muslim.uz

muslim.uz

Среда, 24 Апрель 2019 00:00

«Баркамол авлод – 2019»

Спорт – соғлик гарови: 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди

 Citius, Altius, Fortius!»

Ушбу сўзларни кўпчилик ўқиган, ҳеч қурса, кўрган ёки эшитган чиқар. Мен ҳам ёшлигимда ойнаи жаҳон орқали ушбу сўзларни ўқиб, уларнинг маъноларига қизиқардим. Анча йил олдин ушбу атамалар Олимпиада ўйинларининг шиори, мазмуни – “Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ” эканини билиб, хаёлимга ярқ этиб Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг Шом аҳлига ёзган мактуби келди. Унда бундай дейилган эди: “Фарзандларингизга сузишни, камон отишни ва от минишни ўргатинглар” (“Канзул уммол”).

Спортчи сузишда “тезроқ”, камон отишда “баландроқ” ва от минишда “кучлироқ” бўлмаса, ғалабага эришолмайди. Демак, бугун ҳам Олимпияада ўйинлари таркибида мавжуд бўлган сузиш, камон отиш ва от миниш бор. Демак, Олимпиада ўйинлари шиорини ишлаб чиқишнинг илҳом манбаи муқаддас Ислом дини экан.

Аслида Олимпиада ўйинлари шиорига айланган мазкур сўзларни илк бор француз ёзувчиси Анри Дидон қўллагани айтилса-да, бироқ бу сўзлар, ҳеч шубҳасиз, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тегишли.

Хўш, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу сўзларни қаердан олган, демоқчимисиз? Унда ушбу ҳадисга қулоқ тутинг: «Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга тўқишни ўргатинглар» (Имом Байҳақий ривояти).

Спорт нафақат инсонни чиниқтириб, соғлом ва бақувват қилади, айни пайтда, иродали, қатъиятли бўлишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.

Ушбу ташаббусларнинг иккинчиси, яъни ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» спорт мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу спорт мусобақасини, таъбири жоиз эса, Кичик Олимпиадага ўхшатиш мумкин.

Спорт мусобақаларида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Муҳаммад ал-Беруний номидаги (Қорақалпоғистон Республикаси), Имом Фахриддин Розий (Хоразм), Мир Араб (Бухоро), Саййид Муҳйиддин махдум (Андижон), “Ҳидоя” (Наманган), “Кўкалдош” (Тошкент шаҳри), Жўйбори Калон (Бухоро), Хадичаи Кубро (Тошкент шаҳри) ўрта махсус ислом билим юртларининг талабалари иштирок этди.

“Жар” спорт соғломлаштириш мажмуасида ўтказилган тадбир, одатдагидек, мамлакатимиз мадҳияси билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» мусобақалари спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат йўналишлари бўйича ўтказилди.

Табиийки, иродали ва кучлилар ҳамиша ғолиб бўлганлар.

 

Мусобақа ғолиблари билан ҳам яқин орада таништирамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг.

Толибжон НИЗОМ

Шаржада ташкил этилган ботаника боғида Қуръон ва суннатда номлари зикр қилинган 50 хилдаги ўсимликлар етиштирилмоқда. Бу ҳақда Golf News ахборот манбаси хабар беради.

Шу сабабдан ҳам у Ислом боғи деган ном олган. Мазкур боғ 2014 йилда Шаржа атроф-муҳитни ҳимоя қилиш уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Ушбу боғдаги ўсимлик ва дарахтлар орасида зайтун, анжир, узум, анор, пальма, заъфарон, акация, хардал каби Қуръон ва суннатда зикр этилган 50 га яқин ўсимлик ва мевалар етиштирилмоқда.   

Бу ерда зиёратга келувчиларга Ислом динининг атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлиши, шифобахш ўсимликларнинг хосиятлари ҳақида маълумотлар берилади. Шунингдек, Ислом ботаника боғида зиёратчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Улар энг хушбуй ҳидли агар ва окалиптус дарахтларини томоша қилишлари мумкин.

2014 йилдан буён ушбу боғни 1 миллионга яқин киши зиёрат қилган.

 

 Манба: https://islom.uz

Морис Букай 1920 йилда Францияда насроний оилада туғилди ва униб-ўсди. У бошланғич таълимни тугатиб, пойтахтдаги университетда тиббиёт бўйича таҳсил олиб, шу соҳада ишлай бошлади. Орадан маълум вақт ўтиб у Франциядаги энг машҳур ва моҳир жарроҳлардан бирига айланди. Унинг жарроҳлик фаолиятида бир воқеа юз бердики, бу воқеа унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборди.

Маълумки, Франция давлати қадимий осори атиқалар, моддий ва маданий меросларни асрашга катта эътибор берадиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. 1981 йилда Француа Миттеран президентликни қабул қилиб олгач, орадан қисқа вақт ўтиб, президент Мисрдан Фиръавн мўмиёсини (жасадини) текшириш, ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказиш учун Францияга юборишни сўради. Бу воқеа 1980 йилларнинг охирларида бўлган эди.  

Шундай қилиб, дунёдаги энг золим кимсалардан бўлган фиръавннинг жасади Мисрдан Францияга олиб келинди. Аэропортда Франция президенти, барча вазирлар ҳамда давлат масъуллари золим ҳукмдорнинг жасадини тантана билан кутиб олдилар. Қабул қилиш маросими якунига етгач, жасад Франция осори-атиқалар марказининг махсус хонасига олиб келинди. Шундай кейин машҳур археолог, антрополог ва жарроҳлардан иборат ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссиянинг жарроҳлик бўлимига профессор Морис Букай раҳбар ва масъул этиб тайинланди.  

Текширувчи жарроҳлар жасадни таъмирлашга эътибор қаратдилар. Аммо уларнинг раислари бўлган Морис эса умуман бошқача фикрда эди. Профессор золим ҳукмдор қандай ўлганига қизиқаётган эди. Шунинг учун унинг қандай сабаб билан ўлганини ўрганишга киришиб кетди. Тун ярмигача жасад ёнида қолиб, ўрганишни давом эттирди. Қаттиқ изланиш ва таҳлиллардан кейин ўлим сабаби аниқланди. Фиръавн жасадидаги кўп миқдордаги туз қолдиқлари уни денгизга ғарқ бўлиб ўлганидан далолат берарди. Унинг ўйлашича, Фиръавн денгизга ғарқ бўлгач, уни чиқариб олиб, мўмиёланган эди.  

Профессор ўйланиб қолди: “Бошқа фиръавнлар ҳам мўмиёланган. Аммо улардан фарқи ўлароқ бу жасад дерли ўзгармай сақланган. Ваҳоланки, бу жасад денгиздан топилган. Шундоқ бўлса-да бузилмаган. Бунинг сабаби нима экан?”

Морис ўзининг янги кашфиёти деб ўйлаган “Фиръавн жасадининг денгиздан топилганлиги, ундан сўнг мўмиёлангани” ҳақидаги матнни тайёрлаётган эди. Шунда кимдир унинг қулоғига: “Шошилмай тур! Чунки, мусулмонлар бу жасадни денгизга ғарқ бўлиб ўлган дейишади” дея пичирлади. Морис бу гапни зудлик билан инкор этди ва бироз ҳайрон бўлди. Ахир бундай қадимий жасаднинг денгизга ғарқ бўлганини замонавий илм-фан ва сўнгги технологиялар ёрдамидагина аниқлаш мумкин эди.

Яна бир одамнинг: “Мусулмонлар ўзлари иймон келтирган Қуръонда бу жасаднинг ғарқ бўлгани ҳақида ва ғарқдан кейин ҳам унинг жуссаси саломат сақланиши борасида қисса бор” деган гапини эшитган Морис даҳшатдан қотиб қолди.

Унинг ҳайрати борган сари ошиб бораётган эди. У: “Қандай қилиб қисса келтирилади? Ахир бу жасад 1898 йилда топилди-ку! Яъни қарийб икки юз йил олдин топилди-ку! Қуръон эса бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ вақтдан бери мавжуд бўлса. Бу ҳол ақлга қандай ўрнашади? Қадимги мисрликларнинг ўз фиръавнларининг жасадларини мўмиёлашини фақат мусулмонлар эмас, балки бутун инсоният аввал билмас эди-ку! Одамлар бу ҳақида яқин йилларда билиб олдилар-ку!” деб ўйларди.

Морис шу каби ўйлар оғушида фиръавн жасадига термулганча тунни мижжа қоқмай ўтказди. Танишининг гаплари қулоғи остидан кетмасди: “Мусулмонларнинг Қуръони бу жасаднинг ғарқдан кейин бузилмай қолиши ҳақида гапирган!”

Морис яна ўзича ўйлай бошлади: “Олдимдаги шу мўмиёланган жасад Мусони қувлаган фиръавн бўлиши мумкинми? Уларнинг Муҳаммади бу ҳақида бундан бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ вақт олдин билган бўлиши мумкинми?! Ваҳоланки, буни мен ҳозир билдим-ку!” 

Морис шерикларидан Таврот китоби топиб беришларини сўради. Улар китобни олиб келишгач, “Чиқиш” китоби деган бўлимидан мана бу жумлаларни топиб ўқий бошлади: “Сув яна ортига қайтди ва денгизга уларнинг ортидан тушган фиръавннинг барча қўшинларини, отлиқларини ва уловларини (сув) ўраб олди. Улардан бирор киши тирик қолмади”.

Буларни ўқиган Морис Букай ҳайрон бўлди. Ҳатто Таврот ҳам фиръавн жуссасининг саломат сақланиши ҳақида айтмаган эди.

Франция Мисрга золим фиръавн мўмиёсини жимжимадор шиша тобутга солиб қайтариб берди. Аммо Морис жасад бўйича сўнгги қарорини ҳали тайёрламаган эди. Фиръавн жасадининг саломат сақланиши ҳақидаги мусулмонларнинг гаплари мавжудлигини эшитганидан бери хаёлида турли ўйлар қайнаётган эди. Нарсаларини олди-да, тиббиёт соҳасига бағишланган катта конференцияда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнашга қарор қилди. У ерда жасадни ёриб кўрувчи жарроҳ мусулмонлар билан кўришиб, масалага ойдинлик киритиб олишни мақсад қилди.

Морис тадбирда қатнашаётган мусулмон олимлар билан гаплашар экан, уларга ўзи кашф этган янгиликни гапириб берди. Яъни уларга “Фиръавн денгизга ғарқ бўлгандан кейин бузилмай сақлангани” ҳақида сўзлади ва буни ўзининг “кашфиёти” дея таъкидлади. Шунда олимлардан бири Қуръон олиб келди ва уни очиб, мана бу оятларни ўқиб берди:

    فَالْيَوْمَ نُنَجِّيكَ بِبَدَنِكَ لِتَكُونَ لِمَنْ خَلْفَكَ آيَةً وَإِنَّ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ عَنْ آيَاتِنَا لَغَافِلُونَ

“Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар” (Юнус сураси, 92-оят).

Бу оят Морисга қаттиқ таъсир қилди. Бутун бадани титраб кетди. Барча олимларга қараб туриб, баланд овозда: “ИСЛОМГА КИРДИМ ВА УШБУ ҚУРЪОНГА ИЙМОН КЕЛТИРДИМ!” деди.

Морис Букай тадбирдан сўнг Францияга қайтди, аммо умуман бошқа одам бўлиб қайтди. Профессор янги кашф этилаётган илмий ҳақиқатларнинг Қуръони Каримга мос келишини ўрганиб, шу иш билан шуғулланиб ўз юртида ўн йил яшади. Шу муддат давомида бутун ғарб оламини титратган, олимларини ларзага солган машҳур китобини ёзди. Ушбу китоб “Қуръон, Таврот, Инжил ва замонавий илм” номи билан нашрдан чиқди.

