muslim.uz

muslim.uz

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр жанобларига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Шу муносабат билан ушбу олий таълим муассасасида ташкил этилган тадбирда университет кенгаши қарорига мувофиқ жаноб элчига таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун фахрий профессор унвони топширилди.  

Меҳмет Сурейя Эр илмий фаолияти давомида АҚШнинг қатор университетларида ўрта асрлар Усмонли турк қўлёзмаларини тадқиқ қилиш борасида катта ютуқларга эришган. Матншунослик бўйича юқори илмий қийматга эга бўлган докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.  

У Туркия ҳамкорлик ва координация агентлиги (ТИКА) Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бошқармаси бошлиғи сифатида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон маданияти, тарихи тадқиқи борасида катта тажрибага эга бўлган. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганидан сўнг ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани эса ўзбек халқига бўлган чексиз эҳтироми намунасидир.

Меҳмет Сурейя Эрнинг ташаббускорлиги натижасида университетнинг Туркия олий таълим муассасалари билан алоқалари ривожи янги босқичга кўтарилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Туркиянинг Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул Маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Бугун ана шу ҳамкорлик натижасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илк бор халқаро қўшма магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси сифатида тарихга кирди.

 
UzA

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга ғам-ташвиш етса, ушбу калималар билан дуо қилсин, деганларида, бир киши: «Эй Расулуллоҳ мана шу калималардан бебаҳра қолган киши хасоратдами» деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Сўнгра, «Бу калималарни ўзинглар айтиб, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Ким бир нарса талабида ана шу калималарни айтса, Аллоҳ ундан хафаликни кетказиб, хурсандчилигини зиёда қилади», деб ўша калималарни айтдилар:

اللهُمَّ إنِّي عَبْدُكَ ابْنُ عَبْدِكَ ابْنُ أَمَتِكَ نَاصِيَتِي بِيَدِكَ مَاضٍ فِيَّ حُكْمُكَ عَدْلٌ فِيَّ قَضَاؤُكَ؛ أَسْأَلُكَ بِكُلِّ اسْمٍ هُوَ لَكَ سَمَّيْتَ بِهِ نَفْسَكَ أَوْ أَنْزَلْتَهُ فِي كِتَابِكَ أَوْ عَلَّمْتَهُ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ أوِ اسْتَأْثَرْتَ بِهِ فِي عِلْمِ الغَيْبِ عِنْدَكَ أَنْ تَجْعَلَ القُرْآنَ نُورَ صَدْرِي وَرَبِيعَ قَلْبِي وَجِلاَءَ حُزْنِي وَذَهَابَ هَمِّي.

«Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий».

(Маъноси: Мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг зурриётиман. Пешонам Сенинг қўлингда. Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Сенинг ҳукминг одилдир. Ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган ёки халқингдан бирор кишига ўргатган ёки ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайманки, Қуръонни дилимнинг нури, қалбимнинг баҳори, маҳзунлигимни аритувчи ва ғамимни кеткизувчи қил).

Ибн Сунний ривоятлари.

 

mehrob.uz

"Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай".

Улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг бу ҳикматли сўзлари дунё мусулмонлари учун шиорга айланган десак муболаға бўлмас.

Илм талабидаги инсон эса Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз ва мукаррам саналади.

Толиби илмларни эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш савоби ва мукофоти улкан амаллардандир.

Вақф хайрия жамоат фонди томонидан диний таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.

Зеро, фонднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу.

Бугун, диний таълим муассасалари талабалари орасидан энг иқтидорлиларига тақдим этиладиган "Имом ал Бухорий" стипендиясининг илк ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси Маҳаммадхонова Муҳлиса, Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 7 020 000 сўм билан мукофотланди.

Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, ушбу стипендия соҳиблари келажакда аждодларимиз каби етук олим, фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишади.

Сафимизга қўшилинг: @vaqfuz

— Азалдан ота-боболаримиз тезак (таппи)ни тандирга ёқиб нон қилиб келган. Ҳозир ҳам баъзи қишлоқларимизда шундай қилишади. Лекин унинг шаръий ҳукми ҳақида эшитмаган эканман. Тезак ёқиб пиширилган нонни еса бўлади-ми?

— Ҳайвоннинг гўнги ва қуритилган тезагини ёқиб унда пиширилган таом ва нон ҳалол бўлади. Уламолар тезак ёқилиши билан у истиҳола бўлади, дейишган. Яъни олов сабабли моқияти ўзгаради.

Нажосатни поклашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, ювиш, артиш, ерга суртиш. Фуқаҳоларимиз ўзларининг фатво китобларида жумладан шундай дейдилар:

“Нажосатни поклашнинг яна бир йўли ёқишдир. Тезак ёқилса ва у кулга айланса, Имом Муҳаммаднинг наздида поклигига ҳукм қилинади. Шунга фатво берилган” (“Хулосатул фатаво”, “Фатавои Ҳиндия”).

Аллома Ҳаскафий эса бундай дейди: “Тезакнинг кули нажас ҳисобланмайди. Акс ҳолда барча диёрларда нонни (тезак билан пишириш оқибатида) нажас бўлиши келиб чиқарди” (Дуррул мухтор).

Агар тандир тезак билан қиздирилса, унда нон ёпиш макруҳ, агар тандирга сув сепилса, макруҳлик йўққа чиқади. (“Фатавои ҳиндия”, “Қуня”)

Демак, тезак ёқиб нон пиширилса, нон пок ва истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қолаверса, бу иш азалдан одамлар орасида оммавий эҳтиёжга айланган. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Канадалик имо-ишоралар тили ўқитувчиси Исломни қабул қилгани, болаларга соддалаштирилган шаклда динни тушунишларига ёрдам бераётганини гапириб берди.

Женни Молендик консерватив насроний бўлган полиция ходими ва ҳамширанинг оиласида туғилиб ўсди. Тилшунослик ва америка имо-ишоралар тили факультетида таҳсил олаётган қиз мусулмон тенгдошлари билан диний баҳсларда қатнаша бошлади ва тушунчалари бой бераётганини англади.

"Саволларимга жавоб топдим, 2006 йилнинг 14 май куни эса Исломни қабул қилдим. Бу менинг ҳаётимдаги асосий қарор бўлди", - дея Женни Анадолу агентлигига берган интервьюсида.

"Отам турли сайтлардан олинган Ислом ҳақида ҳар хил нарсаларни кўчириб, менга жўнатганлар. Улар менга нотўғри танлов қилганимни исботламоқчи бўлдилар. Улар хафа бўлганини тушунаман. Лекин улар Ислом нималигини билмас эдилар. Онам янада қўрқиб кетди. Улар менинг турмуш қуришимдан, болаларимни ҳеч қачон кўрмаслигидан, қандайдир ертўлада қулфланиб қолишимдан қўрқардилар".

Ота-она қизга таъсир қилиб, уни насронийликка қайтаришга ҳаракат қилган. Женни ўз қароридан қайтмади ва тез орада у бир турк Сами Дивлевий билан танишиб, унга турмушга чиқди. 2012 йилдан бери муслима муаллим Истанбулда яшаб келмоқда. Вақт ўтиши билан унинг ота-онаси Ислом ҳақидаги салбий қарашларидан қутилишди.

Женни турк тилини ўрганиб, дин асосларини болаларга содда сўзлар билан тушунтириш учун лингвистик билимларидан фойдаланади. Муслима аёл беш фарзанди билан Instagram саҳифасини юргизиб, у ерда ёш авлод учун Ислом ҳақида хабарларни жойлаштиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top