Ўзбекистон Саудия Арабистонига заъфарон савдосини йўлга қўяди. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов “Sunbula technologies Est.” компанияси раиси Убайдулла Сиддиқий билан учрашиб Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” компанияси томонидан етиштирилган заъфарон намуналарини тақдим этди. Бу маҳсулот Саудия Арабистони озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари агентлиги (SFDA) томонидан текширилади ва тегишли сифат сертификати олинади. Бу ҳамкорлик ҳақида Убайдулла Сиддиқий шундай фикр билдирган:
“Умид қиламизки, заъфарон - бу Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг бошланиши бўлади. Келажакда кенг турдаги маҳсулотлар импорт қилиш ниятидамиз. Саудия вакиллари ҳозир заъфаронни Марокаш, Испания, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистон каби давлатлардан олиб келмоқда. Шу маънода Ўзбекистонда етиштирилиши бошланган заъфаронга қизиқишимиз катта. Умид қиламизки, ўзбек заъфарони сифат жиҳатидан рақобатбардош ва Саудия бозорида ўз ўрнига эга бўлади” - деб таъкидлаган компания раиси.
Шунингдек, Убайдулла Сиддиқий Ўзбекистондан табиий асал ва тоғ ўсимлик гиёҳларидан тайёрланган маҳсулотларни ҳам импорт қилиш имкониятини ўрганмоқчилигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонида шифобахш экологик тоза маҳсулотларга талаб юқори.
Бу учрашувда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи транспорт коридори яратиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Бу каби қулай транспорт йўлагининг имкон қадар тез муддатларда қурилиши минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларига ижобий таъсир кўрсатади. Шу ўринда суҳбатдош мазкур янги транспорт йўлаги барпо этилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмасини ҳам сезиларли ошишига олиб келади, деб умид билдирди.
Бу учрашув натижасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида савдо – сотиқ алоқалари янада ривожланиши икки давлат халқлари учун бирдек фойдалидир.
azon.uz
#Хайрия_карвони
Бу йилги муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин, кўплаб хурсандчиликлар олиб келаётган мўътабар айёмга айланмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Вақф" хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган хайрия тадбирлари давомида рамазон туҳфаларидан ҳар йилгидан кўра кўпроқ аҳоли қатлами баҳраманд бўлишяпти.
"Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи" шиори остида ташкил этилаётган тадбирларда масъуллар эътиборидан нафақат давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар, балки "маҳалла еттилиги" томонидан эҳтиёжманд деб топилган минглаб оилалар ҳам четда қолмаяпти.
Муқаддас ойнинг ўтган тўрт куни давомида "Вақф" хайрия жамаот фонди ва унинг ҳудудлардаги филиаллари томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ҳар жиҳатдан ёрдам бериш борасида кўплаб хайрия тадбирлари ташкил этилди.
Хусусан, фонднинг Андижон вилояти филиали томонидан шу кунгача ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор, боқувчиси вафот этган, эҳтиёжманд деб топилган 260 та оилага ҳомийларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Фонднинг Тошкент вилояти филиали томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 230 нафар аҳолининг кам таъминланган қатлами учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Фонднинг Бухоро ва Самарқанд вилоятлари филиаллари томонидан ҳомийлар кўмагида вилоятнинг чекка туманларида яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бор оилаларга озиқ овқат ва кийим-кечаклар эҳсон қилинди.
Ана шундай хайрия тадбирлари фонднинг барча филиалларида изчилликда ўтказилмоқда.
Vaqf.uz