Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Умар ибн Абдулазиз

2.12.2024   1884   16 min.
Умар ибн Абдулазиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сулаймон ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 96–99; милодий 714717)

Тўлиқ исми: Сулаймон ибн Абдулмалик ибн Марвон. У халифа бўлишидан олдин Рамлага волий эди. Халифаликни отасининг аҳдномасига биноан олди. Унинг отаси ўғиллари Валид ҳамда Сулаймонларнинг кетма-кет халифа бўлишини васият қилган эди. Шунинг учун Валиднинг вафотидан кейин Сулаймон халифа бўлди.

 

Сулаймон ибн Абдулмаликнинг халифалиги

Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлганидан кейин намозни ўз вақтида адо этиш тўғрисида амр чиқарди. Унгача одамлар кимдир аввалрок, кимдир кейинроқ намоз ўқишга одатланиб қолган эди. Унинг ҳукмдорлигининг дастлабки даври ўз шахси учун одамлардан интиқом олиш билан ўтди. Унинг мақсади Валиддан кейин Сулаймон ибн Абдулмалик эмас, Валиднинг ўғли халифа бўлишига маслаҳат қилган таниқли одамлардан ўч олиш эди. Уларнинг ичида Муҳаммад ибн Қосим Сақафий, Қутайба ибн Муслим, шу билан бирга, Ҳажжож ибн Юсуфнинг қариндошлари ҳам бор эди. Сулаймон ибн Абдулмалик уларга қарши қаттиқ жазо чораларини кўрди. Мусо ибн Нусайрни ҳам жазолади.

Сулаймон ибн Абдулмалик ҳижрий 97 (милодий 715) йилда ҳажга бориб, у ерда ўзидан кейин амакисининг ўғли Умар ибн Абдулазизнинг халифа бўлишига аҳднома олди. Бу Сулаймон ибн Абдулмалик қилган энг хайрли ишлардан бири эди.

Фатҳлар

Сулаймон ибн Абдулмаликнинг даврида фатҳлар жуда оз бўлди. Ғарбий жабҳада Маслама ибн Абдулмаликнинг қўмондонлиги остида Қустантинияга қуруқлик ва денгиз тарафдан уринишлар бўлди. У ўша ердан туриб урушни давом эттирди. Қустантинияни фатҳ қилмагунча қайтмаслик тўғрисида қасам ичди. Қустантинияни қамал қилгандан сўнг ҳижрий 99 (милодий 717) йилда ўша ерда вафот этди.

Шарқий жабҳада эса Язид ибн Муҳаллаб ҳижрий 98, милодий 716 йилда Журжон ва Табаристонни фатҳ қилди.

Сулаймон ибн Абдулмалик ҳижрий 99 йилда вафот этди. Унинг халифалиги уч йил давом этди.

 

Умар ибн Абдулазиз
(халифалик даври: ҳижрий 99–101; милодий 717–719)

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даври Ислом тарихидаги энг гўзал, энг чиройли саҳифалардан биридир. У кишининг даврига келиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуларнинг узилиб қолган тарихлари қайта тикланди десак, хато қилмаган бўламиз. Умар ибн Абдулазизнинг даври қисқа бўлишига қарамай, алоҳида аҳамиятга эга, асрларга тенг давр бўлди. Унда Исломнинг мусаффо хусусиятлари намоён бўлди. Бану Умайянинг даврида мана шу хусусиятлар кўринмай қолган эди.

Бу рошид халифанинг тўлиқ исми Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакамдир. Унинг онаси Умму Осим бинт Осим ибн Умар ибн Хаттоб бўлган, яъни Умар ибн Абдулазиз она тарафдан ҳазрати Умарга туташар эди. Бу зот ҳалифа бўлишидан олдин Мадинага амир бўлиб, дабдаба ва маишатга кўмилган киши эди.

 

Умар ибн Абдулазизнинг халифалиги ва унинг амалга оширган энг муҳим ишлари

Умар ибн Абдулазиз амакиваччаси Сулаймон ибн Абдулмаликнинг тавсиясига биноан халифаликни қўлга олди. Бу иш кутилмаганда бўлди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлишни орзу қилмас, бунга интилмас ҳам эди. Лекин у киши халифа бўлгандан кейин ҳамма ишлар бошқа тарафга қараб кетди. У маишатни, роҳат-фароғатни батамом тарк қилди, обид ва зоҳид инсонга айланди. Ўзи учун, аҳли аёли учун ҳаддан зиёд мол-мулк сарфлашни бас қилди. Ўзи ва аҳли оиласи учун байтулмолдан бирор нарса олмайдиган бўлди.

Умар ибн Абдулазиз аёли Фотима бинт Абдулмаликдаги мол-дунёлар, жавҳарларни ҳам хазинага қайтариб берди. Шунингдек, Бану Умайядан уларга берилган ерлар ва ҳибаларнинг ҳаммасини байтулмолга топширди.

Умар ибн Абдулазизнинг даврида жуда катта ислоҳот ишлари бўлди: ерларни ислоҳ қилди, қудуқлар қазитди, масжидлар бино қилди, садақадан, закотдан тушган молларни ҳақдорларига тарқатиб, камбағалликни бутунлай йўқотди. Ҳатто унинг даврида закот ва садақа оладиган одам топилмай қолди. Золим волийларнинг барчасини ишдан олди. Аҳли солиҳлиги, тақводорлиги учун бу халифа кўпчилик томонидан рошид халифалардан дея эътироф этилди.

Умар ибн Абдулазиз оз муддат халифалик қилган бўлса-да, жуда кўп ишларни амалга оширди. Хусусан, у киши ўзининг шахсий ва оилавий ҳаёти билан тилларда достон бўлди. Ўзи илмли одам бўлгани учун илмга ва илм аҳлига алоҳида аҳамият берди.

Ҳижрий I асрнинг охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан «бешинчи рошид халифа» дея тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зухрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадисларни жамлаб китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зухрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди.

Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврларида кенг ҳудудли Ислом давлатида катта миқдорда закот моллари тўпланган, лекин закот оладиган одам топилмай қолган. Бу эса ўша давлатдаги ҳар бир оила закот бериш даражасига етган, деганидир. Шунда уламолар йиғилиб, тўпланган закот молларини «Аллоҳнинг йўлида» деган бандга мувофиқ, Африкада Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак, деган фатво чиқарганлар.

Мулоҳаза қилинадиган бўлса, шу қадар катта ҳудудга эга бўлган давлатда закот олишга ҳақли одам топилмаслиги нодир ҳолатдир. Бу мазкур бепоён давлатда истиқомат қилувчи барча одамлар йил давомида саксон беш грамм тилла миқдоридан зиёд жамғармага эга бўлган деганидир. Бундай иқтисодий тўкинчилик инсоният тарихида мисли кўрилмаган ҳолатдир.

 

Фатҳлар

Умар ибн Абдулазизнинг даврида Ислом аскарларига Қустантинияни қамал қилмасдан, у ердан орқага қайтиш буюрилди. Турк ва Рум юртларида қилинадиган фатҳ ишлари давом этди. Мусулмонлар Франциягача бўлган юртларни фатҳ қилиб бордилар. Баронис тоғларини кесиб ўтиб, Сибтамания ва Буруфонис вилоятларига кириб бордилар. Тулуза шаҳрини қамал қилдилар. Лекин улар Францияда катта зафар қозонмадилар.

Умар ибн Абдулазизнинг даврида урушлар озайди. Исломга даъват қилиш ишлари ҳикмат, мавъизаи ҳасана билан кенг равишда ривожланди. Жуда кўплаб одамлар Исломга кирдилар.

 

Ҳодисалар

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик муддати оз бўлганлиги сабабли аҳамиятга сазовор ички ҳодисалар бўлмаган. Ҳаттоки хаворижлар ҳам ўзларининг қўзғалончилик фаолиятларини тўхтатишган. Умар ибн Абдулазиз билан ҳамфикр бўлиб, кўпчилиги унга бўйсунган ҳам.

 

Аббосийлар даъватининг бошланиши

Рофизалардан бўлган кисоийя фирқаси имомликни даъво қилиб чиқди. Уларнинг даъво қилишларича, имомлик Муҳаммад ибн Алий ибн Абу Толиб ибн Ҳанафийяга бўлиши керак эди. Сўнгра у кишидан кейин унинг ўғли Абу Ҳошим имом бўлиши керак, деган талабни илгари суришди. Абу Ҳошим эса умавийларни танқид қилар эди. У амакисининг ўғли Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдан умавийлар ҳукмронлигини бекор қилишни ва одамларни Оли байтга чақиришни талаб қилди. Бу иш ҳижрий 100 (милодий 718) йилдан бошлаб йўлга қўйилди, яъни одамларни умавийларга эмас, аббосийларга итоат қилишга чақирув бошланди.

 

Умар ибн Абдулазизнинг вафоти

Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 101 йил ражаб (милодий 720 йил январь) ойида вафот этди. У кишининг 2 йилу 5 ойгина давом этган халифалиги Ислом дини ва мусулмонлар учун катта неъмат ва яхшилик бўлди.

 

Язид ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 101–105; милодий 720–723)

Роҳат-фароғатда, эркалик билан ўсган Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон султонликнинг қийматини билмас эди. Халифалик ўз-ўзидан, ҳеч бир қийинчиликсиз, осонгина унинг қўлига ўтди. Умар ибн Абдулазизнинг вафотидан кейин Язид ибн Абдулмаликнинг акаси Сулаймоннинг васиятига биноан халифалик унга топширилди. Язид ибн Абдулмаликнинг Ҳабоба ва Салома исмли икки жорияси бўлиб, уларга бўлган кучли муҳаббати уни машғул қилди ва юрт бошқаруви издан чиқди. Одамларнинг айтишича, суюкли жорияси Ҳабобанинг ўлимидан сўнг Язид ибн Абдулмалик ҳам айрилиқдан куйиб ўлган. Бу ҳақда тарихчилар ривоятлар келтирганлар.

Албатта, Язиднинг беҳуда ишларга, айшу ишратга ружу қўйганлиги бор ҳақиқат, бу ишларни оқлаб бўлмайди. Лекин шу билан бирга, у ҳақда тарқалган ривоятларнинг барчасини тўғри деб ҳам бўлмайди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, улар айрим кишилар томонидан тўқиб чиқарилган. Хусусан, Бану Умайянинг душманлари тарихни ёзаётганда бундай ҳолатларни дастак қилиб олиб, уларга қўшиб-чатиб, турли бўлмағур ривоятларни тўқиган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.

Хулосага кўра, охирги пайтда умавийлар давлатининг бошқаруви, халифалиги ёш, тажрибасиз кишилар қўлига ўтиши фатҳларнинг тўхтаб қолишига, давлатнинг заифлашишига ва охир-оқибат унинг барҳам топишига сабаб бўлган.


Фатҳлар

Ўша даврларда Арманистон ва бошқа баъзи юртлар қайтадан фатҳ қилинди. Сўнг ҳижрий 102 (милодий 721) йилда мусулмонлар мағлубиятга учраб, Франциянинг жанубидан орқага қайтишди. Шу йили Сиқиллия фатҳ қилинди. Ҳижрий 104 (милодий 722) йили Суғд юртларида ҳам фатҳ ишлари амалга оширилди.

 

Ҳодисалар

Ўша даврда Шавзоб исмли одам бошчилигида хорижийлар яна бош кўтаришди. Кўпгина жойларда қўзғалон уюштириб, умавийларни енгишди. Ниҳоят мағлубиятга ҳам учрашди. Бошлиқлари Шавзоб эса ҳалок бўлди.

Ўша даврдаги энг муҳим ҳодисалардан яна бири Язид ибн Муҳаллаб Абу Софранинг Ироқдаги қўзғалони бўлди. Ироқ тарихчилар наздида қўзғалонлар маркази деб аталади. Язид уларнинг устидан ғалаба қозонди ва Ибн Муҳаллабни қатл қилди, Оли Муҳаллабнинг барчасини қириб битирди. Улар маълум даврларда умавийларнинг энг машҳур лашкарбошиларидан ҳисобланган, эришилган кўпгина ютуқларга сабаб ҳам бўлишган эди.


Язиднинг вафоти

Язид ҳижрий 105 (милодий 723) йилда вафот этди, унинг халифалиги тўрт йил давом этди.

 

Ҳишом ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 105–125; милодий 723–742)

Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон ўзининг акаси Язиднинг амрига биноан халифа бўлди. У ўғилларини Румдаги жиҳодга раҳбар қилиб сайлади. Унинг даврида ислоҳот ишлари кенгайди, ерлар обод қилинди. Шунингдек, Расофа шаҳри қурилди, девонлар такомиллаштирилиб, тартибга солинди.

Ҳишом ибн Абдулмалик ўз ишини яхши биладиган, ҳалим, қон тўкишни ёмон кўрадиган одам эди. Лекин шу билан бирга, у бахиллиги билан танилганди.

 

Фатҳлар

Ўша даврда фатҳ ишлари, кўнгилдагидек бўлмаса ҳам, давом этиб турди. Франция ерларида қўмондон Абдурраҳмон Fофиқий ўз аскарлари билан олдинга силжиб, Франция минг марказигача кириб борди. Французлар жуда қаттиқ қўрқув остида қолдилар. Бундай қўрқув бутун Европа бўйлаб барча насронийлар ичида тарқалди. Шундан сўнг улар жамланиб, ўзларига Шарл (Карл) Мартинни лашкарбоши қилиб олишди. Шунда Бувотийя (Пуатье) деган жойда Булатуш-шуҳадо номли катта жанг бўлиб ўтди. Ушбу жангда Ғофиқий ўлдирилди. Лашкар орқага, Франциянинг жануб тарафига чекинишга мажбур бўлди. Ҳижрий 114 (милодий 732) йилда бўлиб ўтган мазкур жанглар Франция учун энг хатарли урушлар эди.

 

Ҳодисалар

Ўша даврдаги қўзғалонлардан яна бири ҳижрий 121 (милодий 738) йилда Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг Куфада Бану Умайяга қарши кўтарган қўзғалони эди. Лекин куфаликлар ўз одатларига кўра у кишини ёрдамсиз қолдиришди. Зайд ибн Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу шиддат билан жанг қилди. Охири ҳижрий 122 (милодий 739) йилда у кишининг иши тугади. Сўнг Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг ўғли Яҳё Хуросоннинг барча шаҳарларида қўзғалон кўтарди. Ҳижрий 125 (милодий 742) йилда умавийлар уни қатл қилишди. Ҳозирги шийъа фирқаларидан зайдийя фирқаси Зайд ва у кишининг ўғли Яҳёга нисбат берилади.

 

Аббосийларнинг даъвати

Мана шу даврда аббосийларнинг даъвати – одамларни ўзларига жалб қилишга қаратилган ҳаракати жуда фаоллашди. Уларнинг маркази Куфада бўлиб, ўз даъватларини бутун Хуросонга тарқатишни кўзлаган эдилар. Умавийлар эса уларнинг даъватчиларини таъқиб қилиб, қўлга тушганларини қатл қилишарди. Бу даъватнинг асосий раҳбарларидан бири Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ҳижрий 124, милодий 741 йилда вафот этгач, ўрнига унинг ўғли Иброҳим бошчилик қилди. Абу Муслим Хуросонийнинг энг катта даъватчи сифатидаги фаолияти ҳам мана шу даврда бошланди.
 

Ҳишомнинг вафоти

Ҳишом ибн Абдулмалик ҳижрий 125 (милодий 742) йилда вафот этди. Унинг 20 йил давом этган халифалик даврида Ислмо давлати заифлик сари юз тутди. Бунга араб халқларининг шимолий ва жанубий минтақа араблари дея иккига бўлиниб, улар орасида мутаассибчиликнинг ривожлангани сабаб бўлди. Хусусан, Хуросонда бу иш кенг тус олди. Бу эсa шийъаларга ўзлари учун янги фойдаларни қўлга киритиб, ғалабаларга эришишлари учун йўл очди.

 

Валид ибн Язид ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 125–126; милодий 742–743)

Валид ибн Язид ибн Абдулмалик отаси Язиднинг аҳдига биноан амакиси Ҳишомдан кейин халифа бўлди. У беҳуда ишлар учун мол-давлат сарфлайдиган исрофчи одам бўлгани учун одамлар уни ниҳоятда ёмон кўришарди. Валид ибн Язиднинг амакиваччаси Язид ибн Валид аҳли солиҳ кишилардан эди. Шу сабабли одамларнинг кўпчилиги маҳфий равишда Язид ибн Валидга байъат қилишганида Язид ибн Валиднинг халифаликдан бўшаши тўғрисида чақириқ билан чиқди. Сўнг ортидан бир жамоа одамларни юбориб, ҳижрий 126 (милодий 743) йилда уни қатл қилдирди.

Валид ибн Язид ибн Абдулмаликнинг халифалик муддати бир йилу уч ой давом этди.

Валид ибн Язид ибн Абдулмаликнинг тутган йўли, мункар ишлари, хато ва камчиликлари ҳақида шу қадар кўп миш-мишлар тарқалганки, улар ҳудди афсонага ўхшаб қолган. Баъзилар уни зиндиқ деб атаган бўлса, баъзилар Қуръони Каримни ҳақорат қилганликда, яна баъзилар эса Ислом таълимотларига ҳужум қилганликда айблашган. Агар бу гаплар асосли бўлса, демак, амакиси Ҳишомнинг уни халифаликдан бўшатиш борасида қилган ҳаракатлари тўғри бўларди. Лекин ушбу гап-сўзларнинг аксарияти асоссиз бўлиб, улар Валид ибн Язиднинг душманлари томонидан тўқиб тарқатилгандир.

Язид ибн Валиддан ўч олишни талаб қилиб кўтарилган қўзғалонлар Марвон ибн Муҳаммад томонидан бостирилган.

 

Кейинги мавзулар:

Язид ибн Валид ибн Абдулмалик;
Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик;
Марвон ибн Муҳаммад;
Умавийлар давлатининг заволга учраши ва Аббосийлар давлатининг тикланиши.

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Аллоҳ нақадар буюк Зот!

25.12.2024   4781   1 min.
Аллоҳ нақадар буюк Зот!

Иккита бир-бирига ўхшаш оят, лекин Аллоҳ таоло уларни икки хил хулоса билан якунлаган:

وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا  إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34)


"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, инсон зулмкор ва ношукрдир" (Иброҳим сураси, 34-оят).

 وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا  إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ (18)


"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).

Биринчи оятда: Инсоннинг Аллоҳга муносабати билан тугатилган!
Иккинчи оятда: Аллоҳнинг бандага муносабати билан тугатилган!

Аллоҳ таоло нақадар буюк Зот! Инсон эса нақадар ожиз ва нодон мавжудот.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