Хўш бу китоб қандай нуфузга эга бўлди?

Илк нашр тез фурсатда сотилиб тугади ва яна қайта нашр этишга киришилди. Шундай қилиб бу китоб қайта нашр этилишдан ташқари француз тилидан араб, инглиз, индонез, форс, турк, немис тилларига таржима қилинди.

Қалбини Аллоҳ муҳрлаб қўйган кўплаб “олимлар” ушбу китобга раддия ёзишга уринишди. Аммо бу уринишларнинг барчаси муваффақиятсиз бўлди.   

Қизиғи шундаки, бу китобга раддия билдиришга уринган кўплаб кишилар китобни яхшилаб ўқиб чиқишганидан сўнг раддия беришни тўхтатиб, шаҳодат калималарини айтиб, Исломга кирдилар!

Профессорнинг машҳур сўзларидан бири: “Қуръон арабларнинг савиясидан ҳам, бутун оламнинг савиясидан ҳам, кейинги асрлардаги олимларнинг савиясидан ҳам, йигирманчи асрдаги ривожланган, тараққий этган бизнинг илмий савиямиздан ҳам юқори туради. Бу китоб уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) кишидан содир бўлиши мумкин эмас. Бу эса Муҳаммаднинг пайғамбарлиги собит эканига, у ваҳий қилинадиган Набий эканлигига далилдир!”

Франция академияси 1988 йилда профессор Морис Букайга мамлакатнинг катта мукофотини топширди.

Профессор 1998 йилда вафот этди. 

 

Доктор Роғиб Саржонийнинг “Мусулмон бўлган буюклар” номли китоби асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Жануий Суматрадаши Палембанг кўргазмалар марказида Индонезия архипелаги тарихига доир бўлган қўлёзма ва чоп этилган ноёб китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Жануби-шарқий Осиёда биринчи бўлиб чоп этилган Қуръони карим ҳам қўлёзмалар қаторида Адабиёт ҳафталиги доирасида кўргазмага қўйилди. Бу ҳақда The Jakarta Post нашри хабар берди.

Ушбу кўргазма Палембанг катта масжидида якшанба кунига қадар давом этиши маълум қилинган.

Кўргазмага қўйилган Мусҳаф 1848 йилнинг августида чоп этилган бўлиб, минтақада голландлар томонидан дастлабки тошбосма усулида чоп этиш дастгоҳи ўрнатилгач чоп этилган. Ушбу даврда бир қанча ададда чоп этилган Мусҳафларнинг икки донаси ҳозиргача сақланиб қолгани маълум. Бири музейда бўлса, бошқаси шахсий коллекцияда сақланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Куч билан балки кўп нарсага эришарсан, аммо муҳаббат ва эҳтиромга эришолмайсан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Руҳий жиҳатдан кўп эзилувчилар ёлғончилар жамиятида яшовчи ростгўйлардир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Севувчи қалб ўзига дунёни сиғдирса, ҳасадчи қалб ўз соҳибини ейди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кўпчилик одамлар бошқа жойга бориб яшасам бахтли бўламан деб ўйлайдилар. Аммо бошқа жойда ҳам ўз нафслари билан бирга бўладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ким ошқозонига (нималар кириб-чиқаётганига) эътибор бермаса, бошқа нарсаларга ҳам эътибор бермайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўлмоқчимисан? Ўзингни денгизга от. Ана ўшанда чўкиб кетмаслик учун, тирик қолиш учун қандай курашишингни кўрасан. Аслида сен ўлишни эмас, балки ичингдаги “Муаммолардан қутулиш учун ўзимни ўлдиришим керак” деган васвасани ўлдиришни истайсан!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тилдан бошқа барча аъзолар қарийди ва чарчайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Душманингнинг гапларига яхшилаб қулоқ сол. Уларнинг гапларида дўстларинг айтмай яширган ҳақиқатлар бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 *****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Янгиликлар

Top