Шайтондан паноҳланиш
Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلۡفَلَقِ١ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ٢ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ٣ وَمِن شَرِّ ٱلنَّفَّٰثَٰتِ فِي ٱلۡعُقَدِ٤ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ٥﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”» (Фалақ, 1–5).
Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини англатади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ерни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.
Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан паноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий касалликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳимояланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан ташқари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлгандаги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлуқотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.
﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلنَّاسِ١ مَلِكِ ٱلنَّاسِ٢ إِلَٰهِ ٱلنَّاسِ٣ مِن شَرِّ ٱلۡوَسۡوَاسِ ٱلۡخَنَّاسِ٤ ٱلَّذِي يُوَسۡوِسُ فِي صُدُورِ ٱلنَّاسِ٥ مِنَ ٱلۡجِنَّةِ وَٱلنَّاسِ٦﴾
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир”» (Нос, 1–6).
Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатларини адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нарсаларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан кейин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:
– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:
– Сеҳрланибди, – дер эди.
– Ким сеҳрлабди?
– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.
– Сеҳрни нимага ўқибди?
– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.
– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?
– Зарвон номли қудуқда.
Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, биттадан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нос, Фалақ ҳамда Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳдан сўраганлар.
Термизий Уқба ибн Омирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди”, дедилар ва “муъаввизатайн” сураларини ўқидилар».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Нос сурасининг тўртинчи ояти тафсирида бундай деган: “Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олган, агар инсон Аллоҳни унутиб зикридан ғофил бўлса, уни васваса қилади. Аллоҳни зикр этса, шайтон ўзини четга олади”.
Имом Бухорий ва имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикоф ўтирганларида София бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо) онамиз у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиёратларига келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тун бўлганидан София онамизни уйларига кузатиш учун чиққанларида икки ансорийга дуч келдилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргач, тез юриб кетишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шошманг, бу София бинти Ҳуяй”, дедилар. Улар: “Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ” (Аллоҳ бизни ёмон ўйга солишдан покдир), дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Мен унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим”, дедилар.
Имом Аҳмад Абу Тамимадан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир эшакка мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшаклари қоқилиб кетди. Мен: “Бадбахт шайтон”, дедим. “Бадбахт шайтон”, дема. Агар “Бадбахт шайтон” десанг, у кибрланиб: “Буни ўз қувватим билан қилдим”, деб семиради. “Бисмиллаҳ” десанг, хорланиб, пашшадай бўлиб қолади”, дедилар».
Бу ҳадис шунга далолат қилади, қалб қачон Аллоҳни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб бўлади. Агар банда Аллоҳ зикрини унутса, шайтон кучаяди.
Аллоҳ таоло бизларга раҳмати билан инсу жин ва шайтонлар ёмонлигидан сақланиш йўлларини ушбу сурада билдирган. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубият, подшоҳлик ва улуҳият сифатлари билан дунё ҳамда охиратда ҳимоя қилишини баён этган.
Аллоҳ таоло бутун махлуқларнинг Раббидир. Аммо Нос сурасида фақат “Роббиннас” яъни, одамлар Парвардигори, дейилган. Бунинг боиси иккита: биринчиси, кўп инсонлар ўзларини улуғ санайди. Қанча улуғ бўлишмасин, уларнинг Рабби борлигини эслатиб қўйишдир. Иккинчиси, инсонлар ёмонлигидан асрашни сўрашни буюриб, инсонни одамлар ёмонлигидан Унинг Ўзигина асрашини билдиришдир.
Подшоҳлик ва Улуҳият сифатларини эслатиш билан эса, инсонларнинг подшоҳлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи Аллоҳ таоло Унинг Ўзи эканини, У Зот одамларнинг ёлғиз илоҳи ва маъбуди эканини билдириб, инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғиниб, Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозимлиги баён этилмоқда.
Ушбу сурада инсонни васваса қилувчи жинларнинг шайтони бўлиши айтилган. Ҳасан айтади: “Васваса қилувчи икки шайтондир. Жинлар шайтони инсонлар қалбида васваса қилади. Инсонлар шайтони очиқчасига келади”.
Қатода айтади: “Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан паноҳ сўранг”.
Фалақ сурасида Аллоҳ таолонинг бир сифати – “Роббил фалақ” (“Тонг Парвардигори”)ни ёд этиб, уч офатдан: “зулумот кеча”, “жодугар аёллар” ва “ҳасадчилар” ёмонлигидан асрашни сўраш буюрилган. Нос сурасида эса, Аллоҳ таолонинг уч сифати: “рубубият”, “подшоҳлик” ва “улуҳият”ни ёд этиб, қалбга солинадиган васвасасидан асрашни сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоясидан кўра, дин ҳимояси муҳимроқдир. Динга етган озгина зиён дунёга етган кўп зиёнлардан оғирроқдир.
Бу икки суранинг фазилати жуда улуғ экани муҳаддислар томонидан айтиб ўтилган.
Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, деб айтдилар, дейилган.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларни ўқишни буюрдилар”, дейилади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган яна бир ривоятда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга тоғ йўлларида кетаётган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Уқба, миниб олмайсанми?” деганларида, мен: “Гуноҳ бўлиб қолмасин, деб шафқат қилдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уловларидан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна уловларига миниб: “Эй Уқба! Мен сенга одамлар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликка ўтиб, намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Бир куни менинг олдимдан ўтаётиб: “Эй Уқба, ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан?” дедилар».
Имом Насоий Ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятда бундай келади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ибн Обис, сенга паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсанинг энг афзали ҳақида хабар берайми?” деганларида, мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, дедилар».
Судай ибн Ажлондан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга учта сура ўргатайми? У каби суралар Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам йўқ. Ўша уч сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларидир”, дедилар.
Имом Бухорий ва “Сунан” китоби эгалари “Шифо талаб қилиш боби”да бу уч сура ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча ухлашларидан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, кафтларига дам урар, қодир бўлганларича уни баданларига сурардилар. Бошлари, юзлари ва гавдаларининг олди томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солди: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка мин шарри кулли ҳасидин ва ъайнин валлоҳу яшфийка”. Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сизга шифо берсин”.
Имом Термизий Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (икки “Қул аъузу…” сураси тушишидан олдин) жин ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Шу икки паноҳ сўралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганидан кейин бу икковидан бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.
Имом Молик Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилган ривоятда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор касалликка чалинсалар, икки “Қул аъузу…” сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирроқ бўлганида мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун қўлларини ушлаб ўзларига сурар эдим”.
Фалақ сурасининг илк оятида жами махлуқотлар ёмонлигидан паноҳ сўраш умумий қилиб айтилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирилган уч тоифа зикр этилмоқда. Булар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.
Бу сурадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, жумладан:
Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки Имом Розий зикр қилганидек, қоронғилик тушиши билан йиртқичлар инидан, ҳашаротлар маконидан чиқади ва ўғри-муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қилади. Ёнғин кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмонлик ва фасод кишилари ҳам кечаси қўзғалади.
Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлиги. Тугун каби турли воситалар билан одамларга зарар етказувчи фолбин, коҳин, сеҳргарлар барча замонларда бўлган.
Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлиги. Бошқаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматлар йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деганлар.
Уламолар: “Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга киришига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қоқилтириш кабилардир. Биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга (алайҳиссалом) ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир”, деб айтган.
Уламолар яна шундай дейди: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳнинг қудрати ва изни билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказади, холос. Аллоҳ таоло Бақара сураси 102-оятда: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар”, деган. Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, динимиз вабо, сил каби зоҳири юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан эҳтиёт бўлгани каби».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча оғриқларда ва иситма чиққанида “Бисмиллаҳил карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ъирқин нар ва мин шарри ҳаррин нар” дуосини ўқишни ўргатдилар». Дуонинг маъноси: “Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида “Асъалуллоҳал ъазийм Роббал ъаршил ъазийм ан йашфийака” дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб, шифо беради», дедилар. Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббисидан сенга шифо беришини сўрайман”.
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал кўргани кирсалар, “Аллоҳумма Раббаннас, азҳибил баъса ишфи анташ Шафий, ла шифа илла шифоук шифаан ла юғодиру сақома”, деб дуо ўқирдилар. Маъноси: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, қийинчиликларни кетказ, Ўзинг ягона шифо берувчисан, шифо бер, шифонгдан бошқа шифо йўқ, шундай шифо бер, у ҳеч қандай касалликни қолдирмасин”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнларга “Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ” дуосини ўқиб паноҳ тилардилар. Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сиз иккингизга паноҳ тилайман”.
Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен қувватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борсам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта “Бисмиллаҳ, аъузу биъиззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру”, деб айтгин”, дедилар». (Маъноси: “Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимдаги хавфсираётганим бу нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.) Айтганларини бажарган эдим, Аллоҳ менга шифо берди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилиб, бирор манзилга тушадиган бўлсалар, “Я арзу Раббий ва Раббукиллаҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йахружу минки ва шарри ма йадиббу ъалайки, аъузу биллаҳи мин асад ва асвад ва ҳаййа ва ъақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидин вама валад”, деб айтардилар. Маъноси: “Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенинг ичингдан чиқарилган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганлар ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман”.
Юқорида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жасадларини бирор беморлик безовта қилса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад…” ва икки “Қул аъузу…” сураларини ўқиб, ўнг кафтларига дам уриб, ўша жойларига суришлари айтиб ўтилди.
Энди дам уриш пайтида “суф”, дейиш Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дам солаётганларида “суф”лардилар”.
Имом Боқир эса, ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуоларни ёзиб осиб қўйишни жоиз, деган. Аммо маъноси тушунилмайдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилади. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмонликлардан Ўзи асрасин, омин!
Ноумид – шайтон
Мўмин банда, агар гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидсиз бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿۞قُلۡ يَٰعِبَادِيَ ٱلَّذِينَ أَسۡرَفُواْ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ لَا تَقۡنَطُواْ مِن رَّحۡمَةِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ٥٣﴾
«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Бу оят, Ибн Касир таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, денгиз кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳадислардан маълумдир (Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, ёмонлик ортидан дарҳол яхшилик қилиш гуноҳни ювиб юбориши ҳам ҳадисларда айтилган (Имом Термизий ривояти).
Ояти каримада эса:
﴿وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ طَرَفَيِ ٱلنَّهَارِ وَزُلَفٗا مِّنَ ٱلَّيۡلِۚ إِنَّ ٱلۡحَسَنَٰتِ يُذۡهِبۡنَ ٱلسَّئَِّاتِۚ ذَٰلِكَ ذِكۡرَىٰ لِلذَّٰكِرِينَ١١٤﴾
«Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд, 114), дейилган.
Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқарилган. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилиш мумкин (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).
Абу Нуъайм “Ҳиля”да Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Агар бир жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан ташқари барчангиз жаннатга кирасиз!” деса, мен ўша киши эмасмиканман, деб қўрқаман. Агар жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирасиз!”, деса, ўша бир киши мен бўлсам, деб умид қиламан”, деди».
Табаронийдан ривоят қилинади: “Абу Фарва исмли бир одам келиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан:
– Бошдан-оёқ гуноҳга ботган, қилмаган номаъқулчилиги қолмаган бир кимса тавба қилса бўладими? – деб сўради.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:
– Сен мусулмон бўлганмисан? – дедилар.
– Ҳа.
– Ундай бўлса, бундан кейин ёмонликларни ташлагинда, ҳамиша яхшилик қил. Аллоҳ таоло сенинг аввал қилган гуноҳларингни яхшиликларга айлантиради.
– Барча хиёнату сохтакорликларимни ҳамми?
– Ҳа.
У одам такбир айта бошлади ва чиқиб кетди. Кета-кетгунича (бизга кўринмай қолгунича) такбир айтди”.
Инсон ҳеч қачон ноумид бўлмаслиги керак. Донолар: “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деб бежиз айтишмаган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Инсонлардан беҳожат бўлиш;
Омонатга хиёнат қилмаслик
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Намозда рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш масаласи
Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма Ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа пайтда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма номозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.
Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчиларимиз пайдо бўлдилар. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Ана ўшаларимиз ўзларини, худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, Ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек ҳис этар эдилар. Бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса, ўша масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини бир юз эллигинчи Ҳижрий санада туғилган Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана ўша буюк мужтаҳидларимиз энг аввал келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли ила амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилардилар. Агар бизда бир озгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсизлигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.
Келинг, илмсизлигимизга барҳам бериш ва хатони такрорламаслик умидида бу масалани илмий йўл ила яна бир кўриб чиқайлик.
Намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш керак деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси
Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхати бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари туради. Улар ўзларининг бу ҳукмларига бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар:
Биринчи далил:
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни очсалар икки қўлларини елкалари баробар кўтариб туриб такбир айтар эдилар. Кейин қачон рукуъга такбир айтсалар ҳам шунингдек, қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар ҳам уларни худди ўшандоқ кўтарар эдилар ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа ва лакал ҳамд», дер эдилар», деганлар.
Мана шу саҳиҳ ҳадисда намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Иккинчи далил:
Имом Бухорий келтирган ривоятда Нофеъ розияллоҳу анҳу: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса, унга тош отар эди», деган.
Бу ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлаб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари амал қилибгина қолмай, ўзгаларни ҳам мазкур ҳукмга бўйсунишларига ҳаракат этганлари яққол кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Ҳанафий уламолар, дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик, келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик, дейдилар.
Имом ат-Таҳовий, Имом Ибн Абу Шайба ва Имом ал-Байҳақийлар ўз китобларида келтирган ривоятда Мужоҳид розияллоҳу анҳу: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У икки қўлини намоздаги биринчи такбирдан бошқа ҳеч кўтармас эди», деганлар.
Олдинги икки ривоят ва биз келтирган учинчи ривоятни қўшиб ўргансак, рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик бу амал насх бўлганидан кейин унга амал қилишни тўхтатганлар.
Сиз ҳам, ҳурматли Шофеъий, Ҳанбалий ва ушбу масалада улар билан ҳамфикр бўлганлар, биз ҳам саҳобий ўзи қилган ривоятга зид амал қилса, ривоятини эмас, амалини қабул қилишга иттифоқ қилганмиз. Чунки саҳобийлар насх бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳукмга хилоф амал қилмайдилар. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир каттаю кичик нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ эргашувчи ягона саҳобий бўлганлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид, эргашиш зарур ҳисобланмаган ишларни ҳам ўта аниқлик билан қилиб юрганлари маълум ва машҳур. Шундоқ одам насх собит бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳадисга хилоф иш тутиб, рукуъга боришда ва ундан қайтишда икки қўлни кўтаришни тарк қилмас эдилар.
Учинчи далил:
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ўз Сунанларида, Имом Бухорий «Рафу ълядайни фиссолати» деган рисолаларида ва Имом Таҳовий «Мушкилул-Осор»да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон фарз намозга турсалар такбир айтиб, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Худди шу ишни қироатларини тамом қилиб рукуъга боришни ирода қилсалар ҳам, рукуъдан бош кўтарсалар ҳам қилар эдилар. У зот намозда ўтирган ҳолларида ҳеч қўлларини кўтармас эдилар. Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб, такбир айтар эдилар», дейилган.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу далилларига жавоб қуйидагича: Бу ривоят собит эканини яхши биламиз. Лекин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг айни ўзларидан бунинг акси содир бўлгани ҳақида ривоят бор. Ана шу ривоятни ҳам этиъборга олиб туриб, (ниҳоий) ҳукм чиқарилса, жуда ҳам яхши бўлар эди.
Имом ат-Таҳовий ва Имом Ибн Абу Шайбалар Осим Ибн Кулайбнинг отасидан қилган ривоятда: «Али розияллоҳу анҳу икки қўлларини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди», дейилган.
Имом Абу Бакр Ибн Абу Шайба Абу Исҳоқдан келтирган ривоятда эса: «Абдуллоҳ (Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақатгина намозни бошида кўтарар эдилар, холос», дейилган.
Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Бўлмаса Ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятга хилоф иш қилмас эдилар. Шу билан бирга Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобеъинларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда, икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ўзларига далил қилиб келтирган юқоридаги ҳадисда зикр қилинган «Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб такбир айтар эдилар», деган жумла уларнинг зиддига катта ҳужжатдир. Чунки улар саждадан туришда қўл кўтариш керак демайдилар. Ўз-ўзидан «нима учун бир ҳадиснинг маълум бўлагига амал қиласизлар-у, бошқа бўлагига амал қилмайсизлар», деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Сажда қилиб бўлиб тураётганда ва бошқа ҳолатларда ҳам икки қўл кўтарилиши ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Мана шу нарсанинг ўзи ҳам аввал намозда такбираи эҳромдан бошқа жойларда ҳам қўл кўтариш бўлиб, кейинчалик насх қилинганига далолатдир. Бу ҳақиқатни Ҳанафийлар тўлиқлигича олиб, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бир қисмини қабул қилиб, рукуъга кетиш ва ундан қайтишга тегишли жойини қабул қилмаган чиқадилар.
Ҳанафийлар мухолифларнинг ҳар бир далилига худди шу қабилда раддия қиладилар. Биз намуна учун келтирилган мисоллар билан кифояланиб, энди бу масалани қадимда қандоқ муноқаша қилингани ҳақидаги икки ривоятни ўрганиб чиқайлик:
Имом ат-Таҳовий келтирган ривоятда ал-Муғийра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Иброҳимга, Воилнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон намозни бошласалар, рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар, икки қўлларини кўтаришларини кўрдим, деган ҳадисига нима дейсиз, дедим». У киши: «Агар Воил у зотнинг ундоқ қилганларини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ундоқ қилмаганларини эллик марта кўрган», деди.
Кўриниб турибдики, рукуъга кетаётиб ва ундан қайтаётиб икки қўл кўтарилади, деганлар Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилганлар. Буюк тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий розияллоҳу анҳуга бу гап айтилганда, у киши Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини раддияга келтирганлар ва қайси бир ҳадис қабул қилишга лойиқроқ эканини тасдиқлаш мақсадида уларнинг ровийларининг ҳолларини зикр қилиб ўтганлар. Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу иймонга келганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида фақатгина бир ҳафта туриб, намоз ўқишни ўрганганлари ва қайтиб кетиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайта кўрмаганлари машҳур. Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таълим учун алоҳида муомала қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтармаганлари ҳақидаги ривоят соҳиби Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса, энг биринчи иймонга келган саҳобалардан бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг умрларининг охирларигача ажралмаган улкан саҳобийлардан биридирлар. Албатта у киши Воил розияллоҳу анҳуга қараганда кўп нарсани билишлари турган гап.
Иккинчи мисол Имом ал-Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён Ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан Имом Абу Ҳанифа билан Имом ал-Авзоъий ора-ларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар:
«Абу Ҳанифа билан ал-Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда ал-Авзоъий Абу Ҳанифага:
- Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? деди. Абу Ҳанифа эса:
- Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ нарса бўлмади, деди.
- Қандоқ қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир, менга аз-Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! деди ал-Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа:
- Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва ал-Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, деди.
- Мен сенга аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди, дейсан-а?! деди ал-Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига:
- Ҳаммод аз-Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Ал-Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал, деб жавоб берди. Шунда ал-Авзоъий жим қолди».
Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. Ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам улар мулоҳаза қилган эканлар.
Ҳанафийларнинг далиллари
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур масала бўйича мухолиф томонларнинг далилларини муноқаша қилиб, уларга раддия берибгина қолмай, ўз ҳукмларини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар ҳам келтирганлар. Қуйида эътиборингизга улар келтирган далиллардан қисман ҳавола қиламиз:
Биринчи далил:
Имом Муслим Жобир Ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ҳузуримизга чиқдилар ва: «Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўрмоқдаман?! Намозда сокинлик ила туринглар!» дедилар», дейилган.
Маълумки, намоз янги фарз бўлган пайтда ҳозирги каби тўлиқ бўлмаган. Баъзи ҳолатларда ҳар хил майда овоз чиқариш ёки ҳаракатлар ҳам бўлиб турган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ ишларни қилган одамларга аста-секин тарбия бериб, хатоларини тузатиб борганлар. Бу маънода ҳадис китобларимизда бир қанча ривоятлар келган. Ушбу биз таҳлил қилаётган рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўлни кўтариш масаласи ҳам аввалда бор бўлиб, кейин мансух қилинганлигини мана шу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳукмнинг мансух бўлгани, амалдан қолганидан бехабар баъзи саҳобийлар аввалгидек рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўлларини кўтариб, намоз ўқиётганларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан кўриб турганлар. Кейин ташқарига чиқиб, уларга ушбу ҳадисда келтирилган гапларни айтганлар.
Иккинчи далил:
Имом Термизий Алқама розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Абдуллоҳ Ибн Масъуд мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми, деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади», дейилган.
Ўз-ўзидан маълумки, бунга ўхшаш кишиларни огоҳлантириб қўйиб, қилинган ишлар ўта аниқлик билан адо этилади. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ким эканликлари эса ҳаммамизга маълум. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг пайғамбарлик даврларида ҳар доим бирга юрган, улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийлар.
Худди шу маънодаги ҳадисни Имом Насаий ҳам ривоят қилганлар.
Учинчи далил:
Имом ат-Таҳовий ал-Асвад розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Умар Ибн Хаттобнинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаслигини кўрдим», дейилган.
Тўртинчи далил:
Имом Ибн Абу Шайба ал-Асвад розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Умар ибн Хаттобнинг орқасида намоз ўқидим. У ўз намозида бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Аш-Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқларни ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим», дейилган.
Бешинчи далил:
Имом ал-Байҳақий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарларнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни бошлашдаги қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармас эдилар», дейилган.
Олтинчи далил:
Имом ат-Таҳовий Абу Бакр Ибн Айёш розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим», дейилган.
Еттинчи далил:
Намоз ҳамманинг кўз ўнгида, ҳар куни беш марта адо этиладиган, эътиборли ва улкан ибодат. Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозларини йиллар давомида кўпчилик ўта диққат билан кузатиб, ўрганиб келган. Ана шундоқ нарсага тегишли, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариладими-йўқми, деган масалада ҳар хил гап айтилишининг ўзи бу иш ҳақида шубҳа туғдиради. Бу эса, Ҳанафийларнинг иши тўғри эканини кўрсатади.
Саккизинчи далил:
Ҳанафийлар рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш ҳақида келган ривоятлар кўплиги, саҳиҳлиги, баъзи гапларга қараганда саҳобаи киромларнинг элликталаридан ривоят қилинганлигини яхши биладилар. Аммо, шундоқ бўлса ҳам, насх ворид бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Чунки насх ривоятнинг кучли ва кучсизлигига ёки кўп ва озлигига қараб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Ҳадис ҳар қанча кучли бўлса ҳам оятнинг кучига ета олмайди. Шундоқ бўлса ҳам Қуръони Каримнинг баъзи оятлари мансух бўлгани маълум ва машҳур.
Тўққизинчи далил:
Ушбу муноқаша қилинаётган қўл кўтариш ҳақидаги масалада бир ақлий далил келтириш учун Ҳанафий мазҳаби уламолари вақтинча насх ҳақидаги даъволаридан кечадилар. Айтайлик, насх ворид бўлмади, дейдилар улар. Ундоқ пайтда умумий қоидага биноан бир ҳукм ҳақидаги ҳадислар қарама-қарши бўлиб қолса, саҳобалар нимага амал қилган бўлсалар, ўша олинади. Агар саҳобаларнинг амаллари ҳам қарама-қарши бўлиб қолса, қиёсга қайтилади. Ушбу масалада ҳам қиёсга қайтиладиган бўлса, аслида намозда сукунат, ортиқча ҳаракат қилмаслик таъкидланади. Намознинг ичида қўл кўтаришлик ортиқча ҳаракатдир. Такбири таҳримадаги қўл кўтариш намоз ичидаги эмас, унинг бошланишидаги кўтаришдир.
Шу ерга келганда, муҳтарам ўқувчидан далиллар келтиришга якун ясаш учун изн сўраймиз. Агар қолган далилларни ҳам келтирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетган гапни яна ҳам чўзиб юрмай, хулосага ўтиб қўяқолганимиз маъқулдир.
Хулоса
Кўриб турибмизки, барча фиқҳий масалалар, жумладан, омийн масаласи, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш каби масалаларда Ҳанафий мазҳабидагилар ҳадисга амал қилмайдилар, деган даъво, мутлақо ёлғон ва ботил даъводир. Аксинча, Ҳанафийлар ҳадисларни бош-қалардан кўра чуқурроқ ва аниқроқ ўрганиб, амал қилишларини ўзимиз илмий равишда ўрганиб чиқдик. Шу билан бирга Ҳанафийлар бошқа мазҳаб атбоъларига ўхшаб, ўзга мазҳабдагиларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиб келганлар.
Ҳозирги давримизда ҳам Шофеъий ва Ҳанбалийлар қўл кўтариб, Ҳанафий ва Моликийлар қўл кўтармай тинчгина намозларини ўқиб келишар эди. Ичимиздан бир неча оятни чала ёд олган ва уч-тўрт ҳадиснинг таржимасини ўрганиб олганларимиз чиқиб, мазҳаббоши мужтаҳидларимизга тош ота бошлашди. Мусулмонлар оммаси ўз ибо-датларини адо қилишда Қуръон ва Суннатга амал қилмас-ликда айбланди. Динга эндигина қайтаётган халқ оммаси ўртасида уламолар ичида қолиши лозим бўлган масалалар олиб чиқилиб турли ихтилофларга йўл очилди. Оқибатда мусулмонларга кўпгина кулфатлар етди.
Азиз дин қардошлар! Ўтган саҳифаларда ҳозирда ихтилофларга сабаб бўлаётган масалалардан иккитасини кўриб чиқдик. Аслида бундай масалалар анчагина бўлиб қолди. Янгилари ҳам пайдо бўлмоқда. Бу ҳолат яна ҳам авж олиб боравериши мумкин. Чунки ичимиздан, мазҳаб ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уни қўйиб Қуръон ва Суннатга амал қиламиз, деган даъво билан чиқаётганлар, аслида, Ҳанафий мазҳабини рад этиб, бошқа мазҳабга эргашмоқдалар. Улар баъзи масалаларни фақат ўша мазҳабда айтилгани ҳақ, ундан бошқаси ботил, деб ўйламоқдалар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар оммасини бидъатга берилганликда, Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда ва бошқа нарсаларда айбламоқдалар. Бу фикримизнинг тасдиғи учун биргина мисол келтирайлик.
Кейинги мавзулар:
Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш;
Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги тўғрисидаги замонавий ҳужжат ва фатволар;
Тўққизинчи қарор.