muslim.uz

muslim.uz

Инсон учун ўз ҳаётиданда азизроқ нарса йўқ. Аллоҳ таоло томонидан ато этилдиган умр неъмати унинг учун энг катта омонат ҳисобланади.  Шу боис ислом шариати инсоннинг шаъни, молига, жони ва насабига тажовуз қилишга олиб келадиган барча ишларни ман қилиб қўйди. Бу ҳақда муқаддас манбаларимизда шундай дейилади. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 195-оятида шундай марҳамат қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири, “Дўмбиробод” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадназар домла Қаюмов Тошкент шаҳридаги 131-сонли умумий ўрта  таълим мактабида “Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ” мавзусида юқори синф ўқувчиларига диний-маърифий суҳбат ўтказди.

Имом-хатиб: “Нима учун ушбу мавзу тез-тез тадбирларда такрорланяпти? Чунки ўз жонига қасд қилиш ва бунга уриниш ҳолатлари жаҳон бўйлаб кўпайиб, глобал муаммога айланди. Ўзимизда ҳам бу гуноҳи азимга қўл ураётган кимсаларни эшитиб қоляпмиз.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили 800 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Яъни ҳар 40 дақиқада бир кишининг ўз жонига қасд қилишини англатади, дея маълумот бериб динимизда ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳлиги тўғрисида ҳадиси шарифлар ва ҳаётий ибратлар билан ўқувчиларга тушунтириб берди. Тадбир якунида имом домла мактаб кутубхонасига “Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ” номли китобни ҳадя қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакили томонидан махсус сўровнома эълон қилинди. Унда Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини жорий этишда вужудга келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечимлари, ҳамда соҳанинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги турли хил қарашлар ва фикрлар ўрганилади.
Ушбу сўровнома Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш имкониятлари, муаммолари ва уларнинг ечимларини ўрганишга катта ҳисса қўшади, деган умиддамиз. Тўлдирилган сўровномалар махфий сақланади ва сўровномада иштирок этган шахс хақидаги маълумот ҳам ошкор қилинмаслиги кафолатланади.
Сизнинг сўровномада қатнашишингиз ҳам ихтиёрий бўлиб исталган вақтда ҳеч қандай жавобгарликсиз сўровномада иштирок этишни тўхтатишингиз мумкин.
Сарфлаган вақтингиз, саъй-ҳаракат ва эътиборингиз учун олдиндан миннатдорлигимизни билдирамиз.
Агар бирор саволингиз бўлса, мазкур рақамлар (+998712389797) ёки e-mail Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. орқали Ислом тараққиёти банкининг Ўзбекистондаги вакиллик офисига мурожаат қилишингиз мумкин!

Қуйидаги линк орқали сўровномани тўлдиришингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 25 Апрель 2019 00:00

Энг савобли ташаббус

Ўлкамизда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ва муаммоларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам бериш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида маърифий тадбирлар узлуксиз ҳар бир ҳудудда ўтказилиб келинмоқда.
Бу каби юксак эътибордан мамнун бўлган мана шундай юртдошларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш мақсадида, Тошкент шаҳридаги жоме масжидларда эртанги жума намози олдидан ободонлаштириш ва озодалик ишларига кўмаклашмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 25 Апрель 2019 00:00

Буюк муфассирнинг ишончи

Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳнинг қизларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Отам раҳматли масжиднинг томига чиқиб, тарновлардан бирини созлаётган эдилар. Йўлдан ўтувчилардан бири: “Эй Шайх, нега бундай қиляпсиз?” деб сўради. Шунда улуғ муфассир: “Эртага истисқо (ёмғир сўраш) намозини ўқиймиз!” дея жавоб бердилар”.

Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, ўқийдиган намозининг натижаси гўзал бўлишига, ёмғир сўраб қиладиган дуосининг ижобат бўлишига чин қалбдан ишонган мусулмон ана шундай бўлади.

Биз эртага ёмғир сўраб дуо қиламиз, ёмғир ёғади. Шунинг учун тарновларни созлаб қўйяпман деган маънода гапиряптилар.  

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Аллоҳ таоло бизларни ихлос ва ишонч билан дуо қилувчилардан айлаб, дуоларимизни ижобат қилсин! 

“Қуръон мўъжизалари” саҳифаси маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Саудия Арабистони Подшоҳлиги таълим ва тарбия тизимида ҳар йили ўрта мактаб ўқувчилари томонидан хорижий давлатлар тақдимоти мусобақасини ўтказиш анъанага айланган.

Яқинда ана шундай тадбирлардан бири Риёз шаҳрида жойлашган «Ал-Риссалаҳ» халқаро мактабида ташкил этилди. Мазкур таълим даргоҳининг 7 синфида таҳсил олаётган ватандошларимиз томонидан Ўзбекистон тақдимоти тайёрланди.

Мусобақа талабларига мувофиқ, Ўзбекистон стендида давлат атрибутлари, амалий санъат асарлари, тайёрланган ўзбек таомлари ва ширинликлари, миллий либослар ҳамда мусиқий асбоблар, маданий ва тарихий обидаларнинг суратлари намойиш этилди.

Унда ўзбекистонлик ўқувчилар юртимизнинг тарихи, замонавий давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёти, маданияти, табиати, одамларнинг турмуш тарзи ва ўзбек заминида туғилиб, ижод қилган ҳамда дунё тамаддунига буюк ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар ҳақида ўзбек, араб ва инглиз тилларида маълумот бердилар.

Ўзбекистон тақдимотини юксак баҳолашда, мактаб ўқувчилари ватанимиз маданиятини миллий либосларда ва ўзбек рақс санъати орқали ифодалаганлари, видео лавҳалар ёрдамида эса Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари билан таништирганлари, республикамизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида кенг маълумот берганлари асосий мезон бўлди.

Юртимизнинг Давлат мадҳияси янграган чоғда иштирокчилар қўлларини кўксига қўйиб диққат билан тинглаганлари тадбирнинг кулминацион нуқтасига айланди.

Маҳаллий таълим вазирлиги вакиллари, ишбилармонлар, устоз ва мураббийлардан ташкил топган мусобақа ҳакамлари гуруҳининг хулосасига кўра, 21 хорижий давлатнинг тақдимотлари орасида Ўзбекистон тақдимоти барча номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Тадбир қатнашчиларининг айримлари Ўзбекистон тақдимоти бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Хусусан, «Ал-Риссалаҳ» халқаро мактаби бош директори Хусейн Алининг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда араб давлатлари, шу жумладан, Саудия Арабистони жамоатчилиги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда.

- Мазкур тадбир биринчи навбатда шу даргоҳда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ва тақдимот қатнашчиларининг дунёқарашини янада кенгайтирди. Ўзбекистондек бой тарихга эга бўлган мамлакатнинг дунё тамаддунига қўшган хиссаси хақидаги маълумотлар билан ўз билимларини бойитдилар, - деди у.

Туркиянинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчихонаси масъул ходими Метин Билге Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан фаол ҳамкорлигини юқори баҳолаб, қардош ўзбек халқига хурмати юксаклигини таъкидлар экан, мамлакат тарихи ва маданияти жуда ҳам бойлигини, ўзига хос кўринишда ташкиллаштирилган кўргазма эса ушбу тадбирга ўзгача кўрк бағишлаганини қайд этди.

«Ал-Риссалаҳ» халқаро мактаби ўқитувчиси Кенан Авандаз ўзбекистонлик ўқувчиларнинг иқтидори жуда юқорилиги, уларнинг ижодкорлиги ва билим савияси бошқа тенгдошларидан алоҳида ажралиб туришини билдирди.

- Тадбирда Ўзбекистон тақдимотидан жуда ҳам таъсирландим. Бу давлатнинг табиати, тарихий ёдгорликлари ва миллий маданиятига қизиқишим ортди ҳамда у ерга оилам билан биргаликда албатта сафар уюштираман, - дея таъкидлади у.

«Дунё» АА

Риёз

Манба: https://islom.uz

Янгиликлар

Top