Ўзбекистон янгиликлари

Катта йўл ёқасидаги масжидларда аёллар учун ҳам шароитлар ҳозирланмоқда

Мамлакатимиз тарақққиётининг янги даврида масжидларни замонавий шаклда қайта бунёд этиш ва мавжудларини гўзал ҳолатга келтириш ҳамда йўловчи-зиёратчи хотин-қизлар учун алоҳида шароитларни яратишга катта эътибор қилинмоқда.
Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда юртимизда фуқароларининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси саъй-ҳаракати билан 50 дан зиёд жоме масжидлар очилди. Мамлакатимиздаги масжидларнинг умумий сони 2090 тага етди. Жорий йилда 291 та масжид янгидан қуриш режа қилинган, шундан 201 тасида қурилиш ишлари бошланган. Алоҳида таъкидлаш керакки, 25 дан ортиқ маҳалла ичкарисидаги масжидлар диёримизда зиёрат туризмини ривожлантириш режасига мувофиқ, катта йўл ёқаларида қайтадан қурилди.
Мамлакатимизда янги очилаётган, қайтадан бунёд этилаётган, хусусан йўл ёқаларидаги жоме масжидларда хотин-қизлар учун алоҳида таҳоратхона ва мўъжазгина намозхоналар қилинганини кўриш мумкин. Масалан, Тошкент вилояти Янги йўл туманида “Ҳузайфа”, Оҳангарон туманида “Қорахитой”, Олмалиқ шаҳридаги “Хонобод”, Сирдарё вилояти Сирдарё туманида “Бахт”, Мирзаобод туманидаги “Зиё”, Оқолтин туманидаги “Ҳазрати Али”, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Нурул Ислом”, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги “Амир Ҳамза” каби жомеларда мана шундай шароитлар ҳозирлаган.
Қайд этилганидек, охирги йилларда эски масжидларни янгидан қуриш ва таъмир талаб ҳолга келганларини таъмирлашда ҳамда аёллар учун таҳоратхона ва шинам намозхоналар қилиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, диёримиздаги қайтадан бунёд этилаётган масжидларнинг миллий меъморий услуби, қурилиш архитектураси ҳамда ибодат қилиш учун ҳозирланган қулай шарт-шароитлари дунёда камдан-кам топилади. Бунга хорижлик мусулмон сайёҳларнинг бир неча бор иқрор бўлганларининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз.
Юртимизнинг қайси ҳудудига ташриф буюрманг, жоме масжидларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига дуч келасиз. Жорий йилги режамизда ҳам мамлакатимиздаги 100 га яқин жоме масжидни тўлиқ янгидан қуриб фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Айни кунларда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Мана шундай қурилиш ишлари саховатпеша инсонлар ва меҳнатсевар халқимизнинг ҳашари билан бўлмоқда. Мухлис элимиз қаердаки, масжид қурилиши ҳақида дарак топса, мен ҳам ҳиссамни қўшсам, деган илинжда хизматга бел боғламоқда.
Янги Ўзбекистонда Аллоҳнинг уйларини обод ва кўркам қилиш ишлари янада бардавом бўлишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

1279 марта ўқилди

Янгиликлар

Top