Ўзбекистон янгиликлари

Эртага Қуръон мусобақаси Сурхон воҳасида!

Азиз Қуръон мухлислари мана бир кунлик танаффусдан сўнг навбатдаги қорилар мусобақаси Сурхон воҳасига кўчмоқда. Бу замин халқимиз довруғини бутун дунёга таратган, азиз авлиёлар қўним топган табаррук маскандир. Қолаверса, мамлакатимизнинг энг сўлим жойи ҳисобланган ушбу воҳанинг қори йигит-қизлари ўзига хос қувваи ҳофизалари ва серқирра фазилатлари билан ажралиб туришади. Шу нуқтаи назардан ташкилий гуруҳ ва ҳакамлар ҳайъати бир кун дам олиб кейин мусобақага астойдил киришиш режа қилишган эди.
Маълумки, сурхон заминида қандай улуғ аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар яшагани, улар Термизий деган ном билан ислом дунёсида қандай ёрқин из қолдирганлари ҳаммага аён. Ҳақиқатан ҳам, бу табаррук диёрдан етишиб чиққан буюк аллома, тўрт юздан ортиқ асарлар муаллифи Ҳаким Термизий ва дунёдаги энг ишончли олтита ҳадис тўпламларидан бирини жамлаган машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий каби зотлар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ҳисобланади.
Сўфий олим, илмий асарлари мадрасаларда қўлланма сифатида талабаларга ўқитилиб келинган, мутафаккир шоир Сўфи Оллоёр ҳоки қўйилган зиёратгоҳ ушбу заминда жойлашган.
Шундай экан азизлар, барча Қуръон ихлосмандларини эртага Сурхондарё вилояти Шеробод туманида бошланадиган Қуръоний зиёфатга марҳабо!
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларда жонли кузатиб боринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2815 марта ўқилди

Янгиликлар

Top