Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва ИҲТ илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибининг фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Асқар Мусинов билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
ТИВ веб-саҳифасига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ИҲТ билан илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари қардош Қозоғистон вакили Асқар Мусиновни ИҲТнинг ушбу масъулиятли лавозимига сайлангани билан табриклади.
Қайд этилганидек, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг “Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида 2016-йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессияси Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлади, икки ва кўп томонлама шаклларда ҳамкорликни географик жиҳатдан кенгайтириш учун ноёб имконият яратди.
Асқар Мусинов Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом оламида илмий-технологик тараққиётга эришиш борасидаги ташаббусларининг муҳимлиги ва долзарблигини таъкидлади ва уларни амалга оширишда ИҲТ амалий ёрдам беришга тайёрлигини изҳор қилди.
ИҲТ фан ва технологиялар бўйича конференциясини ўтказиш, коронавирус пандемияси шароитида тегишли идоралар ўртасида онлайн учрашувларни ташкил этиш, ИҲТ мамлакатларининг нуфузли университетларида ўқиш учун грантлар бериш бўйича таклифлар алоҳида кўриб чиқилди.
Музокарада томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1756 марта ўқилди

Янгиликлар

Top