Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: Истиқболли лойиҳалар амалга ошмоқда

Кеча давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Қашқадарё воҳаси мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётган иқтисодий потенциали юксак: табиий бойликлари мўл, чорвачилик ва деҳқончиликка ҳам ниҳоятда қулай ҳудудларидан ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди.

Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга нисбатан 3,1 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,4, капитал қўйилмалар ҳажми 23,5, пудрат ишлари 4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 8, бозор хизматлари 4,2 ва чакана савдо айланмаси 2 фоиз ўсиши таъминланди. Бандлик дастури доирасида 71 минг 706 янги иш ўрни яратилди.

Вилоятда давлат бюджети ва хорижий сармоядорлардан катта миқдорда маблағлар ажратилиб, бугунги кунда сифатли маҳсулот чиқараётган ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишган Президентимиз муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлигида Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида жойлашган “Дорут тиловат” мажмуасини ҳам зиёрат қилди

Таомилга биноан ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Маълумингизки, Амир Темур ҳазратлари ўзи туғилиб ўсган Шаҳрисабзни жуда ҳам яхши кўрган. Ҳатто унинг чевараси Бобур Мирзо “Бобурнома”да бобокалони Шаҳрисабзни салтанатининг пойтахти қилмоқчи бўлганини ҳам ёзган. Соҳибқироннинг фарзандлари ва набиралари, ҳатто чеваралари ҳам бу муаззам шаҳарни ўзгача муҳаббат-ла севганлар.

Бугун юртбошимиз зиёрат қилган Кўк гумбаз масжиди, Шайх Шамсиддин Кулол, Гумбази Сайидон мақбаралари ва ҳужралардан иборат бўлган “Дорут тиловат” мажмуаси ҳам темурийлар даврининг маҳсули.  Улар, асосан, XIV аср охири XV асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган.

Мажмуадаги ҳар бир обиданинг ўзига хос тарихи бор. Кўк гумбаз масжидини Амир Темурнинг набираси, буюк олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек 1434-1435 йилларда қурдирган. Мирзо Улуғбек масжидни отаси Шоҳрух номидан бобоси Амир Темур шарафига бунёд этган. Кириш пештоқининг равоғида уларнинг номлари ва қурилиш санаси битилган.

Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси XIV аср охирида барпо этилган. Шайх Шамсиддин Кулол ал Фохурий Амир Темур ҳамда унинг отаси Тарағай Баҳодирнинг устози ва пиридир. У 1370 йилда вафот этган. Амир Темур устози қабри устига мақбара қурдирган.

Гумбази Сайидон мақбараси 1437 йилда Мирзо Улуғбек фармони билан қурилган. Мақбара ичида XV-XVII асрларга оид бир нечта қабр тошлари бор. Бу қабр тошлар термизлик саййидларга тегишли бўлиб, бир-биридан катта-кичик ҳолатда жойлаштириб қўйилган. Маълумки, саййидлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодидан бўлиб, улуғ зотлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мақбаранинг номи Гумбази Сайидон, яъни Саййидлар гумбази деб ном олган.

Бу ерда саййидларнинг қўйилишининг сабаби ҳам Амир Темурга бориб тақалади. Соҳибқироннинг ўзи саййидларни жуда ҳам ҳурмат қилган. “Тузуклар”ида “(Ҳазрати) Муҳаммад авлодидан бўлганларнинг мартабасини бошқалардан юқори кўтариб, уларнинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйгил. Уларга қанча кўп муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки қайси иш Худо йўлида бўлса, унда исроф йўқдир”, деб ворисларига насиҳат қилган.  Унинг ана шу насиҳатига амал қилган авлодлари ҳам ҳар доим саййидларнинг ҳурматини жойига қўйиб келган.

Давлатимиз раҳбари ушбу қутлуғ масканда уламолар билан эркин мулоқот қилди. Суҳбатда халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди. Уламолар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, хусусан, диний-маърифий соҳада юз бераётган катта ўзгаришлардан беҳад миннатдор эканини изҳор қилдилар. Айниқса, улар Ўзбекистон Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида тавсия бергани учун Президентимизга раҳматлар айтиб, у кишининг ҳақларига дуолар қилдилар. Шунингдек, уламолар бу табаррук танловга бутун вилоятда, жумладан, Шаҳрисабзда ҳам қизғин тайёргарлик кўрилаётганини айтдилар.   

ЎМИ матбуот хизмати

3747 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top