ таоло шундай яратганди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сақлашга қаттиқ интилардилар. Хушбўйлик ишлатардилар, покиза кийим киярдилар, соч-соқолларини парваришлардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини чиройли юзли ва ёқимли овозли қилган", деб айтганлар.

Нима учун чиройли юз ва овозли биласизми? Сабаби кишиларнинг қалбига йўл очиш учун бўлган.

Агар ўқитувчи ёқимсиз ҳид, ўзига бефарқ ва эскирган кийим билан дарсга келса, ўқувчилар ундан қандай қилиб сабоқ олишини тасаввур қиласизми?

Ўқитувчилар учун муҳим ахлоқ-одоблардан яна бири бу – барча ўқувчиларга бир хил муносабатда бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳатто назарларини ҳам тенг тақсимлар эдилар. Бугун кўп ўқитувчилар бутун дарс жараёнига фақат биринчи қатордаги ёки синфнинг маълум бир томонидаги ўқувчиларга эътибор қаратади. Бу адолатсизликдир ва бундай қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Устознинг бурчлардан яна бири бу – янги истеъдодларни очишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мерос илми бўйича энг илмлиси Зайд, ҳалол ва ҳаром масаласини энг яхши биладиганингиз Муъоз ибн Жабал, мен илм шаҳриман, Али эса унинг дарвозаси", деб айтардилар.

Иқтидорни аниқлаш ҳар бир ўқитувчининг муҳим вазифасидир. Улар эртага жамият учун кимларни тақдим этишади? Малакали шифокорними, муҳандис ёки журналист ё олимними?

Агар ўқитувчи ўз ўқувчиларининг иқтидорини эрта аниқлашга ва уларнинг қизиқишларини рағбатлантирмаса жамиятда турли тартибсизлик келиб чиқади. Соҳалар ривожланмайди, мутахассислар етишиб чиқмайди.

Таълим бериш вазифаси фақатгина мактаб ўқитувчиларига тегишли эмас. Ҳар ким ўқитувчи бўлиб, бу шарафли ва қадр-қиммати юксак мартабага эришиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликдан таълим берувчиларга салавот айтадилар", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тасаввур қилинг, агар уч-тўрт кишига бўлса ҳам яхшиликни ўргатсангиз, Ер юзидаги барча мавжудот сизнинг ҳаққингизга дуо қилади. Бундан ҳам каттароқ ажру савоб бўлмаса керак.

Таълим бериш бу умумий масъулиятдир. Бу шундай оғир масъулиятки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосарлик қилишнинг бир қисмидир.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ илмга муҳтож одамларни учратдилар, аммо қўшнилари эса уларга бепарво билан қарашарди. У зот бундан қаттиқ ғазабландилар. Масжидга бориб: "Сизларга нима бўлди-ки, қўшниларингизга таълим бермаяпсиз?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу танбеҳни икки-уч бора такрорладилар.

Саҳобалардан баъзилари Мадина шаҳридаги бир қабила боришди. Кейин: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтимол сизни назарда тутгандирлар. Чунки сизлар илмлисиз, лекин қўшниларингиз эса илмсиз", дейишди. Улар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз бизни назарда тутган эдингизми?" деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга таълим бериш масъулиятини тасдиқлаб, айтган гапларини яна такрорладилар.

Демак, кимнингдир қўшниси, дўсти ёки ҳамкасби илмсиз бўлса, унга таълим беришга эътиборсизлик қилмаслик лозим экан. Илм излаш ва уни тарқатиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Шунда бир аъробий келиб туяларининг жиловидан тортиб, Набий алайҳиссаломни тўхтатди. Бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: "Эй Муҳаммад, менга нима фойда келтиришини ўргат" деди. Унинг қўпол муомаласидан саҳобалар розияллоҳу анҳум қаттиқ ғазабланишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга табассум қилдилар ва: "У ҳидоят топди", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари бадавийга ижобий таъсир қилди. Унинг янада илм олишга бўлган иштиёғи ортди. Шунинг учун ўқитувчилар ҳамиша ўқувчиларини яхши сўз билан рағбатлантириб туришлари лозим.

