Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Январ, 2026   |   28 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:25
Хуфтон
18:42
Bismillah
17 Январ, 2026, 28 Ражаб, 1447

Соф эътиқоднинг аҳамияти

26.05.2021   2795   6 min.
Соф эътиқоднинг аҳамияти

Мусулмонларни нотўғри эътиқоддан асраш, соф эътиқод ила тарбия қилиш бугунги куннинг долзарб масаларидан бири бўлиб келмоқда. Эътиқодда адашиш, озгина билган нарсасига маҳкам ёпишиб олиб қолганларни сўзини қабул қилмаслик, илмсиз равишда билмаган нарсасига, танимаган шахсларга эргашиш кўпгина кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммамизга маълум.   Ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб, бало офатларнинг сабабларидан бири ҳам ақидада адашган, оз билган нарсасига ёпишиб олган замона хаворижлари ҳисобланади. 

Ақидада адашиш ва ҳаддан ошишнинг асосий сабаби билимсизлик ҳисобланади. Билимсизлигини тан олмаслик эса балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинки, аввалки ва ҳозирги ақида овчилари ўзларини олим деб биладилар аммо дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни ҳам олмаган бўладилар. Уларнинг бирортасида ҳам диний таҳсил олганлиги ҳақида шаҳодатномаси йўқ.

Уламоларимиз бу кимсаларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканлигини таъкидлайдилар:

  1. Қуръоннни билмаслик. Қуръон илмини яхши билмай туриб, оятларнинг маъносини ўз мақсадларига бурадилар.
  2. Суннатни билмаслик. Ҳадисларнинг матнидан тўғридан-тўғри ҳукм чиқарадилар.
  3. Шариат мақсадларини билмаслик.
  4. Далил ва ҳукм чиқариш йўлларини билмаслик.
  5. Уламоларнинг қавлларини ва асарларини билмаслик.
  6. Араб тили ва усулларини билмаслик
  7. Тарихни ва воқейликни билмаслик.

Ушбу билимларнинг барчасини пухта эгалламасдан туриб бирор ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Билимсизликларга  асосланиб  чиқарилган ҳукмлардан бири, мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бир мўмин инсонни асоссиз куфрга чиқаришнинг оқибати жуда ёмон бўлиб, кўпчиликнинг бошига бало-офат бўлади. 

Аслида Расуллулоҳ (с.а.в) мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарганлар.

ثَلاثٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ : الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لا إلَهَ إِلا اللهُ لا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلا نُخْرِجُهُ مِنْ الإِسْلامِ بِعَمَل

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Уч  нарса иймоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар.

Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган киши мусулмон ҳисобланиб, унинг жонига, молига зарар етказмаслик, у билан чиройли муомалада бўлиш, гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаслик зарур. Аммо динда ҳаддан ошган, ақидада адашган кимсалар эса калимаи шаҳодатни айтиб турган кимсани, аҳли қиблани кофирга чиқарадилар. Улуғ алломаларни ва бошқа мусулмонларни ўзларининг йўлига эргашмаганлари учун портлатадилар, қатли ом қиладилар.

Шаръий матнларда келган куфр сўзи аслида икки хил маънода ишлатилади:

  1. Куфри акбар (катта куфр) яъни, иймоннинг зидди. Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилади. Бунга пайғамбарларни ёлғонга чиқариш, билиб турсада кибр қилиб иймонга келмаслик кабилар киради.
  2. Куфри асғар (кичик куфр). Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилмайди. Бунга маъсиятлар яъни, гуноҳлар киради. Қуйидаги ҳадислар бунга мисол бўлади:

سِبَابُ الْمُسْلِمِ أَخَاهُ فُسُوقٌ ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир, у билан уруш қилмоқ куфрдир”,  деганлар.

Бошқа ҳадисда:

بَيْنَ الْعَبْدِ وَبَيْنَ الْكُفْرِ تَرْكُ الصَّلاَةِ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон ва куфрнинг ўртасида намозни тарк этиш бор”.

Яна  бир ҳадисда:

مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” деб, марҳаммат қилганлар.

Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларда зикр қилинган куфр сўзидан диндан чиқарадиган кофирлик эмас балки гуноҳ ирода қилинган. Шунингдек, “Зинокор зино қилаётган вақтида, ароқ ичувчи ароқ ичаётган вақтида, ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўъмин бўлмайди” деган ҳадисларда бундай ишлар ўта қабиҳ бўлганлигидан таҳдид ирода қилиниб мўмин бўлмайди ибораси ишлатилган. “Намоз диннинг устуни. Ким уни қоим қилса динини қоим қилибди. Ким уни тарк этса динини вайрон қилибди” деган ҳадис      намозни фарз эмас деб, эътиқод қилувчи киши ҳақида айтилган.

  Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари жумладан, ақида илмидаги буюк алломаларимиз Имом Мотуридий, Имом Насафий, Абу Ҳанифалар ўз асарларида  гуноҳи кабира қилган мўмин гуноҳкор бўлсада, кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Бундай кишилар қиёматда гуноҳига яраша жазо олишлиги ёки тавба қилиб Аллоҳнинг афвига мушарраф бўлишлари мумкин.

Адашган фирқалар эса ушбу ва бошқа ҳадис мантларини тўғри тушунмаганларидан мўмин аммо гуноҳ иш қилган кимсани кофирга чиқарадилар, уларни қонини ҳалол санайдилар.

Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблаганга ҳадд (шаръий жазо) қўлланишлиги беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Чунки  ҳаддлар кофирга қўлланилмайди. Бу  эса гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқади деган гап бузуқ эътиқод эканлигини кўрсатади.

Абу Муин Насафий “Баҳрур Калом” номли асарларида мўминни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб, қонини ҳалол санайдиган адашган фирқаларга қарата ушбу далилларни келтирадилар:

“Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”.

Таҳрим сурасининг 8-оятида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизларни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”.

Ушбу оятлардаги тавба гуноҳ сабабидан бўлади. Гуноҳ қилган кишигина тавба қилади ва Аллоҳ уни афв этиб жаннатга киритишини  умид қилади.”

Юқоридаги оят ва ҳадислардан гуноҳкор мўмин кофир бўлмаслиги маълум бўлди. Ҳозирги кундаги такфирчилар эса нафақат гуноҳ қилган кишини балки айнан уларнинг фикрига қўшилмаган бегуноҳ, беайб инсонларни қатл қилмоқда.

Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири, “Ал-Баҳрур Роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нажим айтадилар:

“Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далили бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деган.

Динда ҳаддан ошганлар эса буни аксини айтадилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир. 

 

Мухамедходжаева  Санобар 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишда

14.01.2026   3048   2 min.
Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишда

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.

“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:

– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:

Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.

Шунда Аллоҳ таоло:

Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.

Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).

Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.

Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:

– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).

Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Мақолалар