Назира келин бўлиб тушганига бир ойча бўлиб қолди. Чоршанба куни тушликка яқин қўшни келин косада таом олиб чиқиб, “Тугун оши қилган эдик, Қуръон ўқиб юборарсизлар. Тугунларимиз ечилиб кетсин” , дея чиқиб кетди. Назира ота-онасининг уйида бундай ҳолатга дуч келмаганидан қайнонасидан тугун оши нима учун қилинишини сўради. Қайнонаси ён қўшниси ҳар ойда чоршанба куни тугун оши, пайшанба ҳолвайтар, чўзма қилиб, қўшниларга тарқатишини, бу одат ислом дини кўрсатмаларида йўқлигини қўшни аёлга қанча тушинтирмасин таомга эътиқод қилишини ташламаганини айтиб берди.
Бошига бирор муаммо тушганида фолбинми, яқинларими билиб-билмай “тугун оши” қилиб юборишни маслаҳат беришади. “Тугун оши” қандай одат? Бу тўғрисида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳақиқатан, баъзи кимсалар чоршанба куни тугун оши қилиб, у орқали муаммолар ечимини ахтарадилар. Жумладан, иши юришмаганда, бирон муаммога дуч келганида, ўғил-қизларининг бахти очилмаганида, келини ёки қизининг кўзи ёриши яқинлашганида бундай ишларни қилиш омма халқ орасида урф бўлган. Аммо бунинг шариатимизга ҳеч қандай дахли йўқ. Аслида ўша чучвара, холвайтар ва бошқа таомлар покиза ҳолатда қилинса, уларни “бисмиллоҳ” айтиб ейиш мумкин. Бироқ улар инсонни бирон муаммодан қутқаради, йўли очилишига сабаб бўлади, деган эътиқодда бўлиш нотўғри!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.
“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).
Ташвиш ва муаммолардан қандай қутулиш лозимлиги ҳақида динимизда бошқа кўрсатмалар келган. Жумладан, бирон ишда иккиланиш бўлса, истихора қилишга, муаммолардан қутула олмай турган бандага кўп истиғфор айтишга, келиши мумкин балолардан сақланиш учун ихтиёрий садақалар беришга тарғиб қилинган. Бироқ таом тайёрлаб, Қуръон тиловат қилиш ва ўша таомга ишониб қолиш мусулмон бандага тўғри келмайди. “Чоршанба муродбахш кун”, деган ишонч ҳам шу билан боғлиқ бўлса ажаб эмас.
Хуллас, халқ орасида кенг тарқалган бу одатлар Исломга бутунлай ётдир. Улар бидъат-хурофотдан бошқа нарса эмас. Унутмайликки, таом пишириш билан ташвиш аримайди, шариатимизда таом устида тиловат қилишга буюрилмаган ёки бу ишга тарғиб ҳам қилинмаган...
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?
— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидов