Рамазон ойи файзу футуҳ билан ўтмоқда. Юртдошларимиз ўзгача кайфият ва шукуҳ билан ушбу фарз амалини адо этишмоқда. Айниқса, бу йилги Рамазони шарифда мамлакатимиздаги 1370 дан ортиқ жоме масжидларида таровеҳ намозлари ўқилаётгани, Қуръони карим хат қилинаётгани барчамизнинг кўнглимизни шод қилмоқда.
Ўтган йили мўмин-мусулмонлар каронавирус пандемияси сабаб ҳайит намозларини жамоат бўлиб ўқий олмаган, хатми Қуръон фазлидан баҳраманд бўлолмаган эди. Бу гал эса Аллоҳ таолонинг инояти билан ана шундай бахтга сазовор бўлмоқдамиз.
Афсуски, коронавирус хасталиги ҳали-ҳамон бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Шунинг учун намозхонларимиз таровеҳ намозларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.
— Ҳар оқшом масжидга чиқиб, таровеҳ намозларини чиройли тарзда амалга оширмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг “Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек ота Отажонов — Ҳамма тиббий ниқобда, саломатлигимизга жиддий эътибор бермоқдамиз. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу билан бирга жаҳонга ташвиш солиб турган коронавирус касаллиги тезроқ бартараф бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо билан сўрамоқдамиз.
Юртимиз масжидларидаги қуръонхонликлар бутун дунё мусулмонларида ҳавас ва шодлик уйғотмоқда. Айниқса, хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошларимиз бу ҳақда илиқ фикрларини изҳор этишяпти.
— Ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Жанубий Кореянинг Пусон шаҳридаги Dong-A университети талабаси Олмосжон Қодиров. — Ҳамма юртдошларимга Рамазон ойи муборак бўлсин! Таровеҳ намозлари ҳамда хатми Қуръон савобларидан Ўзбекистонимиз тинч, осуда, янада равнақ топаверсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Рўзадорлар мазкур дамларни ғанимат билиб, муборак ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар қачонгиданда эзгу ва хайрли ишларга бош қўшмоқдалар. Хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашилмоқда, беморлар ҳолидан хабар олинаяпти.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган Рамазон ойида барчаларимизнинг дуоларимиз қабул, муродимиз ҳосил бўлсин!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”, дедиларда, қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: “Улар айтишди: “Бут-санамларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик” (Анбиё сураси, 60-оят).
Бошқа оятда бундай дейди: “... Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир” (Каҳф сураси, 13-оят).
“Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят).
Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютерхоналарда ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, дея бунга бепарво қарайдилар.
Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.
Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.
Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтиришлари лозим. Уламоларимиз айтадиларки: “Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди”.
Биз биламизки, илм Ислом динининг асоси бўлиб, бу дин инсониятни доимо илмга тарғиб қилиб келган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг, унга исмларнинг барчасини таълим берди.
Шу илм билан Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан устун тарафини намойиш этди. Қуръони Каримнинг аввалги нозил бўлган ояти ҳам «Ўқинг» деган сўз билан бошланган. Илм билан инсон юқори мартабаларга эришади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм эгаларини мақтаб шундай деган: «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9-оят).
Инсон икки нарса билан комилликка эришади.
1. Юксалиб борувчи мақсад ва интилиш.
2. Қалб кўзини очувчи ва уни тўғри йўлга бошловчи илм.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала, 11-оят).
Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар сафар шу оятни ўқисалар, «Эй, одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади», деб айтардилар.
Муоз ибн Жабал айтадилар: “Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади».
Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади», деганлар.
Абул Асвад айтадилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».
Фатҳ Мусалий: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» деб сўрадилар. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», дейишди. Айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй, Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), оятини бундай тафсир қиладилар: «Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир».
Бир донишманддан: «Қайси нарсаларни жамласам, яхши бўлади?» деб сўрашганида, «Кема ҳалокатга учраганда ўзинг билан қоладиган нарсани жамла», деб жавоб берди. Бу билан илмни назарда тутди.
Турли фитналар авж олган, тарафкашлик, фирқаларга бўлиниши кўпайган пайтда ёшлар ўз динларини, ақидаларини муҳофаза қилишлари лозим бўлади. Тобеъинлардан Анас ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ ёшларга бундай насиҳат қилардилар: “Эй ёшлар жамоаси! Аллоҳга тақво қилинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини кимдан таълим олаётганларизга эътиборли бўлинглар. Чунки бу ҳадислар сизларнинг динларингиздир!”.
Бу жуда ҳам аҳамиятли насиҳатдир. Динимни ўрганаман, илм оламан ёки ҳадис ўрганаман, деб ёшлар учун энг муҳим нарса – шаръий илмларни аввало илмда мустаҳкам бўлган, замонасининг уламолари эътироф этган уламолардан олиши зарур. Дуч келган инсондан илм олавермаслиги керак. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган бу мерос илмда собит бўлган уламолардан олинади.
Ибн Шавзаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир ўспирин йигитнинг суннат соҳиби бўлган кишини дўст тутиб, ундан илм олиши Аллоҳнинг неъматидир”, деганлар.
Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.
Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Уларни дин-диёнатда, одоб-ахлоқда, инсофу тавфиқда улғайишларини, илм-маърифатда аждодларига муносиб авлод бўлишларини насиб этсин!
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.