muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

 “БИР ҲАДИС ШАРҲИ: “....биздан эмас” ҳадислар туркуми” 

Муҳтарам жамоат! Қурьони карим ва ҳадиси шарифларда ислом аҳли учун берилган кўрсатмаларда фақат эзгуликка даъват этилган. Инсонларни ўзаро аҳил, меҳр-оқибатли, адолатли бўлиш каби қатор инсонийлик фазилатларга чақириш динимизнинг асосий мақсади экани барчамизга кундек равшан. Шунинг учун ҳам динимиз ёлғончилик, хиёнат, фирибгарлик, бераҳмлик ва золимлик каби иллатларни қоралайди ҳамда бундай амалларни содир этувчиларни комил имонли мўминлар қаторида ҳисобламайди. Бугунги мавъизамизда ана шу мазмундаги ҳадислардан айримлари билан батафсил танишамиз.

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан бири бозорда бўлаётган ишларни айнан ўзлари кузатиш эди. Ана шундай кузатишларидан бири ҳикоя қилинган ҳадисда шундай дейилади:

أنَّ رَسولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ مَرَّ علَى صُبْرَةِ طَعامٍ فأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا، فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا فقَالَ: "مَا هذا يَا صاحِبَ الطَّعامِ"؟ قالَ أَصَابَتْهُ السَّماءُ يا رَسولَ اللهِ، قالَ: "أفَلا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعامِ كَيْ يَراهُ النَّاسُ، مَن غَشَّ فليسَ مِنِّي"

 (رواه الإمام مسلم عن أبى هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир буғдой сотувчининг олдидан ўтиб, қўлларини буғдой уюми ичига тиқсалар, унга ҳўллик тегди. Шунда: “Эй, буғдой эгаси, бу нимаси?” деб сўрадилар. Шунда у киши: “Ё Расулуллоҳ унга ёмғир теккан эди”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиз ўша жойини одамлар кўриши учун тепасига чиқариб қўймайсизми?” деб танбеҳ бердилар ва изидан: “Ким алдаса, биздан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бошқа бир қанча ҳадисларида “биздан эмас”, деган машҳур иборани ишлатганлар. Бу иборадан нимани назарда тутганликлари борасида уламоларимизнинг бир-бирига яқин шарҳлари мавжуд. Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида мазкур иборани “бизнинг йўлимизда ва суннатимизда эмас” маъносида деб шарҳлаб, бу иборани ишлатилиш – ўша гуноҳнинг нақадар оғир эканига ишорадир деганлар. Шунга ўхшаш фикрларни имом Нававий ҳам келтирганлар. Айрим уламоларга кўра, ушбу иборанинг маъноси “комил имонли мўминлардан эмас, балки имонлари борку, лекин нуқсонли”, деб ҳам шарҳлаган.

Ҳадисда исломнинг ҳалоллик ва омонатдорликка нақадар катта аҳамият бергани кўриниб турибди. Шундан келиб чиқиб бозор ва савдо марказларидаги мутасаддилар вақти-вақти билан мана шундай текширув ва назоратларни ўтказиб, юртдошларимиз ҳақига ҳиёнат қилаётганларга нисбатан танбеҳ ва огоҳлантириш бериб туришлари ўрни келганда жазога тортишлари ҳам тўғри бўлар экан.

Муҳтарам азизлар! Ҳадисдаги энг муҳим ибратлардан бири бугунги кундаги кўплаб савдогарларда етишмаётган одатни баён қилиб берилганидир. У ҳам бўлса, молнинг айбини ошкор қилиб сотишлик. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сиз ўша жойини одамлар кўриши учун тепасига чиқариб қўймайсизми?”, деган сўзлари тасдиқлаб турипди. Башариятга муаллим ва гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилган зот бундай ёлғон ёнида сукут сақлашлари мумкин эмас эди. Ҳақиқий раҳнамолар ана шундай бўлишлари керак. Бундай ёвузликлардан пора ёки таниш-билишчилик эвазига кўз юмиб кетмасликлари лозим. Уларга барча инсонлар ҳақ-ҳуқуқлари омонат топширилган. Мана шундай ўринда ундайларни кечириш булар учун раҳмдиллик эмас, балки бу пасткашлик, хиёнат ва очкўзликдир. Ҳақиқий комил имонли мусулмон биродарларига фақат яхшиликни раво кўради. Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

لَا يُؤْمِنُ أحَدُكُمْ، حتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ ما يُحِبُّ لِنَفْسِهِ

(متفق عليه أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Бирортангиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча (комил) имонли бўлмайди” (Муттафақун алайҳи).

