Ўзбекистон янгиликлари

РАМАЗОН ҲАЙИТИ 13 МАЙ КУНИ НИШОНЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорини имзолади. Унга кўра, 2021 йил муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 13 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 13 май, пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май — пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон Ҳайити байрами сифатида нишонланиши белгиланди.

Шунингдек, Президентнинг 10 майдаги ПФ-6222-сонли Фармони асосида 2021 йил 14 май (жума) ҳамда 15 май (шанба) кунлари қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди.

Бундан келиб чиқиб, ўзбекистонликлар Рамазон Ҳайити муносабати билан кетма-кет 4 кун дам оладиган бўлишди:

13 май, пайшанба — Рамазон Ҳайитининг биринчи куни (ишланмайдиган байрам куни);
14 май, жума — қўшимча дам олиш куни (барча учун);
15 май, шанба — қўшимча дам олиш куни (барча учун);
16 май, якшанба — умумий дам олиш куни.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1541 марта ўқилди

Янгиликлар

Top