Икки Муқаддас масжид бош бошқармаси Масжидул Ҳаромнинг барча минораларига қўлда ўйилган, янги зарҳал ҳилолларни ўрнатишни якунлади.
Масжид мажмуасида жами 13 та минора мавжуд бўлиб, унинг тепасидаги ҳилоллар юқори қувватли углерод толали ойна ва олтин билан қопланган. Мазкур ҳилолларнинг баландлиги 9 метр, эни 2 метрни ташкил этади, деб ёзади IslamNews.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жидда шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда 140 та давлатдан вазирлар, муфтийлар, олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ҳамда ҳаж сафарларини ташкил этишга масъул идоралар вакиллари қатнашди.
Анжуман доирасида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонининг вазирлик ва ташкилотлари, соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб, ҳаж сафарларини юқори даражада уюштириш борасидаги илғор тажрибаларни атрофлича ўрганди. Шу билан бирга, делегация аъзолари ҳаж мавсумига тайёргарлик жараёнлари, замонавий хизматлар ва янги тартиб-қоидалар билан яқиндан танишди.
Анжумандаги суҳбатлар, экспертлар тавсиялари, соҳавий семинар-тренинглар ва хорижий делегатлар билан тажриба алмашиш иштирокчилар учун амалий аҳамият касб этди. Шунингдек, 5 гектар жойни ўз ичига олган йирик кўргазма ва амалий учрашувлар эса мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиши, хизматлар сифати ва зиёратчилар учун қулайликлар даражасининг ошишига муносиб хизмат қилади.
Мазкур ҳаж конференцияси бешинчи бор йирик халқаро миқёсда ўтказилди. Анжуман инновацион дастурлар, илғор ташаббуслар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, зиёратларни юқори савияда ташкил этишга оид билимларни оширишда жуда манфаатли бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати