Бухоро шаҳар «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жомеъ масжидида навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов иштирок этди.
Гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар учун мўлжалланган ушбу суҳбат «Ғийбатдан сақланайлик» мавзусига бағишланди.
Суҳбат давомида иштирокчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид саволларга атрофлича жавоб олдилар. Барча суҳбатлар малакали сурдо таржимон орқали етказилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга ҳомийлар кўмагида ҳадиялар улашилди.
Аллоҳ таоло бу хайрли ишларни бардавом, мукофотли ва манфаатли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати