Айрим кишилар оғизларидан нохуш ҳид анқиб туришидан шикоят қилишади. Мутахассислар оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, тишларнинг чириши, яхши ўрнатилмаган протезлар, кечаси олинмайдиган сунъий тишлар, милкдан ажралма чиқиши, овқат қолдиқларининг бурмаларда йиғилиши ҳамда тозаликка эътиборсизлик кабиларни бундай нохушликларга сабаб бўлишини таъкидлашади.
Оғиздаги мана шу ёмон ҳиддан қутулмоқчимисиз?
Қуйидаги фикрлар айнан шу муаммони бартараф этишда асқотади деб умид қиламиз.
Шифокорлар ўрганишлар натижасида оғиздан ёмон ҳид келишининг юқоридаги сабаблари қаторида яна бир асосий сабабини аниқладилар. Улар “Оғиздан ёмон ҳид келишига энг кўп сабаб тил юзасидаги қолдиқлардир” дейишяпти. Ушбу қолдиқлар бактериялардан иборат бўлиб, овқат қолдиқларини парчаловчи хусусиятга эга. Ана шу парчалаш жараёнида оғиздан ёмон ҳид келади.
Тиш шифокорлари “Бу муаммонинг ечими – оғизда қолган овқат қолдиқларидан халос бўлишдир” дейишяпти.
Жумладан, АҚШнинг Огайо штатидаги клиникилардан бирининг врачи доктор Филип Шрайден “Тилга қўшимча равишда тишларингни ҳам чўтка ёки ип билан тозала. Шунда соғлик ва тозалик бўлади” дейди.
Бу айтилганлардан маълум бўлдики, тиш билан бир қаторда тилни ҳам тозалаш оғиздаги микробларни ва ёмон ҳидни йўқотиш учун энг афзал йўлдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга айнан шу услубни тавсия қилган эдилар. Келинг, мана бу ҳадисга қулоқ тутайлик:
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. Мисвокнинг бир тарафи тиллари устида эди”. Имом Муслим ривояти.
Суннати мутоҳҳарадан маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тишлари ва оғизларини тозалашга қаттиқ эътибор берар, бир кунда беш мартадан кўпроқ ювардилар.
Стоматологик касалликлар кенг тарқалган хасталиклар сирасига киради. Бу касалликларга шифо бўладиган дори-дармонлар, воситаларни зикр қилиш билан бир қаторда мутахассислар бунга энг яхши даво деб мисвокни эътироф қилишади.
Ўн тўрт асрдан буён ўзининг беқиёс аҳамиятини йўқотмай келаётган шифо услуби, шаксиз мисвок қўллашдир. Мисвок ҳозирги кунда дўконларда (айниқса масжидлар ёнларида) сотилаётган арзон ва ҳаммабоп гигиеник воситадир. Ҳаттоки, ундан олинган махсус тиш пастаси ҳам ўта қулайлиги билан ажралиб туради.
Мисвок ишлатишнинг кўплаб фойдалари бор. Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради.
Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ўгитлари билан замонавий тиб илмининг стоматология соҳасига бундан ўн тўрт аср муқаддам тамал тошини қўйиб улгурган эдилар.
Абдуддоим Каҳел мақоласи ва
ISLOM.UZ портали маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзиянинг Ислом молияси бўйича шариат маслаҳатчилари ассоциацияси (ASAS) томонидан ташкил этилган “Исломий банк дарчаси” мавзусидаги ўқув-амалий дастурида иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Дастурнинг илк битирувчиларига халқаро сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев давлат раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда ислом молиясини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, элчи жорий йилда соҳани тартибга солувчи махсус қонун қабул қилингани ислом молиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасининг учта устувор йўналиши алоҳида таъкидланди. Биринчидан, бу – қўшалоқ банк тизими бўлиб, унда анъанавий ва исломий банклар ягона регулятор назорати остида параллел фаолият юритади.
Иккинчидан, марказлашган шариат назорати тизими орқали банклар томонидан ўзаро зид фатволар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Учинчидан, “Исломий дарча” модели тижорат банкларида янги инфратузилмани тез ва самарали шакллантириш имконини беради.
Малайзиянинг йирик исломий банкларидан бири – “Maybank Islamic Berhad” бош директори ўринбосари Моҳд Рамазон Фитри Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
У Ўзбекистон банк тизими вакилларига исломий дарчаларни ташкил этиш, зарур молиявий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аудит жараёнларини йўлга қўйишда амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, ASAS бош ижрочи директори Мохтар Абдулла мазкур ўқув дастури давомида ўзбекистонлик мутахассислар ислом молияси инструментлари, шариат бошқаруви ва исломий дарчалар фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирганини таъкидлади.
Тадбир якунида бундай ўқув дастурлари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда шариат тамойилларига асосланган замонавий банк хизматларини самарали жорий этиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати