muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида учинчи бор ўтказилган Шайха Фотима бинт Муборак Халқаро Муқаддас Қуръон мусобақасининг натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда khaleejtimes.com нашри хабар берди.

Мусобақа якунларига кўра:

Биринчи ўринни баҳрайнлик қория Сора Муҳаммад Абдуллоҳ ҲАсан Ҳусайни эгаллаган. Унга 250 минг дирҳам миқдоридаги пул мукофоти берилган.

Иккинчи ўринни эса сенегаллик Маимуна Ло қўлга киритган. Мукофот сифатида 200 минг дирҳам берилган.

Учинчи ўринни жазоирлик қория Ҳаула Азуз эгаллаб, 150 минг дирҳам мукофот билан тақдирланган.

Мусобақа доирасида 4-10 ўринни эгаллаган иштирокчиларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилган. Мос равишда тўртинчи ўрин ғолибига 65 минг дирҳам берилган бўлса, ўнинчи ўриндаги қорияга 35 минг дирҳам ҳадя қилинган.

Маълумот учун, Шайха Фотима бинт Муборак Халқаро Муқаддас Қуръон мусобақаси Дубай халқаро Қуръон мукофотининг бир тармоғи бўлиб, 25 ёшгача бўлган аёл-қизлар ўртасида ўтказилади. Тақдирлаш маросими Дубайдаги Ал Мамзар туманида ўтказилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 ноябрь куни Ливан Республикаси Мустақиллиги куни билан мамлакат Президенти Мишел Аунни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлар бошланди.

Қабул имтиҳони жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар бошланишидан олдин Қуръон тиловати ва дуо-и хайрлар қилинди. Сўнгра Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов кириш сўзи билан бошлаб, мактабнинг Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилгани, Ҳадис мактабининг мақсад ва вазифалари, талабаларга қўйилаётган юқори даражадаги талаблар ҳақида тушунтириб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерҳонов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказиб, қабул имтиҳонларининг тартиб-қоидаларини тушунтириб берди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабул ҳайъати томонидан тайёрланган, махсус қопларлардаги имтиҳон материаллари абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида очилди.

Ижодий имтиҳонларга Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари жалб қилинди.

Абитуриентларни саралаб олишда араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга қобилияти бўлган, Қуръони каримни ёд олганлик каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қабул жараёнлари учун Тошкент ислом институтида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилиш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент ислом институти биносида ўтказилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Четверг, 22 Ноябрь 2018 00:00

Тавозелик фазилати

Одаб – аҳлоқ ҳақида сўз юритганимизда машҳур уламолар, “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят).

Тавозелик хорлик билан мутакабирлик ўртасидадир, у кибру-ҳаво ва манманликнинг зиддидир.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фаҳрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мутакабирларни шундай маломат қилиб айтди: “Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон”. (Наҳл сураси, 29-оят).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қалбида заррага кибри бор инсон жаннатга кирмайди”. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбонинг қуйидаги сўзини, Рисолатул Қушайрия соҳиби нақл қилган: “Шараф – тавозеда, иззат-икром – тақвода ва ҳуррият қаноатдадир”.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ҳазрати Шайх Сузук ота таълимоти ва маърифатлари” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, азиз авлиё ва алломаларимиз номини абадийлаштириш, улар мангу қўним топган масканларни обод қилишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.

ЎзАнинг хабар беришича, Давлатимиз раҳбари бир неча бор пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Ушбу ҳудудда зиёратчилар ва ҳунармандлар учун қулай шароит яратилмоқда.

Тадбирда Асқар Обидовнинг “Хожа Аҳмад Яссавий ва Сузук ота” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Китобда Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг шажараси, Сузук ота (Мустафоқул) ҳамда Сузук ота маҳалласи ҳунармандлари, “Сузук ота” мажмуаси ҳақида батафсил маълумотлар, ривоятлар келтирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top