Мусулмон ўзини бошқалар томонидан алданишини ёқтирмас экан, демак, у бошқаларни ҳам алдамаслиги керак. Мана шу сабабдан динимизда ёлғон, алдов ва ҳийлакорлик ҳаром қилинган.

Савдо-сотиқдаги алдов турлари жуда ҳам кўп. Буларнинг барчаси ҳаром. Аввало, тарози ва ўлчовлардан уриш. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 وَأَوْفُوا الْكَيْلَ إِذَا كِلْتُمْ وَزِنُوا بِالْقِسْطَاسِ الْمُسْتَقِيمِ  ( الإسراء: 35)

яъни: “(Савдо-сотиқда) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилингиз ва тўғри тарозида тортингиз! (Исро сураси, 35-оят), деб марҳамат қилган ва бу буйруқ шаклида келгани учун вожибликка далолат қилса, бошқа оятда тарози ва ўлчовдан урувчиларнинг ҳолига вой ва азоби оғир бўлиши баён этилган:

 وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ  (المتففون، 1)      

яъни: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!” (Мутаффифун сураси, 1-оят).

Ана шундай зулм мусулмонлар бозорида ортиқ бўлмаслиги учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан сўнг Саъд ибн Саъид ибн Осни Макка бозорига, Умар разияллоҳу анҳуни эса Мадина бозорига масъул қилиб тайинлашлари ҳам бежиз эмас. Бу эса у зотнинг бозор ишларига эътибор бериб, тарозибонни ҳалол ўлчаб-тортиши, адолатли ва мурувватли бўлишига жиддий қараганларини англатади.

Сувайд ибн Қайс разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимизга келдилар ва бозор аҳлининг ўлчаб-тортиб берадиган тарозибонига: 

 يا وَزَّانُ زِنْ وَأَرْجِحْ 

(رواه الإمام أبن ماجة عن سوَيْدِ بنِ قيسٍ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, тарозибон, ўлчанг ва палласини оғир қилинг”, деб тайинлаганлар” (Имом Ибн Можа ривоятлари). “Палласини оғир қилинг” деган сўзлари буюмни ўлчаганда, мол палласини оғирроқ қилинг, деганидир.

Бундан ташқари бугунги кунда сутга сувни, асалга қиёмни, цементга қум ёки бошқа моддаларни  аралаштириш, нархни кўтариш учун сунъий харидор бўлиш, содда одамларни лаққилатиш каби алдов турлари кенг тарқалди. Охиратдаги савол-жавобни унутган инсон қиёфасидаги шайтонлар томонидан янгидан-янги фирибгарликлар “кашф” қилиниб келинмоқда. Молларни ишлаб чиқарилган жойларини нотўғри айтиш ёки яшириш, аслий бўлмаган молларни  аслий дейиш, сунъий буюмларни табиий дейиш ва бошқа фириб ёки алдовлар кўпайиб кетди.

Шунингдек, бугунги кунда ҳаётимизга электрон ҳисоб-китоблар, пластик карталарни амалиётда кенг қўллашлик кириб келгани учун қаллобликнинг яна бошқа янги-янги турлари пайдо бўлди. Айниқса, одамларга интернет орқали қилинадиган савдоларда сифатли молни кўрсатиб, сифатсизини бериш ёки картанинг махфий кодини сўраб олиб, кейин ундаги маблағларни ўзлаштириб олиш каби зулмлардан жуда кўплаб юртдошларимиз азият чекмоқдалар.