Илм бериш учун ҳар қандай фурсатдан унумли фойдаланиш керак. Аммо зинҳор уни кечиртирмаслик ва орқага сурмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта мен муаллим этиб юборилдим", деганлар.

Демак, таълим берувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсангиз Аллоҳ таолонинг ушбу оятига амал қилган бўласиз: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Буюк муҳаддис уламолар юртида

мавлиди шариф шукуҳи кезмоқда.

 

Мавлиди шариф – Пайғамбар алайҳиссаломни эслаш, у Зотга бўлган муҳаббат рамзидир. Зеро, Расулуллоҳга муҳаббат иймондандир.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларнинг бирингиз учун то ота-онаси, болалари ва барча инсонларданда севимлироқ бўлмагунимга қадар (ҳақиқий) мўмин бўлмайсизлар”, дедилар. Уламоларимиз бу ҳадисни мўминларнинг иймони комил бўлмайди, деб тушуниш лозимлигини айтганлар. Ибн Ҳиббон ушбу ривоят ҳақида «Банда иймон ҳақиқатига етмайди...» деганлар.

Замонамизнинг улуғ олимларидан Муҳаммад Мутавалли Шаъровий: “Мавлиди шарифнинг эҳтироми учун, ҳар йили қалбимиздаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севикли хотира ила шоду хуррамлик ва хурсандчиликни изҳор қилишимиз ҳақли бўлади. Зеро, ушбу хурсандчилик мавлиди шарифни нишонлаш билан бўлади, деганлар.

Алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли халқимиз ҳар йили анъанавий тарзда У Зот туғилган Рабиул аввал ойини Мавлид ойи сифатида хурсандчилик билан нишонлаб келадилар. Албатта, бу қувончли маросимларда аҳли илмларимиз, имом-домлаларимиз пешво бўладилар, халқимизга Набий алайҳиссаломнинг сийратларини, наътларини эслатадилар, ўқиб берадилар. Хусусан, бу тадбирларнинг масжидларда уюшқоқлик билан ўтказилиши ушбу ойнинг шукуҳини зиёда қилади.

Жорий 1444 ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида юртимиздаги 1840 та масжидларда мавлиди шариф ўқилиши жуда қувонарли ҳол, иншааллоҳ бу тадбирлар халқимизнинг Пайғамбар алайҳиссаломни яқиндан таниши, У Зотга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлишига улкан ҳисса қўшажакдир.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифида Яссавия тариқати давомчиси бўлган Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишлаб конференция ўтказишни тавсия қилган эди.

29-сентябрь куни Мўйноқ туманида ушбу конференциянинг очилиш маросими бўлди. Унда «Орол ва Мўйноқнинг тикланиши» халқаро экофестивали, «Орол балиқларидан 99 хил таом» гастрономик фестивали бошланди.

Фестивалга турли соҳа вакиллари таклиф қилинди. Ташкилотчилар таклифига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Инамов ҳам ушбу анжуманда иштирок этди. Фестивал иштирокчилари Мўйноқ аэропортида нон ва туз билан кутиб олинди.

Меҳмонларга тумандаги «Орол денгизи тарихи музейи»даги экспонатлар ва Орол балиқларидан тайёрланган 99 хил таомлар ҳақида маълумот берилди. Сулаймон Боқирғоний қабрини зиёрат этиб, Қуръон тиловат қилинди ва бу ердаги эски масжид, мадрасанинг археологик қазиш ишлари билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Даўытбай Қурбаниязов бошчилигида «Ҳаким ота комплекси»даги кутубхонада учрашув бўлиб, унда Сулаймон Боқирғоний (Ҳаким ота) китоби тақдимоти бўлди. Тарихчилар, археологлар Сулаймон Боқирғоний ҳақида маълумотлар берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов иштирокчиларга Сулаймон Боқирғонийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилиб берди.

Учрашувдан сўнг ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги меҳмонлар Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин домла Баҳауддиновнинг ҳамроҳлигида Мўйноқ туманидаги диққатга сазовор жойларга саёҳат этдилар.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими,

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

П'ятниця, 30 сентябрь 2022 00:00

Эзгулик ва маърифат чароғбони

Ҳар йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида нишонлаб келинади. Бу эса устоз ва мураббийларга чуқур эҳтиром ҳамда эътибордан дарак беради. зеро, инсон умри давомида қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, мактабда, ўқув юртида шу каби жонкуяр устозларидан олган таълим-тарбияси унинг етук шахс ва малакали мутахассис бўлиб етишишида улкан аҳамиятга эга экани шубҳасиз. уларга нисбатан ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшаш, уларни мудом ардоқлаш бизнинг бурчимиз.

Дунёда муаллим бўлмаса агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар,

Инсон олим бўлиб дунёга келмайди. Само сирларини очган олимнинг улуғ кашфиётлар сари илк қадами ҳам мурғаклигида дафтарнинг биринчи саҳифасига қалтироқ қўл билан ёзилган “1” рақамидан, дунёга шоҳ асарларини тақдим этган шоиру шуаронинг камолоти эса оддийгина “А” ҳарфининг ўзига унча ўхшамаган суратидан бошланади.

