Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2025   |   3 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:55
Қуёш
06:13
Пешин
12:20
Аср
16:28
Шом
18:19
Хуфтон
19:31
Bismillah
25 Сентябр, 2025, 3 Рабиъус сони, 1447

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИГА РИОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДА ФАТВО

31.05.2021   9083   14 min.
ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИГА РИОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДА  ФАТВО

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي شَرَعَ لَنَا الْأَحْكَام وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الأَنَامِ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْعُلَمَاءِ وَالْعَوَامِّ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ الكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ.

Муборак динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Ислом шариати инсоннинг ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш мақсадида одам боласини азиз ва мукаррам деб эълон қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши – Аллоҳ таоло томонидан бандасига ато этилган улуғ неъматлардир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

وَتَحْمِلُ أَثْقَالَكُمْ إِلَىٰ بَلَدٍ لَّمْ تَكُونُوا بَالِغِيهِ إِلَّا بِشِقِّ الْأَنفُسِ ۚ إِنَّ رَبَّكُمْ لَرَءُوفٌ رَّحِيمٌ (7 ) وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً ۚ وَيَخْلُقُ مَا لَا تَعْلَمُونَ (8)

яъни: “Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси 7, 8-оятлар).

Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги учта мақсадларига етишга хизмат қилади:

  1. Ҳаётни сақлаш.
  2. Авлодни сақлаш.
  3. Мулкни сақлаш.

Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар мавжуд. Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.

Исломнинг асос қоидаларидан бири ҳисобланган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ (رواه الامام  ابن ماجه عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни: “(Исломда) Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ(Имом Байҳақий, 133-ҳадис). Ушбу шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Фақат ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно ҳисобланади.

Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво идоралари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – вожиб экани ҳақида хулоса берганлар. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ҳамда уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш жоизлиги  келиб чиқади.

Ҳар бир мусулмон ҳайдовчи ўзининг бепарволиги, маъсулиятсизлиги, автотранспортга хизмат кўрсатиш ва йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига риоя этмаслик оқибатида бахтсиз ҳодиса рўй берса, амалдаги қонунлар асосида жавоб бериши, шариат нуқтаи-назаридан эса гуноҳкор бўлиши ва Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам жавоб беришини унутмаслиги лозим. Қуръони Каримда “Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир....”, – дейилган (Нисо сураси 79-оят).

Таъкидлаш жоизки, айрим мутаассиб шахслар: “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам ворид бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қилмаса ҳам бўлаверади” деган ўта хатарли “фатво”ларни бермоқдалар. Баъзи мусулмонларнинг бу каби найрангларга учиши оқибатида бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари рўй бермоқда. Аслида эса йўлда ҳаракатланишда қоидаларга риоя этиш, одоб ва маданият борасида мусулмонлар пешқадам бўлишлари лозим.

Йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама-қарши йўлга чиқиш оқибатида содир бўлмоқда. Бунинг сабаби, биринчи навбатда шошқалоқликдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда саҳобаларни шошқалоқликдан қайтариб келганлар ва ҳадиси шарифларидан бирида:

التَّأنِّي من اللهِ والعجَلَةُ من الشيطانِ (رواه البيهقي في "السنن الكبرى")

яъни: “Босиқлик – Аллоҳдан, шошқалоқлик – шайтондандир”, деганлар (Имом Байҳақий, 20280-ҳадис).

Шунингдек, йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб, йўловчи олиш, ҳаракатни тўсиб гаплашиб туриш ёки транспорт воситасини йўлнинг ўртасида қолдириб кетиш ҳам шариат ман этган амаллардан ҳисобланади. Саҳл ибн Муоз ўз отасидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу жониворларни яроқли ҳолида мининглар ва яроқли ҳолида тарк этинглар. Уларни йўл ва бозорларда гаплашиш учун курсилар қилиб олманглар”,  деганлар (Имом Ҳоким, 444-ҳадис). 

Абу Сирмадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, – деганлар (Имом Абу Довуд, 3635-ҳадис). 

Инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи Аллоҳ таоло томонидан вақтинча берилган. Ўз соғлиғига зарар етказган одам ушбу қилмиши учун Яратган олдида жавоб беради. Ҳайдовчи ва пиёдалар транспорт йўлларида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги, аввало ўз ҳаётларини, қолаверса бошқа инсонларни ҳам хавф остига қўяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарган:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ

яъни: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси 195-оят).

Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади. Шу боис қатор фатво марказлари ва уламолар, жумладан, Саудия Арабистони муфтияти рухсат этилган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган бўлади, деб фатво берган.

Таъкидлаш жоизки, аксарият йўл-транспорт ҳодисалари маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш сабабли юз беради. Маст ҳолда рулга ўтириш амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш, исломда эса оғир гуноҳ ҳисобланади. Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида машинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Ҳайдовчи машинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин (жавобгар) бўлади. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлади. Чунки ислом шариатида ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади.

Ҳайдовчи ўзининг, йўловчиларнинг ҳамда бошқаларнинг хавфсизлигига
ва саломатлигига ҳам масъул ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан унинг йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиши Ислом шариатида вожиб ҳисобланади.

Шунга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган кишига транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас. Чунки у мазкур қоидаларни бузиш орқали бировларнинг ҳақларини поймол қилади, ўзининг ҳам, бошқанинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди ҳамда омма халқ манфаатларини кўзлаб жорий қилинган низомга қарши чиққан бўлади. Бу эса – Ислом шариатига мутлақо зиддир.

Имом Муслим Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон агар бир мусулмон биродарига қурол ўқталса, то уни туширмагунча фаришталар унга лаънат айтади”,  деганлар (Имом Муслим, 2616-ҳадис). Замонамиз уламолари темир транспорт воситасини белгиланган қоидаларга хилоф равишда ҳайдаб кишиларнинг ҳаётига таҳдид солаётган ҳайдовчи ҳам ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ фаришталар лаънатига дучор бўлади, дейдилар.

Айрим ҳолатларда заруратсиз сигнал чалиш, овоз чиқарадиган воситаларни баланд қўйиш билан ўзгаларга озор бериш ҳамда қоронғи вақтда кўзни қамаштирадиган тақиқланган ёритгичларни ёқиб юриш ҳолатлари кузатилади. “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши – (комил) мусулмондир” дейилган (Имом Бухорий, 6484-ҳадис) ҳадисга кўра бундай ҳаракатлар динимизда қайтарилган амал ҳисобланади.

Транспорт воситасини йўл юришга тўлиқ жавоб берадиган даражада яроқли бўлиши ҳам динимиз талабларидан саналади. Шу боис ҳайдовчи транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши ва йўлга тўла-тўкис тайёрлаши керак. Фиқҳий қоидага кўра, “Вожиб усиз мукаммал бўлмайдиган иш ҳам – вожибдир”. Демак, транспорт воситасини ҳайдаш жоиз бўлиши учун ушбу техника йўлга тўла яроқли бўлиши лозим. Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозлари меъёрий талабларга тўла мувофиқ бўлиши керак. Акс ҳолда – транспорт воситасини ҳайдаш шаръан мумкин бўлмайди. Шу жумладан, фойдани кўзлаб юк ташишга мўлжалланган транспорт воситасини белгиланган вазндан ортиқ юклаш ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига, демак, инсонларнинг ҳаётига таҳдид солиши сабабли шаръан жоиз эмас.

Исломда нақлиёт воситаларига алоҳида эътибор берилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда миниладиган барча уловлардан яроқли ҳолда фойдаланишга, яхши парвариш қилишга буюрганлар. Транспорт воситаси йўлга яроқли бўлиши лозим бўлганидек, уни ҳайдовчи шахс ҳам уни ҳайдашга лаёқатли бўлиши шаръан вожиб. Яъни ҳайдовчи ўзи минмоқчи бўлган транспорт воситасини ҳайдашга айни вақтда ақлан ва жисмонан лаёқатли бўлиши ҳамда керакли билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши муқаррар. Бу эса шаръан ҳаром ҳисобланади. Шунинг учун, ҳайдовчи шахснинг транспорт воситасини безарар, ўзига ҳам, бошқаларга зарар келтирмай бошқаришига тўла ишончи бўлмаса, айниқса, мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бахтсиз ҳодисаларда энг кўп айбдорлар ёш ҳайдовчилардир. Уларнинг уқувсизлиги ва тажрибасизлиги борасидаги Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги масъулият – ҳайдовчиларнинг ўқитиш тизимидаги масъулларнинг зиммасидадир. Улар ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича зиммаларидаги вазифаларини виждонан бажаришлари, етарли билим ва малакага эга бўлмаган ўқувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бермасликлари лозим. Акс ҳолда малакасиз ҳайдовчининг содир этаётган йўлбузарликларига бу дунёда ҳам, Қиёматда ҳам тегишли тарзда жавобгар бўладилар. Ҳадисда таъкидланган: “Барчангиз қўл остингдагиларга масъулсизлар” (Имом Бухорий, 2409-ҳадис).

Шунингдек, пиёдалар ҳам йўл ҳаракатида ўз ҳаётларини хатарга қўймасликлари талаб этилади. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, фақат улар бўлмагандагина эҳтиётлик билан йўл ёқасидан юришлари, йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак. Ушбу қоидаларни бузиш инсоннинг била туриб ўз ҳаётини хатарга қўйиши ҳисобланиб, бундай иш қилган мусулмон шариат нуқтаи назаридан гуноҳкор бўлади.

Йўл одобларидан муҳимлари – ўзаро илтифот кўрсатиш ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” деб таъкидлаган (Анъом сураси 160-оят).

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

- дунёдаги аксарият фатво уюшмалари ва ислом уламолари хулосасига мувофиқ, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръан вожиб амал ҳисобланади. Зеро, мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига тўғри келади. Мусулмонлар ушбу қоидаларга эътиқодан ва қунт билан амал қилишлари керак;

- рухсат этилгандан юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи шаръий жиҳатдан ҳаддидан ошган ва ўз жонига қасд қилган мақомида ҳисобланади.

- йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган ёки бунга лаёқати бўлмаган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши жоиз эмас;

- йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолатда транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас;

- транспорт воситаси йўлга яроқли бўлмаган ҳолатда ундан фойдаланиш шаръан ман этилади;

- йўл жамоа фойдаланадиган тармоқ экани сабабли йўл ҳаракати иштирокчилари ўзаро одоб ва маданият билан муносабатда бўлишлари, бошқаларга халақит беришдан, қўпол сўз ва хатти-ҳаракатлардан сақланишлари лозим.  

Мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидалари, одоб ва маданиятларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, балки амалдаги йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилиш – Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади. Валлоҳу аълам. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Атроф-муҳитни асраш – жамиятни асрашдир

24.09.2025   1636   5 min.
Атроф-муҳитни асраш – жамиятни асрашдир

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – бу инсон саломатлиги ва табиатнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни асрашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир. Бу соҳадаги фаолият табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув сифатини назорат қилиш, биохилма-хилликни сақлаш каби йўналишларни ўз ичига олади. 

Аллоҳ бизларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: «...ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас», – деган (Бақара сураси, 205-оят).

Шариатимизда тупроқ, сув, ҳаво ва табиатни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш сингари ҳукмлар келтириладики, бу бизларга ибрат намунаси бўлиши лозим. Хусусан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, иймон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди. Аксинча, шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.

Динимизда буюрилган ишларга қонунларимиз ҳам мос келади. Конституциямизга кўра ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Атроф-муҳитдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидаларни белгилайдиган ва умумий тартибга солувчи нормалар тизимида Конституция нормалари алоҳида ўринга эга. Унда мамлакатнинг экологик стратегиясининг асосий йўналишлари, экологик талабларни таъминлаш кафолатлари ва аҳолининг экологик хавфсизлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик нормалар тизими ўз ифодасини топган бўлиб, уларга фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари (49-модда), фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини (62-модда) киритиш мумкин.

49-моддага мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Шу билан бирга фуқароларда ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқи мавжуд. Айни пайтда фуқаролар табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциянинг 62-моддасида фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Яъни, фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йил 31 майда “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарари олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

2024 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон экологик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлашда жамоатчилик иштирокини ошириш ва экологик назоратни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганидек, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бу соҳадаги конституциявий нормалар ва тамойилларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда барқарор ривожланишини таъминлаш фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган. Давлат органлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг бу жараёндаги фаол иштироки эса экологик муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади. 

Жаҳонгир Хатамов,

ЎМИ Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи

Мақолалар