Бундай қаллобликлар савдо-сотиқдан ташқари кўплаб касбларда ҳам ўзига мос равишда амалга оширилмоқда. Кира қилишликда масофани сунъий кўпайтириш, қурилишда материалларни керагидан кам ёки ишончсиз бўлганларини ишлатиш, шунингдек, йўл қурилиши, ҳаттоки дорихонаю шифохоналарда ва бошқа кўплаб соҳаларда турли-туман кўзбўямачиликларга йўл қўйилиши ҳам хиёнат ва ноҳақ йўл билан бойлик орттиришга киради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло била туриб хиёнат қилишликдан қайтариб, бундай марҳамат қилади:

  إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٍ كَفُورٍ (الحج، 38).

яъни: “Албатта, Аллоҳ барча хоин ва ношукурларни суймас” (Ҳаж сураси 38-оят). Қолаверса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида:

َﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ

 (رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир”, деганлар  (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.

Ҳаром луқмадан ва бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин! Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ

(رواه الإمام ابن حبان عَنْ جابر بن عبد الله رضي الله عنهما)

яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар  (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Мусулмонлар ҳар доим омонатдорлик хислатлари билан бошқа халқларнинг меҳр-муҳаббатини қозона олганликларига тарихда жуда ҳам мисоллар кўп. Лекин инсонларнинг бошига қийинчилик тушгандан фойдаланиб қолиш мусулмон кишисига ҳеч қачон тўғри келмайди. Афсуски, юртимизга атиги бир-икки кун чироқ ўчиши сабаб келган синов пайтида айрим ватандошларимиз шахсий манфаатни ҳамма нарсадан юқори қўйиб, халқига хиёнат қилишга мойилликларини кўрсатиб қўйишди.

Муҳтарам азизлар! Агар биз ҳақиқий исломни даво қилсак, ўзимизга юклатилган барча ишларга сидқидилдан ёндошайлик. Агар бундай қилмасак, ўз халқимизга, миллатимизга ва унинг тараққиётига қарши курашгандек бўлиб қоламиз. Қайси ишда хиёнат аралашса, албатта, ундан барака олиб қўйилади. Ундай инсонлар бизнинг сафимизда бўлишга лойиқ эмас. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам нам буғдойни яширган кишига қарата жуда ҳам оғир сўзни айтдилар: “Ким алдаса, бизлардан эмас”.

Бу каби ўта оғир сўзларини Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир қатор ўринларда ишлатдилар. Жумладан, бир ўринда бундай марҳамат қилдилар:

مَن حَملَ علَينا السِّلاحَ فلَيسَ منَّا

رواه الإمام البخاري عن ابن عمر رضي الله عنه

яъни: “Ким бизларга қарши қурол кўтарса, бизлардан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари). Маълумки, юртга ва халққа хиёнат энг катта хиёнатлардан ҳисобланади. Ҳадисдан кўриниб турибдики, халқига диндошларига қарши қурол кўтаришни ҳаром қилган исломни ниқоб қилиб олиб, турли юртлардаги жангариларга қўшилиб кетаётганларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “бизлардан эмас”, демоқдалар.

Муҳтарам жамоат! Динимизда бузғунчилик, оилаларнинг тинчини бузиш ва эр-хотин ўртасини ажратиш ҳам жуда катта жиноятлардан ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам бундайларни бизлардан бўлишга лойиқ эмасликларини таъкидлаганлар:

لَيْسَ مِنَّا مَن خَبَّبَ اِمْرَأَةً عَلَى زَوْجِهَا أَوْ عَبْدًا عَلَى سَيِّدِهِ

رواه الإمام أبو داود عن أبى هريرة رضي الله عنه

 яъни, “Хотинни эри ёки қулни хожаси билан ўртасини бузганлар бизлардан эмас” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бугунги кундаги энг разил ва энг хунук бузғунчиликлардан бири мана шу ҳадисда келтирилган хали никоҳлари бор бўлиб бирга яшаб турган жуфтнинг ўртасини бузишдир. Айрим ичида фисқ-фужури бор кимсалар бировларнинг хотинини авраб, гўёки уларни яхши кўргандек қилиб кўрсатиб, ажрашишликка олиб келадиган сўзларни изҳор қилади. Ахир динимиз бировнинг ҳали уйланмаган, шунчаки совчи қўйган аёли устига совчи қўйишликдан қайтарган бўлса, бировнинг никоҳидаги аёлга кўз олайтиришни қандай оқлаши мумкин. Албатта, бундай қилганлар бизларни сафимизда бўлишга лойиқ эмас.

   Азизлар! Китоб динимиз, тарихимиз ва бошқа барча соҳадаги илм-маърифатимизни оширишга хизмат қилувчи энг асосий восита. Бизнинг диёр азалдан алломалар юрти бўлгани учун қадимдан юртдошларимиз қўлларида бир қатор қимматбаҳо ва нодир китобларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари мавжуд. Уларни айрим нотўғри йўллар орқали бойлик орттиришга ҳарис инсонлар одамлардан арзимас пулга сотиб олиб, қинғир йўллар орқали бойликларимизни хорижга чиқиб кетишига ҳаракат қилиш йўли билан халқимизга хиёнат қилиб келаётганлар бор.

Афсуски, баъзи юртдошларимиз бундай асарларни сақлаш қонун-қоидаларига риоя қилмасдан уларни уйда сақлаб, ачинарли ҳолатларга келиб қолганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун кимда мана шундай аждодларимиздан мерос қолган қўлёзма ва тошбосма асарлар бўлса, соҳа мутахассислари билан маслаҳат қилиб, сақлаш учун зарур ҳарорат ва намликни таъминлашга ҳаракат қилишлари ёки махсус марказларга топширишлари мумкин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни динимизга тўлиқ амал қиладиган, ёлғон, хиёнат каби разил сифатлардан сақланадиган, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ яшайдиган ва бошқаларга фақат яхшилик улашадиган бандалардан бўлишимизни насиб айласин! Омин! 

Вторник, 15 Февраль 2022 00:00

Фитначимисан, эй Муоз?

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу масжидда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эди. Қавмининг олдига борганида уларга ҳам намоз ўқиб берар эди. Бир куни у намозларидан бирига Бақара сурасини зам қилди. Намозда унга саҳобалардан Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳу иқтидо қилган эди. У намозини тез ўқиб, сўнгра боғига бориб хурмоларини суғормоқчи эди. Муоз намозни чўзиб юборгач, Ҳаром ибн Милҳон намозни тарк қилди. Ўзи ўқиб олиб сўнгра боғини суғоргани кетди. Муоз намозни тугатгач Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳунинг қилган ишини унга бошқалар айтишди. Шунда Муоз розияллоҳу анҳу: “У мунофиқдир!”, деди.

Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳу Муоз розияллоҳу анҳунинг гапини эшитгач, ундан шикоят қилиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Муоз ҳам ўша ерда эди. Ҳаром ибн Милҳон деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Мен боғимни суғормоқчи эдим. Намоз ўқигани аввал масжидга кирдим. Муоз намозни чўзиб юборгач, намозни бузиб ўзим ўқиб олдим ва боғимни суғоргани кетдим. У эса мени мунофиқ дебди.

  Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Муозга қараб дедилар:

- Сен фитначимисан, эй Муоз?! Намозни чўзиб юборма. Аммо “Саббиҳисма”ни, “Ваш шамси ва зуҳоҳа” ва шуларга ўхшашини ўқигин!

©️ shoshhanafiy

Понедельник, 14 Февраль 2022 00:00

20 ёшида кашшофга айланган шоҳ ва шоир

Бобур халқимизнинг ҳар жиҳатдан етук, ғоят истеъдодли бир фарзанди эди.

«Бобур феъли – сажиясига кўра Сезарга қараганда севишга арзигуликдир», – деб ёзади унинг таржимонларидан Эдуард Холден.

У ўта нотинч, сарсон-саргардонликда кечган умрини зўр салоҳияти туфайли жозибали қила олди. Унинг ҳаёти фақат қаҳрамонликлар ила эмас, ижодкорлик, бунёдкорлик билан ҳам тўла эди. У 20 ёшида янги бир ёзув – «Хатти Бобурий»ни кашф қилди. Ажойиб шеърлар ёзди, девон тарғиб қилди. «Бобурнома»дай улкан тарихий-бадиий асарни яратди. Мусиқа билан шуғулланди. «Чоргоҳ» мақомига «савт»лар яратди. 
Бобур ўзбек ва тожик тилларида эркин ижод этди. Бобур шеърларининг маълум қисми ҳасби хол хусусиятига эга бўлиб, шоир ҳаётининг муайян бир лавҳаси билан боғланади. Ҳар бир шеърнинг ёзилиш тарихи бор.

