muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва раҳнамоликларида бир неча йиллардан буён ота-оналарининг хатолари туфайли ўзга юртларда сарсон-саргардонликда яшаган ўзбекистонлик болалар "Меҳр-2" инсонпарварлик операцияси натижасида юртимизга қайтарилди. Улар учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Абдуғофур Ахмедов ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат гуруҳ Сурхондарё вилоятининг Бойсун ва Денов туманларида истиқомат қилаётган, Суриядан қайтарилган болаларнинг яшаш манзилларига ташриф буюрдилар. Уларнинг ташрифи катта шодиёнага айланиб кетди. Болаларни ўз тарбиясига олган боболари ва яқин қариндошлари, болаларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари билан танишиш билан бирга болажонларга совға-саломлар етказилди.

Шундай хайрли ишларнинг мантиқий давоми сифатида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ватанга қайтарилган болалар ҳолидан хабар олиш мақсадида хайрия тадбири ўтказилди. Болажонларга хайрияпарвар ҳомийларимиз томонидан тақдим этилган китоблар, ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида “Қассоблик” номли бир масжид бор. Кўпчилик масжид номини эшитиши биланоқ нима учун бундай аталади, деб сўрайди.

“Масжид 1993 йилда шу ҳудуддаги қассобчилик билан шуғулланувчи кишилар томонидан қурилган бўлиб, номи ҳам шундан”, дейди Вобкент тумани бош имом-хатиби Ғолибжон Очилов.

 

 

Ибодатгоҳ XII асрда Қорахоний ҳукмдорлари томонидан қурдирилган Вобкент минораси тарихий обидаси йўлида жойлашгани учун бу жойдан ўтган кўпчиликка маълум. Пастқамгина хонақоҳ “тўрт” намозхон кирса торлик қилар эди. Ёзда иссиқ, қишда зах олар эди. Шу йили Дўстлик маҳалласи аҳли, саҳоватли кишилар ҳашар йўли билан масжидни қайтадан кенгайтириб қуриш ташаббусини илгари сурдилар. Рухсат олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, масжидда қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

 

 

Ҳозирда халқ ҳашари билан қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳамма ҳаракатда: кимдир цемент, кимдир шағал, кимдир ғишт келтириб Аллоҳнинг уйини бунёд этиш учун ихлос ила хизмат қилаётирлар. Уларнинг кўрсатган ҳимматлари, зарра мисқолчалик хизматлари учун ҳадиси шарифларда ваъда қилинган улуғ ажрлар, жаннат мукофотлари насиб бўлсин иншааллоҳ!

 

 

Лойиҳага кўра, янги бино 1200 намозхонни ўз бағрига сиғдиради. Бу қишлоқ аҳолиси учун катта эмас. Бунга зарурат бор эди. Сабаби намозхонлар сони анча кўпайган, қолаверса, масжид бир-бирига узвий йўллар билан обод этилаётган етти пир зиёратининг Бобои Самосий ҳазратлари зиёрагоҳига ўтиш йўлида жойлашган. Йўловчилар ибодатларини адо этиб олишлари учун ҳам қулай бўлиши, аёллар учун намозхона ва таҳоратхоналар ҳам ўрин олиши кўзда тутилган.

 

 

Масжид 2020 йилнинг учинчи чорагига тўлиқ битказилиши режалаштирилган. Жамоат ва маҳалла аҳли келишиб янги масжид номини ўтмишда вобкентда ўтган авлиё зотлардан бири “Мири Калон” номларига ўзгартиришни ният қилганлар.

 

 

Аллоҳ таоло байтининг ободлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ҳаракатга Ўзи баракотлар ато этсин, масжид тез орада қад кўтариб, халқнинг қувончига, иймон ва маърифатининг юксалишига сабаб бўлсин!  

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Тошкент-Ўш авмагистралининг А-373 қисми бўйида жойлашган “Қорахитой” жоме масжиди янгидан қурилмоқда.

Масжид катта йўл бўйида жойлашганлигини эътиборга олиб, бу жойда йўловчилар, зиёратчилар учун ўзига хос қулайликлар яратилади. Туман ҳокимлиги томонидан масжид учун қўшимча ажратилган 1.5 га жойда  пастки ертўла қисм билан ҳисобланганда 2500 кишилик хонақоҳ, таҳоратхона, маъмурий хоналар, автотураргоҳ, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона ҳамда ёш гўдаклик оналар учун алоҳида хоналар барпо этилади.  

 

 

Бундан аввал Вилоят бош имом-хатиби катта йўл бўйларидаги таъмирланаётган масжидлар лойиҳасини пухта ўйлаб, йўловчиларга ҳар томонлама юқори шарт-шароитларни таъминлаши юзасидан кўрсатма берган эди. 

 

 

Куни кеча, 19 ноябрь куни эзгу ниятлар билан масжиднинг асосий биносига биринчи ғишт қўйилди. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ва мутасаддилари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар тадбирда иштирок этиб, ибодат уйига бирин-кетин ғишт қўйдилар.

 

 

Йиғилганлар қурилишда жонбозлик кўрсатаётган барча ихлоси баланд ҳашарчилар, саҳоватпеша кишилар ҳаққларига дуолар қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент вилоятида 29 та масжид янги лойиҳалар асосида қайтадан қурилмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали – Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал­-Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз

 

Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

Среда, 20 Ноябрь 2019 00:00

“У жамиятни парчалайди”

Динимизда ёлғон катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ёлғон, барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Аллоҳ таоло ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмаслигини айтиб шундай марҳамат қилади:

«Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, Ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади”, дедилар (Бухорий ривоят қилган).

Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма – гувоҳлик бериш инсонга тилдан етиши мумкин бўлган энг оғир зарар берувчи амал ҳисобланади. Ёлғонни қандай кимсалар тўқиб чиқаришлигини Аллоҳ таоло хабарини бериб айтадики:

«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105-оят).

Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амалларни қилишдан, уларга яқин бўлиб Унинг розилигини тополмай қолишимиздан паноҳ берсин. Ўзи рози бўладиган ишларга йўллаб, қалбларимизни гўзал, хайрли ишларга илҳомлантириб қўйсин!

Мадумаржон МУҲАММАДЖОНОВ,
Учкўприк тумани “Кушки Туркон” масжиди имом-ноиби

 

Янгиликлар

Top