Ҳурматли Президентимизнинг «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» деган эзгу ғояси асосида Тошкент вилоятида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзиляпти.
Бу хайрли ишда диний соҳа ходимлари билан бирга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол қатнашяпти.
Чиноз тумани имомлари ташаббуси билан ҳудуддаги 40 та маҳаллада эҳтиёжманд хонадон аҳллари учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
* * *
Қибрай тумани «Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдуллоҳ» жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Тошкент давлат Аграр университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Бобур номидаги маҳалла раиси, фаоллар билан биргаликда мазкур маҳаллада яшовчи боқувчисини йўқотган оилага ифторлик қилиб беришди.
* * *
Паркент тумани «Бешкаппа» масжиди имом-хатиби Миршавкат домла Тўйчиев муҳтож бир оилага ифторлик ташкил қилди.
* * *
Оҳангарон тумани «Санам» маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оилага Тошкент вилояти сув таъминоти АЖ масъуллари Оҳангарон туман имомлари билан биргаликда ихчам ва самимий ифторлик дастурхони ёзилди.
* * *
Олмалиқ шаҳар «Ҳилол» масжиди имом ноиби Муртазохон домла Абдуллахонов «Кўрпасой» маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган хонадон учун ифторлик дастурхони ёзиб, уларнинг кўнглини кўтарди.
Шаҳардаги «Рамазони шариф» масжиди имом ноиби Муҳриддин домла Исмоилов Абдулла Авлоний номидаги маҳаллада яшовчи жисмоний имконияти чекланган фуқарога ҳомийлар кўмагида ифторлик учун зарур маҳсулотларни етказиб берди.
* * *
Қуйи Чирчиқ тумани «Пахтазор» маҳалласида тумандаги 34 та маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд хонадонлар учун ифторлик дастурхонлари ёзилиб, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланди.
* * *
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда туман бош имом-хатиби Фарҳод домла Қорабоев Оққўрғон тумани «Қўрғонтепа» маҳалласида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони, боқувчисиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бир фуқарога ифторлик ташкил этишди.
* * *
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул айласин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Муҳтарам Президент!
Сиз Жаноби Олийларини ва Сиз орқали бутун халқимизни муқаддас Рамазон ойи кириб келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари ва таниқли уламолар номидан самимий муборакбод этамиз.
Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган алоҳида эътиборингиз юртдошларимиз қалбида шукроналик туйғусини мустаҳкамламоқда.
Тажриба ва кузатишларимиздан маълумки, дунёнинг камдан-кам мамлакатларида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Давлат Раҳбари даражасида алоҳида қарор қабул қилинади.
Сизнинг ташаббусингиз билан қабул қилинаётган бундай ҳужжатлар мазкур ойни юксак инсоний фазилатлар, саховат ва меҳр-мурувват айёмига айлантирмоқда.
«Инсон қадри учун!» тамойили асосида олиб борилаётган ишларингизнинг яққол тасдиғи сифатида, жорий йилнинг 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишдаги тарихий қарорларингизни алоҳида эътироф этамиз.
Рамазон ойи арафасида «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши – давлатчилигимиз тарихида мисли кўрилмаган мурувват намунаси бўлди.
Сизнинг ушбу тарихий қарорингиз замирида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ривоят қилган: «Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир», деган муборак ҳадиси шарифдаги холис ва соф ниятларнинг улуғ ҳикмати мужассамдир.
Халқ манфаати йўлидаги бу ғамхўрлик туфайли минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлиб, миллионлаб диллар қувончга тўлиши, қанча ногиронлиги, касаллиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажати қоплаб берилиши, шубҳасиз, юртимизга файзу барака олиб келади.
Сиз Жаноби Олийлари ташаббускори бўлаётган бундай хайрли амаллар халқаро ҳамжамият ва дунё уламолари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Муборак ҳадиси шарифларда келтирилишича, “Аллоҳ таоло учун энг мақбул амал – мўминнинг қалбига қувонч киритишдир”.
Уламолар Аллоҳнинг назарида бўлган инсонлар қалбига фараҳ бағишлашни Яратганни рози қилиш билан қиёслаганлар ҳамда синиқ кўнгилларни кўтариш, маҳзун дилларга умид бериш ва инсонларнинг оғирини енгил қилиш илоҳий муҳаббатга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаганлар.
Юртимиздаги 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши Сизнинг ислом маърифатига қўшаётган бебаҳо ҳиссангиз ифодасидир.
Муҳтарам Президент!
Сиздек адолатли, халқпарвар ва юксак эътиқодли Юртбошини Аллоҳнинг Ўзи етказган.
Сизни муборак ой билан яна бир бор қутлаб, Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин.
Аллоҳ таоло Сиздек ватанпарвар, эл-юрт дарди билан яшайдиган фарзандни тарбия қилган марҳум Миромон Ота ва Маърифатхон Оналаримизнинг охиратларини обод, қабрларини нурга тўлдирсин.
Сизнинг раҳнамолигингизда амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ва савобли амалларнинг ажру мукофотини уларнинг пок руҳларига еткaзсин. Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига олсин, жаннатларини маскан қилсин, Сизга эса уларнинг дуолари соясида янада улкан хизматлар қилишни насиб этсин.
Яратган ушбу муборак кунларда жонажон Ўзбекистонимизни ўз паноҳида асрасин, эзгу ниятларимиз ижобатини берсин.
Юксак ҳурмат ва эҳтиром ила,
Шайх Нуриддин Холиқназар
Шайх Абдулазиз Мансур
Раҳматулло қори Обидов
Ҳомиджон домла Ишматбеков
Зайниддин домла Эшонқулов
Шайх Раҳматуллоҳ Термизий
Раҳимберди домла Раҳмонов
Шайх Алижон қори Ҳайдаров
Исмоил Муҳаммад Содиқ
Муҳаммадбобур домла Юлдашев
Муҳаммадамин домла Алихонов
Фозилжон қори Убайдуллаев
Муҳаммадаюбхон домла Ҳомидов
Ҳабибуллоҳ қори Абдураззоқов
Абулқосим қори Каримов
Исроилжон қори Исмоилжонов
Ғуломжон домла Холбоев
Абдуқаҳҳор домла Юнусов
Дониёр домла Икрамов
Абдуллоҳ домла Саматов
Хайрулло домла Абдуллаев
Жобир домла Элов
Меҳмон домла Жабборов
Ҳабибулло домла Зокиров
Аҳмадхон домла Алимов
Мирзамақсуд домла Алимов
Темур домла Атоев
Убайдуллоҳ домла Абдуллаев
Расулжон домла Абдуллаев
Раҳматуллоҳ домла Усмонов
Бахрамаддин домла Разов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати