Ўзбекистон янгиликлари

Наманган вилояти ҳокими: “диёримиздаги Ислом динига берилган эркинликни Қуръон мусобақаси дунёга яна бир карра исботлади”

Кеча Наманган вилоятида бошланган қорилар мусобақасининг ҳудудий босқичининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган бир-икки йил давомида дин ва эътиқод эркинлиги соҳасида жуда катта тарихий ишлар қилинди. Бу ишларни бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Айниқса, 2017 йил 19 сентябрь куни Юртбошимизнинг БМТдаги чиқишларида биринчи марта буюк муҳаддис Имом Бухорий номларини зикр қилганлари, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва “Мир Араб” олий мадрасаси ташкил этиш каби улуғвор ишлари фикримизнинг яққол исботидир. Шунингдек, ҳаж ва умра зиёрати учун номзодларни ижтимоий адолат тамойили асосида сараланаётгани аҳоли томонидан мамнунлик билан кутиб олинмоқда. Табаррук қадамжоларни обод этиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Наманган вилоятидаги “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳида қилинаётган ишлар бунга мисол бўла олади. “Ҳидоя” мадрасасини шаҳримизнинг энг сўлим жойидаги муҳташам бинога кўчириб ўтказилгани мўмин-мусулмонларни ниҳоятда хурсанд қилди.
Ўз навбатида айтиш керакки, юртимиздаги бундай диний эркинликларга кимдир дўстлик ва яна кимдир душманлик қилмоқда, айримлар маломат тошларини ҳам отишмоқда. Бир нарсани айтмоқчиманки, диёримиздаги Ислом динига берилган эркинликни, катта шодиёна билан ўтаётган Қуръон мусобақалари бутун дунёга яна бир карра исботлаб берди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, турли хил рўйхатдагиларни чиқарилиши, минглаб фуқароларимизни жазодан афв этилиши жуда катта иш бўлди. Нотўғри йўлларга кириб қолганлар аслида динни яхши билмаганидандир. Мана шундай файзли тадбирлар эса ҳақиқий Исломни ёшларга етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш учун жуда катта ҳисса қўшади. Бу амалда ўз исботини топиб ҳам бўлди...
Шунингдек, очилиш маросимида бошқа мутасадди кишилар ҳам сўзга чиқиб, табрик сўзларини билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3136 марта ўқилди

Янгиликлар

Top