muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 30 Май 2017 00:00

Қадрли ойдаги қутлуғ ташриф

Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда, ўзгача тароват ила давом этмоқда. Юртдошларимиз гўзал ва шинам масжидларда эмин-эркин, тинчлик-хотиржамликда ибодатларни амалга оширмоқдалар. Ҳар бир намозхон қалбида розилик, шундайин диёрни насиб этган, уни офияту ноз-неъматлар билан ўраган Аллоҳ таолога шукроналик жўш уруб турубди.

Шундайин муборак дамларда самарқандликлар яна бир хурсандчилик, яна бир фарахбахш дамларга мушарраф бўлишди. 28 май Рамазон ойининг 2- куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Самарқандга ташриф буюрди.

Ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми қўним топган Имом Бухорий мажмуасига келган меҳмон, бу даргоҳга сўнги пайтларда амалга оширилган бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан яқиндан танишди.

Таровеҳ намозини айнан “Имом Бухорий” жоме масжидида адо этган И.Иномов у ерда бўлаётган хатми Қуръон ва намозхонлар кайфияти билан танишиб, йиғилганларга муфтий ҳазратларининг саломларини етказди ҳамда тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш каби долзарб мавзуларда сўз юритди.

Қадрли меҳмон маъруза давомида Рамазон ойи фазилати, бу ойнинг Қуръон ойи дейилишининг сабаби, унда қилиниши, эътибор қаратилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Самарқанд вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

 

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Парвардигор бизга енгиллик истайди

Яратганга беадад шукрлар айтамиз. Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзани фарз қилди ва ушбу ойни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради, сабрни, меҳр-шафқатни ўрганамиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон ана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу ойда кўпроқ эҳсон, садақалар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, дея марҳамат қилади (Бақара сурасининг 185-ояти).

Рамазон ойида тутилган рўза орқали вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш билан охиратдаги оғир машаққатдан қутилиши Фурқон сурасининг 75-76-оятларида қуйидагича маълум қилинган:

Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалари билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир”.  

Рўза-очлик ва чанқоқлик каби қийинчиликдан иборат. Бу эса рўзадордан сабр-матонат талаб қилади. Ушбу очликка сабр қилган инсон собир бандалар қаторидан жой олади. Собирларга ваъда қилинган мукофот эса абадий жаннатдир. Роббимиз барчамизга ибодатларни чиройли адо этишда сабр ато этсин.

Сабр тўғрисида Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди».

Зумар сурасининг 10-оятида:

…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур дейилади.

Сабр ойи бўлмиш рамазони шарифдан унумли фойдаланиб, сабр деб аталмиш фазилатга эришишга маҳкам бел боғлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўзининг собир бандаларининг қаторига қўшса. 

Абдулазиз Бобомирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Ўхшаши йўқ ибодат

Рамазоннинг фазилатини рўза тутганлар билади. Рўзадорнинг танаси ҳолсизланса-да, кўнгли тўқ, нафсининг жилови қўлида, руҳи тетик бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”, дея марҳамат қиладилар. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Ана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр бўлади. Рўза тутмаган вақтларда ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рўза сақловчидир. Рўзадор киши  фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”.

Рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан асрайди. Рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалларнинг олдини олади, яхшиликларга сабаб бўлади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига юзланганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Саҳардан шомгача еб-ичишдан чекланган нафснинг ифторлик чоғидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Аввало, ибодатни адо этганидан, катта савобга эришганидан, қолаверса, ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли кўтарилади. Охиратда эса тутган рўзаси туфайли жаннатда шодланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни доим Яратгандан сўраймиз. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини ана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади.

Ҳақиқатан, рўзанинг фазилатлари битмас-туганмас хазина каби. Бу ҳақда қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойидан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Баъзи кунлари долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоблар олмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизга берилган бебаҳо неъматдир.

А.ҒАНИЕВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий  ишлар бўйича мудир муовини

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

فضيلة صلاة التراويح

        دخل الى ديارنا الجميل شهر رمضان المبارك. ومن أول ليلة من هذا الشهرالمبارك بدأت في أكثر الف مسجد في جمهوريتنا اوزبكستان المستقلة ختم القرآن الكريم وصلاة التراويح.

     وفي بداية الصلاة في المسجد الجامع الكبير الذي يقع في مجموعة "حضرة الإمام" بعاصمة جمهوريتنا القى سماحة المفتي عثمان خان عليموف رئيس ادارة مسلمي اوزبكستان كلمة وهنأ فيها سماحة المفتي مسلمي بلادنا بحلول شهر رمضان المعظم و تحدث لهم عن فضائل هذا الشهر العظيم و عن القيم الانسانية الخاصة للدين الاسلامي في خلال شهررمضان المبارك وعرض فضائل السخاوة والشكر ودعا الى الله تعالى أن تزود نعمه لبلدنا ببركة هذا الشهرالمبارك.

     وبعد ذلك إستمتع المصلين الذين تجمعوا في مسجد "حضرة الإمام" بإستماع تلاوات القرآن الكريم للقراء المهرة أصحاب الصوت الجميل.

 قسم العلاقات الخارجية

 بادارة مسلمي اوزبكستان

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Рамазон ёғдуси (анонс)

Рамазон ёғдуси. “Миллий" телеканалидан муборак ой туҳфаси (анонс)

Top