muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 20 октябрь куни Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган отинойилар учун ўқув семинар ташкил этилди. Бу ҳақда ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва диний вазиятни соғломлаштиришда отинойиларнинг ўрни ва ролини ошириш” мавзуси остида бўлиб ўтган семинарда бугунги кунда хотин-қизлар ўрасидаги мавжуд ҳолат, муаммолар ҳақида сўз юритилди. Махсус ҳисобдан чиқарилган аёллар, жазони ижро этиш муассасаларида муддат ўтаётган фуқароларнинг оила-аъзоларининг ижтимоийлашувига кўмаклашиш, маҳаллаларда аёл-қизлар ўртасидаги ижтимоий муаммолар, ёшлар онгига салбий таъсир қилаётган иллатлар ва уларнинг ечимига доир кўрсатма ва йўналишлар берилди. Бидъат-хурофотларга қарши курашиш бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди.

Отинойиларнинг жамиятда ижтимоий ҳаётни барқарорлаштиришдаги ўрни беқиёслиги жиҳатидан уларни янада жонбозлик кўрсатишга, билим ва кўникмаларини доимий ошириб бориш, ҳамиша хизматга камарбаста бўлишга чақирилди.

Самарқанд шаҳридаги “Концерт залида” бўлиб ўтган семинарда 600дан зиёд отинойи иштирок этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Дубай маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга барча 10800 та таксида бепул интернетга киришни тақдим қилади, деб хабар берди АТОРга таяниб Kun интернет нашри.

Wi-Fi тизимини жорий қилиш билан шуғулланадиган компания дастлаб бу хизматга талабни ўрганиб чиқади.

“Сиз Wi-Fi’га эга барча 10 минг машинани бир соатда ишга тушира олмайсиз, бунинг учун турли одамлар бу хизматдан қандай фойдаланишини билишингиз керак”, деб айтган компания вакили.

Дастурчиларнинг фикрича, аэропортдан меҳмонхонага йўлда электрон почтани текшириш ва мессенжерларда мулоқот қилиш учун Wi-Fi’дан фойдаланадиган талайгина сайёҳлар топилади.

Дубай таксиларида интернет сайёҳлар учун янгилик эмас. 2016 йилда илк бепул Wi-Fi Дубай аэропортининг 500 таксисида, 2017 йилда эса тажриба тариқасида 700 та шаҳар машинасида жорий қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18-19 октябрь кунлари Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди.

Ташриф асносида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та ҳужжат имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт берди. Ушбу станция ҳар бири 1200 мегаватт қувватга эга иккита, “3+“ авлодига мансуб энг замонавий ва хавфсиз энергия блокидан иборат бўлади. Атом электр станциясининг ишга туширилиши натижасида катта миқдорда табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши йилига 14 миллион тоннагача, азот оксидлари чиқарилиши 36 минг тоннага камаяди.

Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан Тошкентда икки томон ишбилармон доиралари иштирокида “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди. Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этган форум натижаларига кўра, умумий қиймати 27,1 миллиард долларга тенг 785та икки томонлама битимлар ва меморандумлар имзоланди.

Хусусан, савдо-иқтисодий соҳада 1,76 млрд долларлик 600 битим, инвестиция соҳасида 25,3 млрд долларлик 185 келишув имзоланган.

Эришилган келишувлар эвазига Ўзбекистон ва Россия вакиллари иштирокида 79та қўшма корхона ташкил этилади, 23та янги савдо уйи очилади ва Ўзбекистонда 20та улгуржи савдо марказлари тузилади.

Шунингдек, тармоқлар соҳалардаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва Россия корхоналари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 1,2 миллиард долларлик 242та шартнома ва долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 1,4 миллиард 136та шартнома имзоланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади. Яқин йиллардаги вазифа савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказилади.

Икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган “Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар” мавзуcидаги биринчи Таълим форумида таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик, жумладан, мамлакатда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100дан ортиқ келишув имзолангани қайд этилди.

Форумда Россиянинг 82та ва Ўзбекистоннинг 80та олийгоҳи ректорлари қатнашди.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳамда ушбу давлат делегацияси ташрифи ҳамда унинг доирасидаги тадбирларни ёритиш учун Россия Федерациясидан 27 оммавий ахборот воситаси ўзининг 100га яқин журналист ҳамда техник ходимлари билан иштирок этди. Шунингдек, 10 губернаторнинг ахборот хизмати вакиллари қатнашиш истагини билдирган бўлса, Ўзбекистонда доимий аккредитациядан ўтган 31 журналист ҳам бу жараёнларни ёритишда қатнашди.

Бундан ташқари, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 150га яқин вакиллари ҳам тадбирларни ёритишда иштирок этди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси ҳукумати Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳридаги Султон Бойбарс масжиди реконструкцияси учун 4,5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда “Интерфакс-религия” агентлиги хабар бермоқди.

Ҳозирги Қозоғистон ҳудудида туғилган Бойбарс 1260-1277 йилларда Миср ва Суриянинг султони бўлган. Унинг даврида Қоҳира мусулмон дунёсининг маркази ва аббосийлар халифалигининг пойтахтига айланди.

Azon интернет нашрининг ёзишича, Қоҳирадаги Султон Бойбарс масжиди шаҳарнинг иккинчи энг йирик масжиди ҳисобланади.

Масжидни реконструкция қилиш жами 12 миллион долларга тушади ва ишларни 18 ойда тугатиш режалаштирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 19 Октябрь 2018 00:00

26.10.2018 й. Эҳсоннинг фазилати

 بسم الله الرحمن الرحيم

ЭҲСОННИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:

لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

(سورة آل عمران، الاية-92)

яъни: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).

 Бақара сурасида шундай деган:

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ.

яъни: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ.

яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.

Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида шундай дейди:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

(سورة البقرة الاية-261)

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ عَنْ أَهْلِهَا حَرَّ الْقَبور، وَإِنَّمَا يَسْتَظِلُّ الْمُؤْمِنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّ صَدَقَتِهِ

(رَوَاهُ الإِمَامُ الْطَبَرَانِي)

яъни: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: اَلصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيْئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمُاءُ النَّارَ

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).

Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "اَلصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم)

яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيْثاً فَاحْفَظُوهُ: "مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا، إِلَّا زَادَهُ اللهُ بِهَا عِزًّا، وَلا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ)  

яъни: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

         Хайр-эҳсон  қилган кимсани ҳаққига фаришталар дуо қилишлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: 

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ العِبَادُ فِيهِ إلَّا مَلَكانِ يَنْزِلاَنِ، فَيقُولُ أحَدُهُمَا: اَللَّهُمَّ أعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا

(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ)

яъни: “Ҳар тонг бандалар уйғонганда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, – дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.

Ривоят қилинишича, иши юришмаётган бир камбағал йигит донишманд шайхнинг олдига бориб, ҳаётидан арз қилиб насиҳат сўрабди. Шайх ҳазрат йигитга: “Борингдан эҳсон қилиб тургин”, – дебди. Йигит уйига келиб шайх билан бўлган суҳбатини онасига айтибди. Шунда йигитнинг онаси: “Ўғлим биз бир камбағал одамлар, ўзимиз эҳсонга муҳтож бўлсак, нимани эҳсон қилишимиз мумкин”, – дебди. Ўғил: донишманд шайх бекорга бир нарсани гапирмайди, – деб фақирона бўлсада эҳсон қила бошлабди. Орадан бир муддат вақт ўтиб шайхни бир чиройли бино соҳиби зиёфатга чақирибди. Зиёфатга борган шайхни бир вақтлар ундан насиҳат сўраган камбағал, йигит кутиб олиб: “Сизнинг насиҳатингиз туфайли Аллоҳ ризқимизни мўл-кўл қилиб берди, яна менга насиҳат қилинг”, –дебди. Шунда донишманд шайх: “Молингга ҳаром аралашмасин, молингни ҳаромга сарфламагин, молингни доимо тозалаб тургин ва жамият олдидаги масъулиятингни ёддан чиқармагин”, –деб насиҳат қилибди ва сахий йигитни ҳаққига дуо қилибди.

Муҳтарам жамоат! Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини  аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривояти).

Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари ёпилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда вафот этгандан кейин ҳам савоби узлуксиз бориб турадиган  амаллар ҳақида сўз кетмоқда:

قَالَ رَسُوَلُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ، إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم).

яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсон вафот этса ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амалининг савоби етиб туради. Улар: садақаи жория, фойдали илм, (ота-она ҳаққига)  дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Садақаи жория – кўпчиликка фойдаси тегиб турадиган хайрия ишлар бўлиб, бундай ишларнинг савоби эгасига тўхтовсиз ёзилиб туради. Масалан, киши Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган турли илм даргоҳлари, масжид, мадраса, шифохона, кўприк, йўллар барпо этиши ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга ошириши садақаи жория ҳисобланади.    

         Барчамизга маълумки, сўнги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан халқимизни узоғини яқин қиладиган, кўрганда кўз қувнайдиган, кенг йўллар ва замонавий кўприклар қурилди ва қурилмоқда. Шунингдек, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбаралари обод қилинди. Бир қанча  мактаб, боғча, шифохоналар ва ҳоказо муассасаларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Буларни барчаси ҳадисда мақталган садақаи жория амалларидан ҳисобланади. Демак, мана шундай умумманфаат ишларда иштирок этганлар, охиратлари учун садақаи жорияни захира қилган бўладилар!

 

 

Муҳтарам жамоат! Қуйида эҳсон қилувчида топилиши керак бўлган одоблардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.

  1. Аввало хайр-эҳсонни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиш, унга риё (биров кўрсин) ва сумъани (биров эшитсин) аралаштирмаслик;
  2. Хайр-эҳсонни ҳалол-пок ва ўзи яхши кўрган молдан қилиш;
  3. Хайр-эҳсонни қариндош ва яқинлардан бошлаш;
  4. Хайр-эҳсони билан ғурурланмаслик, ўзига бино қўймаслик;
  5. Миннат ва шу каби хайр-эҳсоннинг савобини кетгазадиган амаллардан сақланиш;
  6. Хайр-эҳсонни ошкор қилмай, махфий ҳолда қилиш, аммо ўзгаларга ибрат маъносида ошкор қилса бўлади;
  7. Хайр-эҳсонни очиқ юз билан, чин кўнгилдан, хурсанд бўлиб бериш;
  8. Хайр-эҳсон қилиш нияти пайдо бўлиши билан, уни кечиктирмай, тезроқ ҳақли кишига етказиш;
  9. Оз бўлса ҳам хайр-эҳсон қилишда бардавом бўлиш;
  10. Хайр-эҳсонни имкон қадар тириклик пайтида қилиш.
  11. Эҳсонни мустаҳиқ кишиларга бериш.

Таъкидлаб ўтиш лозимки,  эҳсоннинг маъноси яхшилик қилиш демакдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва у Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига тушишида бизга маҳалла фуқаролар йиғини яқиндан ёрдам беради. Чунки улар маҳалла фуқароларининг оилавий шароити, беморлари, ногиронлари, муҳтож ва талабаларини яхши биладилар.      

Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!

Янгиликлар

Top