Ҳа, айнан шундай. Зеро, устозлар ҳеч қачон иккиланмай ўқувчиларининг жажжигина қўлларидан тутиб, ҳар бир ҳарфни, ҳар бир рақамни ёзишга ўргатади. Қилолмаган ишларимиздан биз бир бор ғам чексак, устозларимиз ўн карра кўпроқ алам ютади. Муаллимлар асли шундай, улар башариятни доимо эзгуликка, ҳақиқатга, маърифату маънавиятга чорловчи сарбонлар, билимлар оламининг ҳақли эгаларидир. Устоз ўз илм зиёси билан гўё оламларни нурга тўлдирган қуёш мисолидир. Ҳамма замонларда ҳам маърифатли инсонлар, муаллиму мураббийлар қадрланган. Хусусан, муқаддас динимиз таълимотида ҳам олиму фозиллар, маърифат фидойилари, илм эгалари эъзозланган. Ҳа, ислом илм ва ирфон динидир. У ўрганишга, ўргатишга ва тадқиқ этишга ундайди. Динимизда муаллимлар энг юксак мақомдаги кишилардандир. Ҳазрат Навоий: “Муаллим зоти эзгулик ва маърифат йўлининг беминнат чароғбонидир”, — деган. Устозлик асли халқимизнинг қонида бор. Илмий ва адабий мерослари асрлар оша етиб келган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари улуғ сиймолар фан ва маданиятнинг ёрқин юлдузларига айланиши ҳам ўша замонлардаги устозларнинг мевасидир. Бурҳониддин Зарнужийнинг “Таълимул мутааллим фи ториқил тааллум” асари мусулмон дунёсида катта шуҳрат қозонган. Олимларнинг таъкидлашича, ислом тарихида ёзилган таълим¬тарбияга оид энг машҳур икки китобнинг бири айнан мана шу асар бўлган. Асарда устоздан илм олиш жараёнида ниятни тўғри қилиш, илм аҳлларини улуғлаш, таҳсил олишнинг қулай вақтлари, устозлардан илм олиш жараёнида талаба ўзини қандай тутиши лозимлиги, олимнинг ахлоқий фазилатлари қандай бўлишига оид боблар мавжуд. Умуман олганда, мовароуннаҳрлик машҳур фақиҳ Бурҳониддин Зарнужийнинг ушбу асари ва ундаги масалалар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. XII аср ўрталарида Бухорода бўлиб ўтган бир эҳтиром намунаси бизгача ибратли ривоят тарзида етиб келган. Ушбу шаҳар қадимдан олиму фозилларга бешик бўлган. Илмий мунозаралар, маърифий мажлислар ушбу даврда ҳам Бухоро ижтимоий ҳаётида одатий ҳол эди. Ривоятларга қараганда, ана шундай мажлисларнинг бирида маъруза ўқиётган аллома дераза томонга кўз ташлар экан¬у, аҳён¬аҳён ўрнидан турар, сўнг яна ўтириб, дарсни давом эттираркан. Шунда толиби илмлар устозининг ҳаракатидан таажжубга тушиб, бунинг сабабини сўраганларида, олим: “Биласизми, сизларга дарс ўтаётиб, мадрасанинг деразасидан қарасам, ҳовлида бир гуруҳ болалар ўйнаб юрган экан. Уларнинг ичида менга ёшлигимдан илм сирларини ўргатган, тўғри йўлни анг лашимда меҳнати сингган устозимнинг набираси ҳам борлигини кўриб қолдим. Илмни улуғлашнинг талабларидан бири уни сенга ўргатган кишини — устозингни ардоқлаш, ҳатто унинг авлодларига ҳам ҳурмат кўрсатишдан иборат. Шу сабабли устозимнинг набираси дераза олдига яқинлашганида устозимнинг ҳурмати юзасидан ўрнимдан турдим”, — дея бўлган ҳолатнинг сабабини тушунтириб берибди. Ҳа, бу халқимизнинг қон¬қонига сингган устоз-шогирдлик муносабатининг кичик бир кўриниши, ота¬боболаримиз ўз муаллимларига чексиз эҳтиромда бўлганининг ёрқин исботи. Бугунги кунда бу ибрат ҳар бир фарзанд ва ота¬она, ҳар бир устоз учун қанчалик зарур эканини яхши англаймиз. Илм¬фан, таълим ва тарбия — тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор¬ўқитувчилари ва илмий¬ижодий зиёлилар бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилади. Инсон қалбига йўл, аввало, таълим¬тарбиядан бошланади, дейди буюклар. Шу сабабли ҳам қачонки бу ҳақда гап кетса, мўътабар ота¬оналаримиз ҳамда ўқитувчи ва мураббийларимизнинг олижаноб меҳнатларини ҳурмат билан тилга оламиз. Айниқса, бугуннинг ислоҳотлари ўлароқ, айни пайтда азиз устозларимиз янада қадрланиб, ҳурмату эъзоз топмоқдалар. Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм¬фан ва таълим¬тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб¬қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз таълим тизими яратилмоқда. Ўқитувчи¬ мураббийларнинг доим изланиб, янгиликка интилиб яшаётгани, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб бораётгани соҳадаги ислоҳотлар жараёнида устоз -мураббийларимизнинг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулияти ўзгарганидан дарак. деб ёзган эди Абдураҳмон Жомий. Дарҳақиқат, умрининг энг тотли дамларини илмга ташна ўқувчилари учун бахшида қилган, ҳар қалбга маърифат уруғини сочган инсондан¬да буюкроқ зот бўлиши мумкинми?! Бугунги шиддатли замон олдимизга мураккаб вазифаларни қўймоқда. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга эришиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни илм¬фан, маънавият, маърифат ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак. Оламни илм билан безаган, маърифат билан англаган, қалб кўзлари ила кўрган азиз муаллимлар ўз шогирдларини ҳам ана шу йўлдан етаклайдилар, мана шу гўзалликлардан баҳраманд этадилар. Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймизки, қадри буюк, номи улуғ устозларимиз доимо соғ-омон бўлишсин. Уларнинг машаққатли ва масъулиятли касблари, залварли меҳнатларидан уфуриб турган эзгулик зиёси биз ёшларга ҳам ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.

Муҳаммадамин Насриев, Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН газетаси № 201 (723), 2022 йил 30 сентябрь, жума

 

Top