Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2026   |   8 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:13
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2026, 8 Рамазон, 1447

Аёлларнинг либоси қора рангда бўлиши шартми?

24.05.2021   10502   6 min.
Аёлларнинг либоси қора рангда бўлиши шартми?

Савол: Мен шариатга мувофиқ кийинишим учун нималарга эътибор беришим керак. Баъзи муслима аёл-қизлар қора рангли кийим киядилар. Ҳижоб қора рангда бўлиши шартми?

 

Жавоб: Шариатимизга кўра аёллар либоси айнан қора рангда бўлиши шарт қилинмаган. Қуръони каримда ҳам, суннати набавияда ҳам аёллар қора рангли либосда бўлиши ҳақида кўрсатма йўқ. Шариатда талаб этилгани – аёлларнинг либоси аврат аъзоларини тўлиқ ёпиши кераклигидир. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёлларнинг икки қўли, кафти ва юзидан бошқа аъзолари аврат ҳисобланади.

Шунингдек, аёл киши кийган кийимнинг ўзи ҳам зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, номаҳрам эркак кишиларнинг эътиборини ўзига жалб қиладиган ялтироқ ва яшнаб турувчи рангларда бўлмаслиги талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аёллар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар!” дея буюрган (Нур сураси, 31-оят).

Ушбу оятдан уламолар аёл кишининг либосининг ўзи зеб-зийнат билан бурканган, одамларни ўзига жалб қиладиган бўлмаслиги кераклиги келиб чиқишини таъкидлашган.

Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди. Чунки бошқа кўплаб ривоятларда Расули Акрам алайҳиссаломнинг аёллари, қизлари ва бошқа саҳобия аёллар ипак, пахта, канопдан тўқилган қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийишгани нақл қилинган.

Машҳур тобеинлардан Иброҳим Нахаий ва Алқама ибн Асвадлар Набий алайҳиссаломнинг аёлларини қизил ёпинчиқда кўрганларини айтишган (Ибн Аби Шайба ривояти).

Яна бир тобеин Ибн Аби Мулайка: “Умму Салама разияллоҳу анҳонинг устида сариққа бўялган рўмол ва кўйлакни кўрдим”, деган (Ибн Аби Шайба ривояти).

Шунингдек, Қосим ибн Муҳаммад Оиша онамизни эҳромдалик пайтларида сариқ рангли кўйлак кийганларини айтган. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эса: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак тўн ёпиб қўйилганини кўрганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти)

Расули Акрам алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Умму Кулсум разияллоҳу анҳо йўл-йўл чизиқли кийим кийганлари, ана шундай ранг ва шаклдаги либос кийиш аёлларга жоиз эканига далолат қилади.

Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан: Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган:

“Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, ортидаги нарсани кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.

Фазилатли шайх Аднан Таҳа Аммоннинг “Дастур” газетасига берган интервюсида шундай дейдилар: “Ҳижоб кийимининг қора бўлиши мажбурий эмас. Лекин ҳар қандай рангда жоиз. Шуҳрат кийими ёки диққат эътиборни тортадиган даражада бўлиши керак эмас. Одатда араб аёллари қора рангли кийим кийишади. Бу урф саналиб, камтарлик белгиси деб санашади. Шаҳарларда айрим қабилалар ва аёллар бош ва юзни бекитувчи ранг сифатида оқ рангдан фойдаланишган. Аслида динимиз аёлларни маълум бир рангдаги кийимни кийишга мажбурламайди”.

Ушбу маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, динимизда аёлларнинг либоси ёки рўмоли муайян бир рангда ёки шаклда бўлиши қатъий белгиланмаган. Балки Ислом динига мансуб ҳар бир халқнинг ўз миллатига, замонасига хос кийими бор. Масалан: Эронда бошқача, Туркияда бошқача, Малайзияда, Индонезияда бутунлай бошқача. Шу боисдан табиийки, ўзбек миллатига мансуб мусулмон аёлларининг миллий кийими ҳам ўзгача. Аёл киши юзи ва икки қўлининг кафтларидан бошқа аъзоларини беркитадиган ҳолда сидирға ёки гулли матодан кўйлак кийиб ва рўмол ўраб юрса жоиздир. Куйлак ва рўмолни қайси кўринишида ёки рангда бўлишнинг аҳамияти йўқ.

Кузатишлардан яна бир жиҳатни англаш мумкинки, айни кунларда аёл-қизлар орасида қора рангдаги либос кийишдан мақсад авратни тўсиш эмас, балки модага айланиб бормоқда. Шунингдек, урфимизда одат бўлмаган бошдан-оёқ тим қора либос қийиш жамиятда кўпчиликни ўзига жалб этиши билан авратдан ёпишдан бош мақсад бўлган ўзгаларни жалб этмаслик талабига зид ҳолатдир. Мана шу жиҳатни ҳам доимо ёдда сақлаш керак.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари оқ кийим барча рангларнинг энг яхшиси, шунинг учун уни иложи борича тез-тез кийиш кераклигини айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда уларда ўликларингизни кафанланглар”, деганлар.

Баъзи араб халқларида аёллар қора рангли кийим кийишларини айрим мутахассислар қуйидагича таҳлил қилишган:

1) оқ ранг эркаклар устунлигини таъкидлайди. Аёл эркак кишига соя каби эргашиши учун қора кийим кияди. Шундай қилиб, бу кимнинг аёли ва кимга тегишли экани дарҳол тушунарли бўлади;

2) қадимги пайтда араб қабилалари орасида тунда кўплаб ҳужумлар содир этиларди, ўлжа сифатида болалар ва аёлларни қўлга олишарди. Шунинг учун ҳужум қилаётганлардан яшириниш мақсадида аёллар қорамтир кийим кийишган;

3) араб мамлакатларининг ҳудуди анча иссиқ. Кўчада қорамтир кийим кийган аёллар тезда қизиб кетиб, кўчада беҳуда кезиб юрмасдан тезда уйга қайтишга тўғри келган.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

- Ислом динида аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус рангдаги кийим кийиш шарт этиб белгиланмаган.

- Баъзи шарқ мамлакатлари аёлларининг қора кийим кийиши арабларнинг иқлимий ва маданий-тарихий омиллари билан боғлиқ бўлиб, бунга диний тус бериш тўғри эмас.

- Модага эргашиб, қора либос кийиш ҳам дуруст эмас. Шунингдек, одат бўлмаган бизнинг жамиятдаги тим қора либос қийиш орқали кўпчиликни ўзига жалб этиш ҳам динимизда маъқулланмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рўза саратонга қарши

30.05.2019   47590   4 min.
Рўза саратонга қарши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсон танасида витаминлар мувозанатини сақлаб қолиш, соғлом юриш ва теран фикрлаш учун кунига уч марта овқатланиш керак, деган фикр мавжуд. Эҳтимол бу озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва фармацевтика саноати вакиллари катта даромад олиши мақсадида тез-тез танаввул қилиб туришга рағбатлантиришдир.

Албатта, бу корпорацияларга одамлар озиқ-овқат ва ичимликни ортиқча истеъмол қилишдан тийилишлари, рўза тутишлари ёки соғлом турмуш тарзини кечиришлари кабиларда манфаатдорлик йўқ. Шунинг учун улар реклама орқали очкўзликка тарғиб қилишади ҳамда еб-ичиш фақат очлик ва чанқоқни қондириш учун эмас, балки ўйин-кулги ва вақтни ўтказиш учун ҳам керак бўлишини инсонларга уқтириб боришади.

Бунга қарши ўлароқ дунёдаги миллионлаб мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига мувофиқ ҳар ҳафтада икки марта душанба ва пайшанба кунлари рўза тутадилар, натижада улар шундай катта фойда олишадики, ҳатто улар бу фойдани тахмин ҳам қила олишмайди.

Шу билан бирга, замонавий тадқиқотчилар кўплаб касалликларни озиқ-овқатни чеклаш ва рўза тутиш орқали самарали тарзда даволаниши мумкин деган хулосага келишади. АҚШдаги Бостон коллежи профессори, доктор Томас Сейфрид, онкология билан курашда метаболик ёндашувни қўллаш бўйича илк қалдирғоч сифатида ушбу хулосага келди.

Жон Хопкинс университетининг нейробиология лабораториясининг мудири профессор Марк Мэттсон ўзининг эълон қилган кўплаб мақолаларида таъкидлашича, ҳафтада икки марта оч юришлик Паркинсон ва Алцгеймер каби кенг тарқалган касалликлар ривожланиш хавфини камайтириши мумкин экан.
Овқатланиш режимини ўзгартириш мия фаолиятига таъсир қилади. Нейробиологлар овқатни меъёридан кўп танаввул қилиш, ортиқча тўйиш мия иш қобилиятини тўхтатишини пайқашди. Озиқ-овқатдан сақланиш миянинг нейрокимёвий ўзгаришига олиб келади, асабийлашиш даражасини пасайтиради ва стрессга чидамлилигини оширади.

Рўза - мия учун чақирувдир. Рўза тутадиган киши миясида протеинни кўпроқ ишлаб чиқартиради ва нейрон ва нейлон боғламлари ўсишини тезлаштиради. Рўза туфайли ўрганиш қобилияти ортиб, хотира яхшиланади. Рўза янги асаб ҳужайралари ва илдиз ҳужайраларнинг ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.

Профессор Маттсон, тез-тез рўза тутувчиларда ДНКларини қайта тиклаш учун кўпроқ нерв ҳужайралари борлигини аниқлади. Рўза илдиз ҳужайраларини янгилаш орқали иммунитет тизимини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

2007 йилда Американинг “Клиническое питание” журналида рўза тутиш саратон, юрак-қон томир тизимининг касалликлари ва диабет касалликлари учун самарали восита эканлигини тасдиқловчи бир қатор ишлар эълон қилинган эди. Ушбу тадқиқот натижалари фармацевтика компаниялари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун мутлақо зарарли. Уларнинг ниятлари жуда аниқ: одамларни меъёридан кўп ейишга мойил қилиш, ва бунинг натижасида одамларни семириб кетиш билан боғлиқ муаммоларини ҳамда диабет ва бошқа кўплаб касалликлардан даволаш ишлари билан шуғулланиш.
Бироқ, олимлар ҳафтада икки марта овқатланишдан тийилиш ва рўза тутишнинг афзалликларини тасдиқлайдиган кўплаб янги далилларни тобора кашф этишда давом этишларига ва охир-оқибат инкор қилиб бўлмас далиллар орқали вазиятни ўзгартириш мумкин бўладиган вақт келишига ишонтирмоқдалар.

Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам) нинг кам ейишни турли хил касалликларнинг олдини олиши ва одамга очликни қондириш учун оз миқдордаги озиқ-овқат кифоя қилишига урғу берган сўзларини келтирмоқчимиз. Ҳадисда келтирилишича, киши қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Унга ўз кучини сақлаб қолиши учун кифоя қиладиган луқмалар етарлидир. Агар (ундан кўп) овқат ейиши муқаррар бўлса, ошқозоннинг учдан бир қисми овқат учун, учдан бир қисми ичиш учун ва қолган учдан бири эса нафас олиш (ҳаво) учундир. (Имом Термизий). Муқаддас динимизнинг битмас-туганмас мўжизалари шу тариқа қиёматга қадар кашф қилинишда давом этаверади.

Саиджамол Масайитов