Бугун 2021 йил 14 май куни 101 йил тўлди.
Нимага дейсизми?
Ватан озодлиги учун отилиб чиққан йигитларнинг сардори – Мадаминбек 1920 йил 14 май куни фожеали тарзда ҳалок бўлган.
1917 йил ҳокимият тепасига келган Большевиклар партияси Чор Россиясининг босқинчилик сиёсатидан зада бўлган халқ устида зулму зўравонликни баттар оширгани мазлумлар каҳрини тошириб юборади. 1918 йилдан бошлаб Фарғона водийсининг турли нуқталарида юрагида ўти бор юзлаб йигитлар қўрбошилар атрофида уюшиб, худосиз большевик (коммунистларнинг эски номи)ларга қарши жанглар олиб боришади.
Коммунистларга оид манбаларда "босмачилар", мустақилликдан кейинги асарларда "миллий истиқлолчилар" деб номланган бу халқ аскарлари ўзларини "мужоҳидлар" деб атардилар. Тарқоқ ҳолдаги фаолиятнинг самарасизлигини тушуниб етган истиқлолчилар етакчилари - қўрбошилар қурултой ўтказиб, Мадаминбекни ўзларига амир этиб сайлашади. Ана шундан сўнг ишлар анча олдинга силжийди. Ватан ҳимоячиларининг сони ва салмоғи ортади, лашкарнинг интизоми яхшиланади. Улар кўплаб қишлоқ ва шаҳарлардан қизилларни сиқиб чиқариб, жойларда ўз назоратларини ўрнатадилар. Ҳатто иш шу даражага етадики, большевиклар ҳокимияти марказий шаҳарларда ва темир йўл станцияларидагина сақланиб қолади. Большевикларни бутунлай супуриб ташлаб, миллий ҳокимият барпо этиш истиқлолчилик ҳаракатининг ғояси эди.
Мадаминбек бегоналар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслик ва бошқаларга қарам бўлмаслик учун тезлик билан қурол-яроғ ишлаб чиқариш чораларини кўради ва ўзига қарам бўлган ҳудудда енгил ўт очиш қуроллари ишлаб чиқарувчи цех очтиради.
Махсус ҳарбий таълим олмаган қўрбошилар бошчилигидаги деҳкон, косиб ва ҳунармандлардан иборат халқ лашкари қатъият ва фидокорлик кўрсатиб, мунтазам қўшин билан тенгма-тенг олишади, уларнинг тинкасини қуритиб, малакали таҳсил олган генерал ва офицерларни боши берк кўчага киритиб қўяди.
Ниҳоят, қизил армия қўмондони Фрунзе Мадаминбек билан музокара олиб боради. Икки қўмондон Фарғона водийси Совет давлатига тобе автоном жумҳурият сифатида қолдирилиб, ундаги ички ишлар ерли халқ истаган усулда олиб борилади, деган йўсинда тинчлик битими имзоланишига келишиб олишади. Битим амалга ошмоғининг муҳим шарти, қўрбошилар томонидан қизилларга қарши қуролли ҳаракатлар тўхтатилиши керак эди. Мадаминбек майдонда юрган қўрбошиларга ҳозирги дамда биз учун тинчлик жуда зарур, фурсатдан фойдаланиб абгор аҳволимизни ўнглаб оламиз, акс ҳолда шу имконият ҳам қўлимизда қолмайди, кучлар нисбати руслар фойдасига ўзгариб, ҳозиргидан тубан аҳволга тушиб қолсак, душман биз билан муроса қилиб ўтирмайди, ҳеч қандай мухторият ҳам бўлмайди, деган фикрларни уқтирмоқчи бўлади. Лекин ҳиссиёти кучли баъзи қўрбошилар Мадаминбекни ўрисларга сотилганликда айблаб, унга кескин қарши чиқишади. Сотқин деган айб билан қўли югурдак баъзи "мужоҳидлар" дарров ўлим ҳукмини ижро қилишади.
Шу ўринда адолат юзасидан Мадаминбекни айнан ким ўлдиргани ноаниқ қолганини айтиб ўтишимиз керак. Баъзилар бўлиб ўтган ишларни таҳлил қилиб, у большевиклар томонидан уюштирилган ўйин қурбони бўлган, дейдилар. Эҳтимол, бу гапда ҳам жон бордир. Асл воқеа қандай бўлгани Аллоҳга аён. Ҳар нима бўлганда ҳам у қизиллар қўл остидаги ҳудудда эмас, у ердан чиқиб, қўрбошилар билан учрашувга борган жойида ўлдирилгани қайд этилган. Бу факт эса, ватан ҳимоячисининг ишончли ёрдамчиси бўлиши мумкин бўлган қурол тор фикрли, қизиққон кишилар қўлига тушса оқибати даҳшатли бўлиши ҳақидаги фикрни бот-бот хаёлга олиб келаверади.
Кўп утмай Россия ҳудудларида Оқпошшонинг большевикларга қаршилик кўрсатаётган кучлари тор-мор этилади. Залворли душмандан қўли бўшаган қизил армиянинг каттагина қисми Ўрта Осиёга ташланади. Фарғона водийсидаги кучлар нисбати руслар фойдасига ўзгара бошлайди. Миллий истиқлолчилар ўзаро ихтилофлар, етишмовчилик ва бошқа сабаблар билан тарқоқлашиб, баъзилар енгилиб, асирга тушади, баъзилари қизиллар томонига ўтиб кетади. Қолган-қутганлари Ватандан бош олиб кетади.
Руслар томонига ўтиб "кечирилган"ларнинг аксарияти 30-йилларнинг қатағонларида отиб юборилади ёки узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Шоир Муҳаммад Юсуф Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар ҳақида қуйидаги шеъни ёзган:
“БОСМАЧИЛАР”...
Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун бўлиб тўзиб кетди тақдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз.
От ўйнатиб юрмадингиз "босмачилар"...
Тупроқ тўшак бўлди, болиш-эгар бошда,
Жалолиддин каби мудом жаҳонгашта.
Умрингизнинг ярми ўтди тоғу тошда,
Не кунларни кўрмадингиз "босмачилар"...
Қўрғошинга қалқон бўлди ўт кўкраклар,
Кафан бўлди қонга ботган оқ яктаклар.
Сўнгги макон бўлди баъзан чакалаклар,
Одамдай ҳам ўлмадингиз "босмачилар"...
Тушунмайин ким қарғади, кимлар сотди,
Кўнглингизда алам, кўзда ёшлар қотди.
Ортингиздан гоҳ болангиз тошлар отди,
Ёш деб гина қилмадингиз "босмачилар"...
Уйингизда сизни кутди кел, деб, тўрам,
Келинчаклар кокиллари тарам-тарам.
Кўнгилга ёр сиғармиди юртда қарам,
Жангоҳлардан жилмадингиз "босмачилар"...
Кенгашсангиз тор дунёлар кенг бўларди,
Эргаш ёқа бўлса, Шермат енг бўларди,
Бирлашсангиз ким ҳам сизга тенг бўларди,
Нечун аҳил бўлмадингиз "босмачилар"...
"Босмачи"миш! Бундай демиш қай бемаъни!
Тутмайдими уни бир кун Беклар қони?!
Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани,
Беҳуда қон тўкмадингиз "босмачилар"...
Сиз йўқ, бунда кўтарилди дарпардалар,
Отдан тушди сариқ мўйлов саркардалар
Бухорони тўпга тутган шармандалар,
Афсус, афсус, кўрмадингиз "босмачилар"...
Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун каби тўзиб кетди тақдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз,
От ўйнатиб юрмадингиз "босмачилар"...
Нима ҳам дердик, шоирни ўртаган дард бу, аламли сатрлар бу.
Шарофиддин Латипов
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси