Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Эҳромдаги эркакнинг оёқ кийими қандай бўлиши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши эҳром вақтида икки оёғига “тўпиқ”ларини ёпмайдиган, улардан паст бўлган оёқ кийимни кияди. Фиқҳий манбаларда таҳоратга доир ҳукмларда келишича тўпиқ деганда оёқнинг икки ёнидан бўртиб чиққан суяк тушинилади. Ҳаж ва умра масаласида эса, тўпиқ деб оёқ юзасидаги пояфзал ипи боғланадиган жойдаги бўғим тушунилади. Бу бўғим фан тилида (бешта узунчоқ) оёқ кафт суяклари ва (понасимон ва кубсимон) кафт усти суяклари бирлашган жойдир. Шундай экан эҳромдаги киши ана шу бўғим очиқ турадиган оёқ кийимларни кийиши керак.
Бу борада “Фатовои Ҳиндия” китобида шундай дейилган:
وَلَا يَلْبَسُ مَخِيطًا قَمِيصًا أَوْ قَبَاءً أَوْ سَرَاوِيلَ أَوْ عِمَامَةً أَوْ قَلَنْسُوَةً أَوْ خُفًّا إلَّا أَنْ يَقْطَعَ الْخُفَّ أَسْفَلَ مِنْ الْكَعْبَيْنِ ، كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ وَالْكَعْبُ هُنَا الْمَفْصِلُ الَّذِي فِي وَسْطِ الْقَدَمِ عِنْدَ مَعْقِدِ الشِّرَاكِ كَذَا فِي التَّبْيِينِ.
“Эҳромдаги эркак киши кўйлак, чакмон, шим, салла, дўппи, махсига ўхшаш тикилган кийимлар киймайди. Аммо маҳси тўпиқни пастидан кесилган бўлса, уни кийиш жоиз. “Тўпиқ” деб бу жойда (яъни эҳром масаласида) оёқни устки қисмидаги ип боғлайдиган жойдаги бўғим назарда тутилади. “Табйин” китобда шундай келган”.
Ушбу масалада “Муҳитул Бурҳоний” китобида бундай дейилган:
وتعتبر الكعب هنا العظم المربع في وسط القدم عند معقد الشراك
“Тўпиқ” бу ерда (эҳром масаласида) қадамни устки қисмидаги ип боғлайдиган жойдаги кубсимон суяк қисмидир, дейилган.
Муҳаққиқ олим, аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ бу борада шундай деганлар:
وَإِذَا كَانَ وَجْهُهَا أَوْ وَجْهُ الْبَابُوجِ طَوِيلًا ، بِحَيْثُ يَسْتُرُ الْكَعْبَ الَّذِي فِي وَسَطِ الْقَدَمِ يَقْطَعُ الزَّائِدَ السَّاتِرَ أَوْ يَحْشُو فِي دَاخِلِهِ خِرْقَةً بِحَيْثُ تَمْنَعُ دُخُولَ الْقَدَمِ كُلِّهَا وَلَا يَصِلُ وَجْهُهُ إلَى الْكَعْبِ رد المحتار
яъни: “Агар эҳромдаги кишининг оёқ кийими юзаси узун бўлиб, оёқ юзасидаги тўпиқни (ип боғлайдиган жойдаги бўғимни) беркитиб қўйса, тўпиқни беркитиб турган қисмини кесиб олиб ташланади ёки оёқ кийимни ичига бирор нарса жойланади. Шунда оёқ тўлиқ кирмайди ва тўпиқ очиқ қолади" (“Раддул муҳтор” китоби).
Агар эҳромдаги киши тикилган кийим ёки тўпиғини ёпувчи оёқ кийимни камида бир кундуз ёки бир кеча (яъни, 12 соат) тўлиқ кийиб юрса, Ҳарам чегарасида битта қўй сўйиши вожиб бўлади. У ерда маблағи бўлмаган киши уйига келганидан кейин бўлсада бир қўйнинг қийматини Ҳарамга жонлиқ сўйиш учун жўнатади. Агар бир кундуз ёки бир кечадан кам муддат тикилган кийим ёки тўпиғини ёпувчи оёқ кийимини кийса, икки килограмм буғдой қийматича пул садақа қилиши вожиб бўлади.
Бу ҳақда “Жавҳаротун-наййиро” китобида шундай дейилади:
وَلَوْ لَبِسَ اللِّبَاسَ كُلَّهَا مِنْ قَمِيصٍ وَقَبَاءٍ وَسَرَاوِيلَ وَخُفَّيْنِ يَوْمًا كَامِلًا يَلْزَمُهُ دَمٌ وَاحِدٌ ؛ لِأَنَّهَا مِنْ جِنْسٍ وَاحِدٍ فَصَارَ كَجِنَايَةٍ وَاحِدَةٍ وَكَذَا لَوْ دَامَ أَيَّامًا لِمَا ذَكَرْنَا
“Агар ҳамма кийимларни: кўйлак, қубо (тўн), шим ёки маҳсини бир кундуз (ёки бир кеча) тўлиқ кийиб юрса, битта қўй сўйиши вожиб бўлади. Чунки бу жиноятларнинг жинси битта, битта жиноят қилгандек бўлади. Жинси битталиги сабабли шу кийимларни бир неча кун кийиб юрса ҳам, битта қўй сўяди”.
Ҳозирги кунда эҳромдаги ҳожилар киядиган аксарият шиппаклар юқоридаги талабларга жавоб беради. Лекин эҳромдагилар гоҳида оёқ кафтининг юз қисмини тўлиқ ёпадиган шиппакларни кийиши ҳам учраб туради. Амалларимиз ҳанафий уламоларнинг фатволарига мувофиқ келиши учун эса мана шундай шиппаклардан фойдаланмаслик керак бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаймизки, ҳозиргача юқоридаги масалага амал қила олмаган ҳолда умра ёки ҳажни адо этган кишиларга ҳеч қандай гуноҳкорлик ва жарималар юкланмайди. Чунки улар ўз даврларидаги фатволарга амал қилганлар. Қолаверса, машҳур шаръий қоидага кўра, омма халқнинг тутган йўли уларга фатво берган уламонинг йўлидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.