Ўзбекистон янгиликлари

Диний бағрикенглик мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди

Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналиши” мавзусида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда матбуот анжумани ташкил этилди.

Ушбу матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешинчи йўналишида кўзда тутилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Анжуманда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб аниқ белгилаб қўйилганлигини, Конституциясининг 4-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таьминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деган қатъий қонунга амал қилиш зарурлигини қайд этдилар.

Шунингдек, анжуманда ҳозирги пайтда мамлакатимизда 27 миллат вакиллари томонидан тузилган 150 га яқин миллий маданий марказлар фаолият олиб бораётгани, Ўзбекистон телерадиоканаллари орқали 10 та тилда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланиб, эфирга узатилаётгани, шубҳасиз жамиятда тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган барча саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

508 марта ўқилди

Янгиликлар

Top