Янгиликлар

Бухорога ташриф

Жорий йилнинг 21 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан юртимизга келди. У ўз ташрифини Бухоро шаҳрини зиёрат қилишдан бошлади.

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга Бухоро жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган шаҳарлардан бири. Буюк алломалари, бетакрор тарихий обидалари билан халқимизни, мамлакатимизни бутун дунёга танитган ушбу шаҳар Тошкент, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимиз қатори бутун жаҳонга машҳур.

Мамлакатимиз билан маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида яқин ҳамкорлик ўрнатган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташриф доирасида аждодларимизнинг буюк даҳоси, мамлакатимиз илм-фанининг чуқур илдизларидан далолат бериб турган Арк қалъасини бориб кўрди. Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилди. Ушбу ноёб обида тарихи, юртимизнинг қадимий шаҳарсозлиги, илм-фан ва ҳунармандчилиги ривожи ҳақида берилган маълумот жаноб Си Цзиньпинда катта таассурот қолдирди.

Ташриф доирасида меъморий ечимига кўра бетакрор обида – Сомонийлар мақбараси ҳам зиёрат қилинди. Ўта аниқ симметрик ўлчамлар, ғоят мураккаб геометрик ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган мақбарага Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин юксак баҳо берди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Пойи Калон мажмуида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилган эди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат ушбу меъморий ансамбль олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Си Цзиньпин Бухоро ипак гиламлари кўргазмалар залида қўли гул ҳунармандларимиз тўқиган ноёб буюмларни кўздан кечирди.

Қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрига қилган ташрифидан сўнг жаноб Си Цзиньпин ўзбек халқининг бой маданий мероси, меъморий обидаларига, амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

6405 марта ўқилди

Янгиликлар

Top