Ўзбекистон янгиликлари

Шукрона: Бу кунлар шукуҳи – Қуръони каримнинг фазилатидандир

15 январь куни Зомин туманидаги “Маърифатли” масжидида – мамлакатимизнинг қоқ ўртасидан бошланган Қуръон байрамининг дастлабки босқичлари вилоятлар бўйлаб давом этмоқда. Бу байрамда ажойиб қорилар кашф этилиши баробарида одамларни ҳайратга солувчи ғаройиб ҳодисалар ҳам содир бўлаётирки, бундан қалбларимиз қувончга тўлмоқда:

Мусобақанинг ҳудудий босқичи Жиззах шаҳридаги мусиқали драма театрида ўтказилди. Одамларимизда Қуръонга муҳаббат кучлилигидан вилоятдаги энг катта залга ҳам томошабинлар сиғмай қолди. ЎзА маълумотига кўра, зал 550 ўринлидир. Ана шу залга сиғмаган ихлосмандлар зиналарда ўтириб кузатишга ҳам рози бўлдилар;

Гулистон шаҳридаги “Осиё” кошонасида бўлиб ўтган мусобақага ҳам ададсиз мухлислар келди. Мусобақа иштирокчиларини қутлаш учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ташриф буюриб, мусобақа ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғаларини улашди. Шунингдек, вилоят ҳокими мусобақанинг энг нуфузли иштирокчиси бўлмиш кўзи ожиз, бироқ қалб "кўзи" очиқ қорига ҳокимлик дипломи ва қимматбаҳо совғасини топширди;

Самарқанд вилоятида ўтказилган Қуръон мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичида самарқандлик 81 ёшга тўлган отахон мухлислар ва иштирокчилар олдида Қуръон тиловати қилиб ҳамманинг эътирофига сазовор бўлди;

Яна бир вилоятда бир қори йигит шундай ажойиб нашид ўқидики, тинглаган одамларнинг барчасининг кўнгли юмшаб кўзларига ёш келди. Илло, Аллоҳ таолони эслаб, Унинг Расулини ёдга олиб кўзга келган ёш кўнгилнинг салимлигидан, муҳаббат оташидандир;

Навоий вилоятида эса Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш учун Навоий шаҳар ҳокими Умарбек Халилов ташриф буюриб, мукофотларни топширди. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокими: “Ушбу мусобақа республикамизда биринчи марта ўтказиляпти. Бизнинг энг асосий мақсадимиз, вилоятимизда қанча қорилар борлигини билиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва илоҳий каломга муҳаббатли одамларни кўпайтиришдир. Илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада қатнашган одам тарихда қолади.

Бинобарин, Худонинг каломини ёдлаган киши, асло кам бўлмайди. Бугун Навоий шаҳримизда ўзга файз кезиб юрибди. У ҳам бўлса шаҳримизда қорилар жам бўлиб, шундай мусобақа ўтказилишидир. Барчага муваффақият тилайман, вилоят ғолибларини республика ва хорижда ҳам фахрли ўринлар олишларини тилайман”, деган эзгу тилакларни билдирди.

Навоий вилояти мутасаддилари мусобақа иштирокчилари ва томошабинларга эҳсон дастурхонлари ёзди ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Бухоро ва Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида ўтказилган Қуръон мусобақалари ҳам таассуротларга, янгиликларга бой бўлди.

Ҳа, азизлар, Сирдарё вилоят ҳокими, Навоий шаҳар ҳокими ва бошқа вилояту шаҳарлар раҳбарларининг Қуръон мусобақасида қатнашиб, муборак Каломни чин ихлос билан тинглаши, совринларни ўз қўллари билан топшириши, қориларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, уларни эъзозлаб оташин нутқлар сўзлаши, унинг ортидан қорилар ва томошабинлар учун тўкин дастурхонлар ёзиши ҳазилакам хурсандчилик эмас. Зотан, буларнинг барчаси Қуръони карим фазилатини сабаб қилган меҳрибон Парвардигоримизнинг лутфу марҳаматидандир. Ҳали олдинда яна қанча вилоятларимизда, пойтахтимизда  ўтадиган шиддатли мусобақалар турибди.

Демак, Аллоҳ таолонинг каломига муҳаббатимизу юртимизга ёғадиган файзу баракотлар, зиёда бўлаверади, иншоаллоҳ.


ЎМИ  Матбуот хизмати

2948 марта ўқилди

Янгиликлар

Top