Бобур лирик асарларининг мавзу кўлами кенг ва хилма-хилдир. У воқеаликни, хусусан, ижтимоий фикрни, ижтимоий ҳаётни кенгроқ қамраб олишга ҳаракат қилади ва бу соҳада кўпгина ютуқларни қўлга киритади. Кишиларнинг маънавий қиёфаси, дин, тасаввуф, ҳокимият ва маърифат масалалари, ёр ва унга бўлган муҳаббат, ватан ҳақидаги ўйлар, унга интилиш, замондан норозилик, ҳаётни севиш Бобур лирикасининг мавзулари ҳисобланади. Мураккаб ва зиддиятли ҳаёт ва кураш йўлини босиб ўтган Бобурнинг ўзи бу лириканинг марказий қаҳрамонидир.

Бобурнинг кўпгина шеърларининг мазмунини Ватан иштиёқи, ғурбат ҳасратлари, соғинч кайфияти ташкил этади. Бу бевосита шоирнинг мураккаб ҳаёти ва кураш йўли, шодиёна аламли саргузаштлари билан боғлиқ. Бобур темурийлар салтанатини сақлаб қолиш, Мовароуннаҳрда йирик ва мустаҳкам давлат қуришга интилди. Бироқ бу орзулари амалга ошмади. У ватанини ташлаб кетди. Ундан олисда кўплаб машаққатларни бошидан кечириб яшади. Буларнинг ҳаммаси шоир қалбидан қоғозга кўчди, шеърга айланди:

Кўнгли тилаган муродга етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши.
Бу икки муяссар ўлмаса оламда,
Бошни олиб бир сориға кетса киши,– дейди шоир.

Шоир шеърларининг бир қисми анъанавийдир. Лекин деярли ҳаммаси бениҳоя самимий туйғулар билан йўғрилган. Бобур шеърларининг кўпчилиги Ватан ҳақидадир. Улар Ватандан жудолик азоби, у билан бирга бўла олмаслик изтиробларини ифодалайди. Шоир буларнинг ҳаммасини тақдирдан деб билади. Ўзини бахтсиз, толеъсиз деб ҳисоблайди. Толеъсизлик билан чиқиша олмайди. Алам билан Кобулни, Ҳиндистонни забт этади, бироқ бундан кўнгли таскин топмайди. Ҳеч бир юрт унинг учун ўз Ватанидек бўлмайди. Аксинча, «Ҳинд сори» боришни «хатолиғ», «юз қаролиғ» ҳисоблайди. Шоир ёзади:

 Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
 Не ишниким айладим, хатолиғ бўлди.
 Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
 Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Халқимизда шундай ажойиб бир нақл бор: «Яхшилик қил, сувга сол, сув билмаса, балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ билар»! Ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилмоқ керак. Бу Бобур ҳаётининг ҳам, ижодининг ҳам бош шиорларидан эди. 
 Борига элга яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ,   Ким дегайлар дахр аро қолди фалондин яхшилиғ, – деб ёзади у. Шоир фикрича, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам албатта қайтади. Қайтмасдан иложи йўқ. Унинг рубоийларидан бирида шундай мисраларни ўқиймиз:

 Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидир,
 Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидир. 
 Яхши киши кўрмагай ямонлиғ ҳаргиз,
 Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидир.

Хулоса шуки, Бобур шеъриятининг мавзуси хилма-хилдир. Унда ҳаётга қайноқ меҳр акс этган жўшқин ғазаллар ҳам, афсус-надомат тўла шеърлар ҳам ўрин олган. Шоир гоҳ дунёнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган киши сифатида фалсафий мушоҳада юритади, одамларни ҳар қандай ҳолда яхшилик қилишга чорлайди.

Амриддин Икромов, 

Тошкент давлат транспорт университети 

академик лицейи, ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари

Страница 87 из 1849

Янгиликлар

Top